Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 1 / Бизнинг маслаҳатлар

Фақат нақд пулга хизмат кўрсатасиз

Мен якка тартибдаги тадбиркор сифатида хизмат кўрсатиш фаолияти билан 2007 йилдан бери шуғулланиб келар эдим. 2013 йил 1 сентябрдан бошлаб фаолиятимни чакана савдога ўзгартирдим.

Мен компьютерлар чакана савдосини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор бўла туриб, импорт қилинган товарларни савдо шохобчаси орқали банкдаги ҳисобрақамга пул ўтказиш йўли билан сотишим мумкинми ва бу қайси ҳужжатлар билан тартибга солинади?

Турғунбой Ярашев,

якка тартибдаги тадбиркор.

Тошкент вилояти.

 

– Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини рўйхатдан ўтказиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган, ке­йинги ўринларда – Низом) савдо фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ягона ёндашувлар ва талабларни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳамда юридик шахслар томонидан улгуржи ва чакана савдони амалга ошириш, шунингдек жисмоний шахс­лар томонидан чакана савдони амалга ошириш тартибини белгилайди.

Юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо билан қонун ҳужжатларига мувофиқ турғун чакана савдо шохобчалари орқали қуйидагилар асосида шуғулланишлари мумкин:

юридик шахс бўлмасдан тад­биркорлик фаолияти билан шу­ғулланувчи жисмоний шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гу­воҳномалар;

якка тартибдаги тадбиркорда чакана савдони амалга ошириш учун моддий-техник базанинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

давлат солиқ хизмати органининг назорат-касса машинасини олдиндан рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги маълумотномалари.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан унинг ўзи импорт қилган товарларни сотиш якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни четдан келтирувчи юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорнинг рўйхатдан ўтишининг (рухсат бериш) белгиланган тартибда расмийлаштирилган карточкаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Товарларни чакана сотиш якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан фақат турғун, ўзининг ёки ижарага олинган савдо тармоқлари орқали, назорат-касса машиналари мажбурий қўлланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Чакана савдони ­амалга оши­рувчи якка ­тартибдаги тадбиркорлар товарларнинг сотиб олинганлигини тас­диқловчи ҳужжатларга, қо­нун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда сотиш жой­ларида сотилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатларига эга бўлишлари шарт. Сотиладиган товарлар витриналарга қўйилган бўлиши ва келиб чиққан мамлакати, ишлаб чиқарувчиси ва нархи кўрсатилган нархномаларга эга бўлиши керак. Яроқлилик муддатига эга бўлган товарларни сотиш чоғида нархномаларда яроқлилик муддати ҳам кўрсатилган бўлиши керак.

Низомнинг 30-бандига асосан, юридик шахсни ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор товарларни фақат турғун савдо тармоқлари орқали, назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда сотиш ҳуқуқига эга, яъни фақат нақд пулга сота олади.

Демак, сиз олиб келинган товарларни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга пул ўтказиш йўли билан сота олмайсиз, чунки бу улгуржи савдо ҳисобланади (ВМнинг 05.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом 2-бандининг иккинчи хатбошиси). Бино­барин, тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳи­соб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш улгуржи савдо фаолияти деб эътироф этилади.

Улгуржи савдони амалга ошириш фаолияти билан фақат юридик шахслар шуғуллана оладилар (Низомнинг 3-банди).

Шунингдек, сиз товарларингизни юридик шахсларга корпоратив банк карталари бўйича Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган)1-бандининг “а” кичик банди, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларга миллий валютадаги банк карталари бўйича Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 4.09.2008 йилда 1850-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1-бандининг иккинчи хатбошисига асосан сотиш ҳуқуқига эгасиз.

Шуни ёдда тутиш лозимки, сиз товарларингизни пластик карталар соҳибларига сотишингиз мумкинлигини Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 7-банди ҳам тас­диқлайди. Унга кўра, тўлов терминаллари ўрнатилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилишлари шарт.

Жавобни экспертимиз

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 4221 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2014-01-10 21:52:15, Гость_:
касса аппаратисиз савдо килиб болмасэканда

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика