Нима учун баъзан боланинг қасддан қилмаган қилмиши ёки катта кишининг аҳмоқона қилиғи учун жиноий жазога қадар жуда қаттиқ жазо тайинланишини тушунтириб берсангиз.
Т.Бўронов,
пенсионер, «Учтепа» маҳалла фаоли.
Фарғона вилояти.
– Ўзимнинг адвокатлик тажрибамдан мисоллар келтираман.
Бир неча йил олдин мактабларнинг бирида Н. деган ўқувчи бола М. деган ўқувчи қиз билан жанжаллашиб қолди, иккови ҳам 14 ёшда эди. М. ручкасини Н.га қараб отди, у боланинг кўзига кириб кетди.
Суд-тиббий экспертиза оғир тан жароҳати етказилганлигини аниқлади, бунинг оқибатида боланинг кўзи деярли кўрмай қолган эди. Жабрланувчи операция қилинди, бироқ даволанишига қарамай, уни ногирон деб топишди.
М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди, унга кўра туман суди М.ни Жиноят кодекси (бундан кейин – ЖК) 104-моддаси иккинчи қисмининг «е»-бандига кўра жиноят содир этиш – безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбдор деб топди ва унга синов муддати билан 2 йил шартли озодликдан маҳрум этиш тарзида жазо тайинланди*.
Баъзилар 16 ёшга тўлмаган вояга етмаган шахслар жиноий жавобгарликка тортилмайди деб ҳисоблайди. Аслида бундай эмас. 14 ёшга тўлганда қотиллик, қасддан оғир ёки ўртача оғир тан жароҳатлари етказиш, қароқчилик, талон-торож қилиш, ўғирлик ва бошқа шу каби жиноятлар учун жавобгарлик бошланади.
Ўқувчилар билан бўлган ҳодисада кўплар М. синфдоши Н.га оғир тан жароҳати етказмоқчи эмас эди, шу боис унинг қилмишини қасддан қилинган деб бўлмайди деб ўйлашлари мумкин. Бироқ соғлиққа зарар етказилганлиги яққол кўринади, фарқ шундаки, ЖК тўғри ёки эгри қасддан содир этилган қилмишларни ажратади.
Биринчи ҳолатда жиноятчи ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришини истаган бўлади.
Иккинчи ҳолатда шахс ўз қилмишининг оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай жиноят эгри қасддан содир этилган деб топилади.
Бироқ иккала ҳолда ҳам жиноят қасддан содир этилган бўлади.
Қасддан қилинган жиноятдан фарқли равишда эҳтиётсизлик оқибатида қилинган жиноят ўзига ортиқча бино қўйиш ёки пала-партишлик туфайли содир этилади.
Ўзига ортиқча бино қўйиш ҳолларида жиноятчи ўз хатти-ҳаракатининг нохуш оқибатлари юз бериши мумкинлигини олдиндан билади. Бироқ онгли равишда эҳтиёткорлик чораларига риоя этмаган, асоссиз равишда бундай оқибатлар юз бермайди деб ўйлаган бўлади.
К. автомашинада ўзининг қариндоши Ж. билан кетаётган эди. Қаршисидан автобус келарди. К. четга бурилиши керак эди, у автобус етиб келишигача бунга улгураман деб ўйлади. Айланаётганда машинанинг двигатели ўчиб қолди ва у автобус йўлида тўхтади, автобус ҳайдовчиси тормозни босишга улгурмади. Автобус куч билан автомобилга урилди, бунинг натижасида Ж. оғир тан жароҳати олди. Шу тарзда К. ЖКнинг 266-моддасида назарда тутилган «Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилиши» жиноятини содир этди. Унинг айби жиноятга олиб келувчи ўзига ортиқча бино қўйишдан иборат эди. У йўлда ҳаракатланиш қоидаларини бузиш тўқнашувга олиб келиши мумкинлигини биларди, бироқ эсон-омон ўтиб оламан деб ҳисоблади. Бироқ К.нинг мўлжали двигателнинг бузилиши туфайли асоссиз бўлиб чиқди.
Ўз ҳаракатлари натижасида зарар етказишини фараз қилмайдиган, бироқ буни олдиндан билиши керак ва мумкин бўлган шахслар эътиборсизликда айбланади.
Б. ва В. уришиб қолишди. Уриш вақтида Б. В.га зарб берди, натижада В. бели билан ерга ағдарилди, энсаси асфальтга урилди ва ҳушини йўқотди. Кейинги куни у вафот этди. Ўзини айбдор деб тан олиб, Б. унга оғир тан жароҳати етказишни хоҳламаганлигини айтди. Судланувчининг ушбу важларини иш материаллари, шу жумладан гувоҳларнинг кўрсатувлари тасдиқларди. Зарб натижасида жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилган, ўлимга олиб келган бошга етказилган оғир тан жароҳати асфальтга урилганда олинган.
Шу тариқа, фуқаро Б. эҳтиётсизлик билан қотиллик содир этган.
Фуқаро В.га зарба етказаркан, у ўлимга олиб келиши мумкин бўлган оғир оқибатлар юзага келиши мумкинлигини олдиндан билиши керак ва мумкин эди.
Олий Суд Пленумининг «Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги Қарорига (27.06.2007 йилдаги 6-сон) кўра агар айбдор қўллаган зўрлик жабрланувчини дўппослаш, унинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказишга сабаб бўлса, жабрланувчи баданига оғир шикаст (ёки жабрланувчининг ўлими) айбдорнинг айби билан қамраб олинмаган ҳолатлар бўйича (масалан, зарбадан сўнг йиқилиш натижасида) келиб чиққан бўлса, айбдор оқибатига кўзи етмаган, бироқ кўзи етиши шарт ва мумкин бўлган ёхуд кўзи етса-да, етарли асосларсиз унинг олдини олишни мўлжаллаб қилган ҳаракатлари натижасида келиб чиққан оқибатлар ЖКнинг 111–«Эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш» моддаси ёки 102-«Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш» моддаси билан квалификация қилинади.
Фикримча, одам 14 ёшдан ўз ҳаракатларини англай олиши, уларнинг оқибатларини баҳолаши мумкинлигини эслатиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Кўриб турибмизки, ўзига ортиқча бино қўйиш, пала-партишлик ёки эҳтиётсизлик туфайли анча жиддий жазо олиш мумкин.
*Агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин. Бундай ҳолда суд, башарти, белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради. Синов муддати 1 йилдан 3 йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Башарти, шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарор юқори суд томонидан чиқарилган тақдирда ҳам, синов муддатини ҳисоблаш шу кундан бошланади (ЖКнинг 72-моддаси).
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.