Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 4 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Ишдан бўшатиш масъулияти

Бош бухгалтернинг ишдан бўшаб кетиши директор алмашинуви билан тенг ҳисоб. Шундай бўлиши табиий. Зотан у компанияда раҳбардан кейинги иккинчи шахсдир. Шу сабабли ҳам бош бухгалтер билан боғлиқ меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши талайгина ўзига хос хусусиятларга эга, бир қанча нозик жиҳатлари ҳам бор. Тажрибали бош бухгалтер Галина Иштаева билан мухбиримизнинг қуйидаги суҳбати ишдан қай йўсинда тўғриликча бўшаш ҳақида, шу аснода содир этилиши мумкин бўлган, кейинчалик ачиниб юриладиган хатоликлардан холи бўлиш тўғрисида борди.

 

– Бухгалтернинг иш жойини тез-тез ўзгартириши тўғримикан?

– Бошқа ҳар қандай ходим сингари бухгалтер ҳам истаган вақтида ишдан бўшаб кетиши мумкин. Аммо меҳнат дафтарчангизни иш жойларининг узундан узоқ силсиласи билан «бежалиши»ни тавсия қилмаган бўлар эдим. Негаки бундан обрў-эътиборингизга путур етиши мумкин. Иш жойи тез-тез ўзгартирилганидан далолат берувчи ёзувлар қайси иш берувчига ёқарди дейсиз?! Яна бир номатлуб томони шундаки, иш жойи бу йўсин ўзгартирилаверишида тузукроқ тажриба тўплаб бўлмайди, бухгалтерия ҳисоби бўйича кўникма орттирилиши ҳам даргумон.

Агар ишдан бўшаш учун жиддий сабабларингиз бўлса, масалага астойдил, ҳар тарафлама мулоҳаза қилган ҳолда ёндашмоқ лозим.

– Дарвоқе, бухгалтерлар кўпроқ қандай сабабларга кўра ишдан бўшаб кетадилар?

– Сабаблари фақат бухгалтерияга хос дейиш қийин. Негаки улар бошқа ҳар қандай мутахассис иш жойини ўзгартириши сабабларига жуда-жуда ўхшашдир.

Иш ҳажмининг кўплиги. Одатда бух­галтер бир ўзи ишлайди. Шу сабабли ҳисоботлар топшириладиган, солиққа оид ва бошқа текширувлар ўтказиладиган пайтларда иш вақтидан ташқари ишлайди. Баъзи бошлиқлар ёрдамчи ёки иккинчи бухгалтерни ёллаш у ёқда турсин, бухгалтерия ҳисоби бўйича ана шу ягона мутахассис зиммасига ходимлар билан ишлаш бўлими ишларини, офис менежери вазифасини ва бошқа талайгина ишларни ҳам юклаб қўяди. Буларнинг ҳаммаси ортиқча зўриқиш ва чарчоққа сабаб бўлади, мутахассиснинг кайфияти бузилади, кўнгли оғрийди ва ишдан бўшаш ҳаракатига тушиб қолади.

Маоши пастлиги. Бухгалтерни олаётган маоши қониқтирмаётган бўлса, унга бошқа жойдан тузукроқ маош таклиф қилишса, дарҳол ўша ишга ўтишга кўна қолади.

Жавобгарлик ҳаддан зиёд эканлиги. Бухгалтер таҳдид-таваккалчиликлар ҳаддан зиёд эканлиги (бухгалтерия ҳисобида шундай бўлиши муқаррар) ­боис ишга рағбати бўлмай, иш жойинигина эмас, касбини ҳам ўзгартириб қўя қолади. Аммо таҳлика ва хавф-хатар раҳбарнинг қалтис ишлари билан боғлиқ бўлса, бундай ҳолларда қонунга итоаткор иш берувчини излаган маъқул.

Хатолар кўп содир этилганлиги ҳам­да уларни бартараф этишга хоҳиш йўқ­лиги ёки бунинг иложсизлиги. Бундай ҳолларда ўз хоҳиши билан эмас, балки раҳбарнинг ташаббуси билан ишдан бўшаш мумкин. Лекин бу нарса жавобгарликдан холи этмайди.

Раҳбар билан низога бориш. Бунинг сабаблари касб фаолияти билан ҳам, ўзаро муносабатлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Бўлимда ихтилофга бориш. Бунда вазият юқорида қайд этиб ўтилганига ўхшаш, бироқ низо ва келишмовчилик қўл остидагилар билан ўзаро муносабатлар туфайли келиб чиққан бўлади. Агар шундай сабаб билан илгари ҳам иш жо­йини ўзгартирган бўлсангиз, бунга ўзим сабабчи эмасмиканман деб ўйлаб кўриш фойдадан холи бўлмайди.

Ходимни иш жойини ўзгартиришга ёки умуман ишнинг баҳридан ўтишга мажбур этувчи форс-мажор ҳолатлар, шу жумладан оилавий ҳолатлар. Бунга бошқа шаҳарга кўчиб кетиш, болали, неварали бўлиш, бемор яқинларнинг парвариши билан банд бўлиш, пенсияга чиқиш сингарилар киради. Ишлаб турган компаниянгиз банкрот бўлганлигини ёки ихтиё­рий равишда тугатилганлигини ҳам шулар сирасига киритиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси узрли сабаб саналади ва одатда кейинги иш жойингизда иш берувчи тирғалишига сабаб бўлмайди, кейинги иш жараёнига таъсир этмайди ҳам.

– Бош бухгалтер ишдан бўшагунга қадар нималар қилиши лозим?

– Ишдан бўшаб кетишдан олдин аудиторлик текшируви ўтказишдан яхши йўл йўқ. Шу аснода аниқланган, қачонлардир бухгалтерия ҳисобида ўзингиз йўл қўйган хатоларни тузатиб оласиз-да бухгалтерияга оид барча ҳужжатларни ворисингизга бе­малол топширасиз. Айни бир вақтда мендан олдинги бош бухгалтер ундай қилган эди, бундай қилган эди, «шалтоғи»ни нақ ярим йил тозаладим деган таъналарга ўрин қолдирмайсиз.

Мабодо иш берувчи ўзи учун ҳам керак бўлган аудит ўтказилишини (харажатдан қочиб) истамаса, ўзингиз ҳужжатларни инвентаризациядан, кассани тафтишдан ўтказинг. Бу билан ишлаган даврингиз учун жавобгарликни тўла таъминлаган бўласиз, бинобарин бош бухгалтер ишдан бўшаб кетганидан кейин ҳам фаолият кўрсатган даври учун жавобгар бўлиб қолаверади.

Бўшайдиган кунингизни аниқ белгилаб олинг. Ана шу кунга қадар ишларни қабул қилиб олиш-топшириш далолатномасини уч нусхада тузинг. Улардан бири раҳбарга, иккинчиси ишни қабул қилиб олаётган ходимга берилади. Бир нусхаси ўзингизда қолади. Бош бухгалтер ўзи масъул бўлган ҳужжатларни, хусусан бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳужжатларини; бухгалтерия ва молия ҳисоботи ҳисоботларини; ташкилотнинг ҳисоб сиёсатига оид ҳуж­жатларни; солиқлар, йиғимлар ва бюджетга тўланадиган бошқа мажбурий тў­ловларни ҳисоблаб ёзиш ва тўлашга оид ҳужжатларни топширмоғи керак. Худди шунингдек қатъий ҳисобот бланкаларини, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби регистрларини, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва шу сингари ҳужжатларни ҳам топширмоғи шарт. Далолатномада бундай ҳужжатларда аниқланган қоидабузарликлар ҳам, ишни расмийлаштиришга оид мулоҳазалар, мабодо бирон ҳужжат йўқолган бўлса, шу хусусдаги ахборот ҳам акс эттирилмоғи лозим.

Борди-ю, фирмада бухгалтерия хизмати фаолият кўрсатиб турган бўлса, ишдан бўшаб кетаётган бош бухгалтер ишларни ўринбосарига, ёрдамчисига, оддий бухгалтерга топшириши мумкин. Бош бухгалтер бўшаб кетгунига қадар ишга янги одамни қабул қилиш ёки унинг ўрнига ўтаётган одамни ўринбосар этиб тайинлаш маъқул деб қаралади. Бу ҳол ишдан бўшаётган ходим ишларни янги ходимга хотиржамлик билан топширишига имкон беради. Ке­йинчалик янги ходим бош бухгалтер лавозимига ўтказилиши мумкин.

Айтмоқчи, раҳбарнинг ўзи ҳам ҳуж­жатларни қабул қилиб олишга ва далолатномани имзолашга ҳақли. Зотан «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига биноан бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботни ташкил этишни корхона, муассаса ва ташкилот раҳбари амалга оширади.

Ана шу тартиб-таомилларнинг ҳаммаси амалга оширилгач, ишдан бўшаш ҳақидаги буйруқни имзолаш мумкин, бўшаётган ходим эса ҳисоб-китобини ва меҳнат дафтарчасини олиши мумкин.

– Ишдан бўшаётганда низо ва келишмовчиликлар ҳам бўлиб турадими? Уларни қай йўсинда ҳал қилиш ёки бартараф этиш мумкин?

– Таассуфки, ҳамма бухгалтерлар ҳам тинчгина ишдан бўшаб кетади деб бўлмайди. Баъзан дилни хира қиладиган, ишдан бўшашга монелик қиладиган вазият­лар ҳам чиқиб қолади. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилиш зарур. Ана шу қонун ҳужжатлари ходимларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этади. Энди бир неча вазиятни кўриб чиқайлик.

1-вазият. Тошкентдаги компанияларнинг бирида бош бухгалтер бўлиб ишлаётган Умида Х. ишдан бўшашга аҳд қилди. Раҳбари тажрибали мутахассисни бўшатиб юборгиси келмади. Аризага имзо қўймаслик учун бошлиқ ишда қорасини кўрсатмади: аввалига хизмат сафарига жўнаб кетди, кейин «касал бўлиб қолди». Бундай ҳолларда аризани икки нусхада ёзиш тавсия этилади. Улардан бирини девонхонага ёки котибага топшириш, биринчи нусхаси қабул қилиб олинганлиги тўғрисида имзо қўйилган иккинчи нусхани эса ўзида сақлаш лозим. Аризани топширилганлиги ҳақида хабардор этиладиган тарзда почта орқали жўнатса ҳам бўлади.

Ана шунда 12 иш куни ўтгач, ишга чиқмаслигингиз мумкин. Агар сиз билан ҳисоб-китоб қилмаётган ва меҳнат дафтарчангизни бермаётган бўлишса, меҳнат бўйича инспекцияга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилинг. Шундай ҳолларда иш берувчи мажбурий прогул кунлари учун ҳам сизга ҳақ тўлайди.

Умида Х. аризасини котибага қолдирар экан, аризанинг ўзидаги нусхасига ариза қабул қилиб олинган сана ва қайд этилган тартиб рақамини қўйдирган. Раҳбар уни ишда олиб қолиш иложсизлигини кўргач, барча керакли ҳужжатларга имзо чеккан.

2-вазият. Бошқа шаҳарга кўчиб кетаёт­ган бош бухгалтер Александр Д. меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза топширган. Раҳбар агар у ишларни далолатномасиз топширадиган бўлса, икки ҳафта ишлаб бериш шартисиз ҳам бўшатишга рози эканлигини айтган. Бош бухгалтер бунга кўнмаган, ўртада низо келиб чиққан. Ҳужжатларни қабул қилиб олиш-топшириш ва далолатномани имзолаш иши деярли бир ойга чўзилган.

Бу вазиятда мутахассис ишларни топширмасдан кетиши ҳам мумкин эди. Лекин бу ҳол содир этмаган қоидабузарликларни унинг ҳисобига ўтказиб юбориш эҳтимо­лини оширган бўлар эди. Ишдан бўшаш вақтида бухгалтерия ҳисоби ҳолати ёзма равишда қайд этилмаган бўлса, унга айбсизлигини исботлаб бериш осон бўлмасди. Александр Д. бошлиқни ишдан бўшаш талаб даражасида расмийлаштирилиши ҳар иккала тараф учун муҳим эканлигига ишонтира билди. Шу зайил келишмовчилик барҳам топди.

3-вазият. Солиқ текширувидан кейин раҳбар бош бухгалтер Холида Р.ни назоратчилар аниқлаган хатоликларни содир этишда айблаб, ишдан бўшатмоқчи бўлди. Пенсия ёшига яқинлашиб қолган тажрибали бухгалтер ишдан кетишни хоҳламади ва ўз жойи учун курашишга бел боғлади. У солиқ инспекцияси қарорини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, баъзи хулосаларга қўшилмади, важ ва эътирозларини баён этди. Бош бухгалтер билимдон ҳуқуқшуносни ёллаб, ишни судга олиб боришга ҳам тайёр эди. Бундан ташқари, у директорга солиқ солиш борасидаги баъзи хатоликлар бош бухгалтернинг айтганларига қулоқ солмай, ўзиникини маъқул қилиб олганлиги оқибатида йўл қўйилганлигини ҳам эслатди. Раҳбар бу гапни бефарқ қолдирмади, айб фақат Холида Р.нинг ўзидагина эмаслигини тушуниб етди. Хуллас, бухгалтер ўз иш жо­йида қолди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам раҳбар билан умумий тил топиш, унга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилиш муҳимдир. Негаки, ишдан кетиш билан сиз уни анчагина мураккаб вазиятга солмоқдасиз. Қолаверса, яхшиликча ишдан бўшаш орқали ҳам хавфсизлигингизни таъмин­лайсиз, ҳам яхши номингизни сақлаб қоласиз. Кўпчилик чораклик ва йиллик ҳисоботлар топшириладиган пайтларда ёки текширув бўлиши арафасида ишдан бўшашни тавсия этмайди.

Табиийки, масалани кўндалангига ҳал этишдан олдин ҳамма яхши ва ёмон томонларини бир-бир ўйлаб кўришдан эринманг. Ёдингизда бўлсин: директорнинг ҳамиша қош-қовоғини уйиб юриши ишдан бўшашга арзирли сабаб эмас.

Баъзи ҳамкасбларим шундай йўл билан моддий аҳволларини яхшила­моқчи бўладилар. Улар ишдан бўшаш тўғрисида ариза берса, ишхона раҳбари маошларини ошириб берар экан. Бироқ шундай ҳоллар ҳам учрайдики, уларнинг бундай «ҳунари» ўтмайди ва меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик олганларини билмай ҳам қоладилар. Бухгалтер ишдан бўшаш ниятида бўлса, иш берувчини меҳнатга оид муносабатларни тўхтатиш ниятидан огоҳлантириб, ишдан бўшаш учун керакли ишларни келишиб олишдан бошлагани маъқул.

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

 

Прочитано: 3650 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика