Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 21 / Ахборот-коммуникация технологиялари

Солиқ тизими: интерактив хизматлар самараси

Ҳаётимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни ортиб бораётгани зарур ахборотлардан тезкор хабардор бўлиш, турли интерактив хизматлардан фойдаланиш имконини бермоқда.

 

Айтайлик, сиз бирор ташкилот раҳ­бари билан учрашмоқчисиз. Бунинг учун энди унинг қабулхонасига бориб кутишингиз шарт эмас. Бунда жонингизга «Электрон қабулхона» ора киради. Масалан, солиққа оид тушунмовчиликка дуч келсангиз, аввало, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти – www.soliq.uz орқали интерфаол хизматлардан фойдаланиб, соҳага оид ҳар қандай саволга жавоб топишингиз мумкин. Мабодо жавоб тополмасангиз, ушбу сайтдаги «Элект­рон қабулхона»га киринг. Тизимга зарур маълумотларни киритсангиз, сиз учун «Фуқаролар мурожаатларини қайд этиш карточкаси» очилади. Шунга асосан аниқ вақтда сиз учун тегишли мансабдор шахс билан учрашув ташкил этилади. Бу ортиқча вақт, харажатни тежаш, оворагарчиликнинг олдини олиш имконини беради.

Ушбу йўналишда солиқ органларида амалга оширилаётган ишлар, тадбиркорлик субъектларига яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати бошлиғи Музаффар НАЗАРОВ билан суҳбатлашди.

– Солиқ тизимининг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланаётгани замонавий ва илғор компьютер технологияларидан унумли фойдаланиш имконини бермоқда, – дейди М.Назаров. – Корпоратив тармоқнинг модернизация қилингани, оптик толали алоқа канали жорий этилгани маълумотлар узатиш тезлигини олти юз баробар ошириш имконини берди.

Бунда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қа­бул қилинган «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2012 йил 30 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлаётир.

Солиқ тизимида ахборот-комму­никация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича Ахборот-таҳлил бош бошқармаси таркибида Техник бошқарма ва Янги технологиялар илмий-ахборот маркази ташкил этилган. Улар юқори малакали кадрлар билан таъминланган. Дастурий маҳсулотлар ва интерактив хизматлар бўйича регламент тасдиқланган бўлиб, ушбу хизматларни кўрсатишни ташкиллаштириш бўйича масъул тузилма ва ходимлар бириктирилган, уларнинг жавобгарлиги ҳам белгиланган.

Қўмитанинг марказий аппарати ҳамда тизимдаги барча ҳудудий со­лиқ органлари локал ва корпоратив тармоққа ҳамда интернет, электрон ҳужжат айланиши тизимига уланган.

Бундай имкониятлар давлат солиқ хизмати органларининг ўзаро алоқалари самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнларини автоматлаштиришга шароит яратди. Энг муҳими, бу вақт ва моддий ресурсларни тежаш билан бирга, солиқ соҳасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар ижроси самарадорлигини ошириш, солиқ сиёсатини янада либераллаштиришга йўл очмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Давлат солиқ қўмитаси ахборот базаси ягона интерактив давлат хизматлари порталига улангани натижасида интерактив хизмат кўрсатиш тезлиги ва сифати янада ошди.

– Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиш мақсадида қандай чора-тадбирлар амалга оши­рилмоқда?

– Давлат солиқ хизмати органларида солиқ маъмурчилигини амалга ошириш, жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўза­ро муносабатларда инсон аралашуви омили ва салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида 30 ахборот тизими ва 33 турдаги интерактив хизмат жорий этилган.

Яратилган ахборот тизимлари солиқ маъмурчилигини автоматлаштиришга хизмат қилса, жорий этилган интерактив хизматлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига масофадан туриб маълумотлар тақдим этишга, ҳисоботларни ҳамда мурожаатларни қабул қилишга имкон яратаётир. Аҳамиятлиси, шу орқали бу жараёнларга давлат солиқ органлари ходимлари аралашуви чекланмоқда.

Хусусан, юридик ва жисмоний шахс­ларга инкассо топшириқномасини қўйиш муддати электрон тарзда, яъни ахборот тизими орқали уч иш кунидан ўн дақиқагача қисқарди.

– Интерактив хизматлардан юртдошларимиз, айниқса, тадбиркорларнинг фойдаланиши самарадорлиги ҳақида нима дея оласиз?

– Шуни айтиб ўтиш керакки, яратилган интерактив хизматларнинг 12 таси электрон шаклдаги маълумотларни тўлиқ айирбошлашни амалга оширса, 13 таси икки томонлама ахборот айирбошлашни, 8 таси эса бир томонлама ўзаро ҳамкорлик шаклида тақдим этилади. Янги хизматларни жорий этиш устида ҳам мунтазам иш олиб борилмоқда.

2013 йилда «Якка тартибдаги тадбиркорлардан ҳисоботларни электрон шаклда қабул қилиш ва қайта ишлаш», «Солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида электрон ариза орқали маълумотномалар бериш» ва «Ўз бизнесингни ярат» каби интерактив хизматлар жорий этилди. Бу хизматлардан аҳоли ва тадбиркорлар бугунги кунда кенг фойдаланаётгани кузатилмоқда. Ўтган йил якунига кўра солиқ тўловчиларнинг 91 фоизи солиқ ҳисоботларини электрон кўринишда тақдим этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича бу кўрсаткич 97 фоизга етди.

Қўмита томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар натижасида қоғоз, транспорт ва почта харажатлари камайиши ҳисобига солиқ тўловчиларнинг 2013 йил давомида 12,9 миллиард сўм, 2014 йил бошидан буён эса 4,9 миллиард сўм маблағи тежалди. Шу жумладан, ўтган йилда 248,7 тонна, жорий йил бошидан бери 104,7 тонна қоғоз иқтисод қилинди.

– Тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишида интерактив хизматларнинг аҳамияти ҳамда электрон ҳисобот топширишни такомиллаштириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида тўхталсангиз.

– Дарҳақиқат, интерактив хизматлар туфайли тадбиркорлик субъектлари фао­лиятининг эркинлиги тўла таъминланаётир. Чунки бугунги тадбиркор интернет орқали хўжалик юритувчи субъектлар фао­лиятини текшириш режа-жадвалини кузатиб бориб, корхонасида қачон ва ким томонидан текшириш ўтказилишини аниқ билади.

Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақ­садида солиқ ва молиявий ҳисобот­ларни электрон кўринишда тақдим этиш хизмати йўлга қўйилган. Бунинг учун қўмита сайтида меъёрий ҳужжатлар ва «Электрон ҳисобот» йўриқномаси, «Электрон рақамли имзога эга бўлиш» тартиби жойлаштирилган.

Ҳисоботларнинг электрон алоқа тар­моқлари орқали топширилишида ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун электрон рақамли имзонинг мавжудлиги талаб этилади. Чунки электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат имзоланган расмий ҳужжат мақомига тенглаштирилган. 2012 йил 1 августдан бошлаб электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калити сертификатини бериш бўйича хизматлар ҳақи миқдори энг кам иш ҳақининг 20 фоизидан 10 фоизига пасайтирилгани тадбиркорлар учун яратилган яна бир қулайлик бўлди.

Электрон рақамли имзога эга солиқ тўловчилар учун тўлов топшириқнома­ларини шакллантириш ҳамда «Контрагент ҳақидаги маълумот» интерактив хизмати мавжуд. Шу орқали солиқ тўловчи ўзи ҳақидаги маълумотларни бошқа юридик шахс, яъни контрагентга фойдаланиш учун тақдим этиш хизмати амалиётга жорий этилди. Бу солиқ тўловчиларнинг молиявий-хўжалик фаолияти очиқлигини таъминлашга, ўз навбатида ишбилармонлик муҳити яхшиланишига, бизнес субъектларининг янада эркин фаолият юритишига хизмат қилади.

2014 йилнинг охирига қадар барча тадбиркорлик субъектлари статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўлиқ ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун корхона ва ташкилот раҳбарлари, ҳисобчиларнинг назарий ва амалий билимларини ошириш учун солиқ инспекцияларида ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 59 минг корхонанинг масъул мансабдор шахслари марказларда ташкил этилган ўқув-семинарларида иштирок этди. Ҳисоботларни электрон кўринишда тақдим этиш имконияти бўлмаган тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи икки юз олтмишдан ортиқ ахборот-ресурс шохобчаси ташкил этилди.

Яратилаётган бундай кенг имкониятлар туфайли солиққа оид сайтдан фойдаланувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўтган йили 28 миллиондан, жорий йилнинг ўтган даврида эса 13 миллиондан ортиқ мурожаат қайд этилгани бунинг яққол тасдиғидир.

ЎзА мухбири
Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди.

Прочитано: 2953 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика