Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмасида бухгалтерия ҳисоби, аудит ва молиявий менежмент бўйича 12 нафар мутахассисга Британия сертификатланган молия менежерлари институтининг (BICFM) «Профессионал молиявий менежер» сертификатлари топширилди.
Британия сертификатланган молия менежерлари институти – молия ва бошқарув соҳасидаги мутахассисларнинг профессионал ташкилоти Сертификатланган бухгалтерлар институти ва Тижорат институтининг ташаббуси билан тузилган бўлиб, Европа бухгалтерлар уюшмаси (EMAA), Халқаро бухгалтерия таълими ва тадқиқотлари уюшмаси (IAAER), Дипломли бухгалтерлар жамоат уюшмаси (CPAA), Европа бухгалтерлар федерацияси (EFoB), Халқаро бухгалтерлар федерацияси (FoB) сингари ва бошқа нуфузли ташкилотлар томонидан эътироф этилган. BICFM дунёнинг 70 мамлакатида, шу жумладан Ўзбекистонда молиявий менежмент соҳаси профессионалларига сертификатлаштириш ва аъзоликни таклиф этади. Унинг сертификатлаштириш ва ўқитиш дастурлари Европа мутахассисларининг илғор тажрибаси асосида ишлаб чиқилган.
Бугунги кунгача «Профессионал молиявий менежер» сертификатлари ўзбекистонлик 22 нафар мутахассисга берилган. Шуниси ибратлики, «Профессионал молиявий менежер» унвонини олиш мақсадида имтиҳонларни топширишда САР/CIPA даражасидаги сертификатларни олиш учун имтиҳон якунлари ҳисобга олинади.
ЎзБАМУдаги учрашувда ушбу сертификатларни CIPA сертификатлари эгалари – Е.В.Левашчева, Ш.М.Назаров, У.З.Раҳматов, У.Т.Файзиева, У.Р.Шокаримовалар; «Молиявий ҳисоб-2» ва «Молиявий менежмент» фанлари бўйича имтиҳонларни топширган САР сертификатлари эгалари – Л.С.Асанов, Э.А.Беглова, Ф.В.Бердиев, Н.Б.Казакова, Б.Х.Мирзаев, О.Ю.Фоменко, Е.С.Цай олишди.
«Сертификатланган молиявий менежер» иккинчи даражали сертификатини олиш учун «Профессионал молиявий менежер» сертификати эгалари «Инвестицияларни бошқариш» фани бўйича имтиҳон топширишлари лозим.
Ўз ахборотимиз.