Республикамизда тамаки маҳсулотларига акциз маркаларини қўллаш шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек, акциз солиғини тўлиқ йиғиб олиш, мазкур товарларнинг яширин тарзда ишлаб чиқарилиши ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда 1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Шунга қарамасдан, тамаки маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб киришга бўлган уринишлар учраб турибди.
Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари Москвадан учиб келган хорижлик Л.Саргисяннинг қўл юклари орасида 260 қути турли хил сигареталарнинг яширин равишда олиб кирилишининг олдини олишди.
«Шаржа-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган пойтахтлик А.И. ҳам «кашанда» чиқиб қолди. Қарангки, у қиймати 3,5 млн сўмдан ортиқ бўлган 800 қути «Parliament» сигареталарини божхона баённомасида қайд этишни «унутиб қўйибди».
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари ҳам бир нечта қонунбузарлик ҳолатларида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига нуқта қўйишди. «Москва-Тошкент» йўналишидаги поезд вагонларидан бири амалдаги тартибларга мувофиқ божхона назоратидан ўтказилганда, Р.М.нинг ноқонуний равишда олиб киришга уринган қиймати 63 млн сўмдан ортиқ бўлган 14 турдаги товар-моддий бойликлари орасида 1 330 қути тамаки маҳсулотлари ҳам борлиги аниқланди. Мазкур сигареталарнинг умумий қиймати салкам 11 млн сўмни ташкил қилар экан.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, акциз маркасиз ёхуд бошқа давлатларнинг акциз ёрлиғига эга бўлган тамаки маҳсулотларининг юртимизга ноқонуний олиб кирилишига уринишлар кўпроқ қўшни Қирғизистонга туташ чегарадош ҳудудларда кузатилмоқда. «Келгинди» тамаки маҳсулотларининг ўзбек тилида маркаланмагани етмагандек, уларнинг қадоғида тамакининг саломатликка зиёни ҳақида огоҳлантирувчи давлат тилидаги эслатмалар ҳам мавжуд эмас.
Жумладан, Андижон вилояти Пахтаобод туманининг қўшни давлатга чегарадош ҳудудида 7 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Қонунбузарларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари кузатувига тушганини сезиб қолгач ташлаб қочишга мажбур бўлган юклари ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда улар қиймати 27 млн сўмдан ортиқ бўлган салкам 11,5 минг қути тамаки маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб киришга уринишгани маълум бўлди.
2013 йил давомида республикамиз божхоначиларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борган чора-тадбирлари натижасида аниқланган 318 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати салкам 511 млн сўмлик 209 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
ДБҚ Матбуот хизмати катта инспектори.