Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 51 / Аудитор хабарномаси

Асосий воситалар ҳисобига доир баъзи масалалар

Аудиторлик текширувларини ўтказиш чоғида муаммони ҳал этиш учун аудиторларнинг профессионал фикрлаши талаб этиладиган ҳолатларга тўқнаш келамиз. Ҳар бир аудитор бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларида ҳам, кодексларда ҳам, қонунчиликнинг бошқа меъёрий ҳужжатларида ҳам қатъий жавоб мавжуд бўлмаган, вужудга келадиган саволларга ўзича ечим топади. Корхоналарнинг бухгалтерлари бизга берадиган баъзи саволларни келтириб ўтмоқчиман.

 

 

Хусусан, асосий воситалар ҳисобига оид саволлар талайгина. Улар асосий воситалар ҳисоби бўйича бирламчи ҳужжатларнинг тасдиқланган намунавий шакллари, асосий воситаларнинг тасдиқланган классификацияси, улар билан айрим операциялар ҳисобини юритишнинг батафсил услубияти йўқлиги боис юзага келади.

Кейинги ўн йилликларда жаҳон иқтисодиётида ҳамда республикамиз иқтисодиётида юз берган глобал технологик ўзгаришлар муносабати билан корхоналарнинг балансига кирувчи кўплаб янги ускуналар, ишлаб чиқариш инвентари пайдо бўлди. Бу ҳол тушунарли, чунки ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг энг муҳим омилларидан бири корхонани янги технологиялар, биринчи навбатда асосий фондлар билан таъминлаш ҳисобланади.

Асосий воситаларни дастлабки эътироф этиш вазифаси, бошланғич қийматни шакллантиришдан ташқари, бухгалтер олдига бир талай саволларни қўяди: янги келиб тушган асосий воситаларни амортизация ажратмаларининг қайси гуруҳига ва асосий воситаларни ҳисобга олувчи қайси бухгалтерия ҳисобварағига киритиш керак; қайта баҳолаш мақсадида, шунингдек тўлиқ эскирган ускуна учун тўловни ҳисоб-китоб қилиш учун қандай кодларни бериш керак; корхонага бир нечта вагонда келиб тушган, корхона технологлари инвентарь объектлари бўйича тўғри бутлай олмайдиган тарқоқ предметлар комплексини қандай ҳисобга олиш керак? Ҳатто компьютерни харид қилиш муаммо туғдиради. Масалан, мониторларни тизимли блоклардан алоҳида сотиб олиш мумкин, комплектда ҳам харид қилиш мумкин. Ҳисоблаш техникасининг компонентлари бир асосда монтаж қилинмайди, алмаштиришда бир-бирига безарар осонгина бирикади. Фаолият юритиш жараёнида кўпинча мониторлар «куяди», бир инвентарь объекти таркибида ҳисобга олинган сичқончалар, клавиатураларни гапирмаса ҳам бўлади.

Бир инвентарь объектининг айрим тарқоқ қисмлари ҳисобдан чиқарилиши қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади? Масалан, мониторни мустақил инвентарь объекти сифатида ҳисобга олиш мумкинми?

Тўғри, ушбу мисол бир қадар муболағали, чунки мутахассислар ҳозирги вақтда компьютерларни умуман қиймат мезони бўйича асосий воситалар деб эътироф этмаслик мумкин дея дарҳол жавоб беришлари мумкин. Бироқ ҳар бир корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланган ўз шахсий қиймат мезони бор, кўп корхоналар бундай активларнинг катта миқдорини харид қилган ва фойдаланишга киритганда уларни бир йўла ҳисобдан чиқаришга илож топа олмайдилар.

5-сон БҲМС «Асосий воситалар»га1 (бундан кейин – 5-сон БҲМС) кўра инвентарь объекти – ҳисобнинг минимал бирлиги. Юқорида баён этилган мисолдан келиб чиқилганда саволлар юзага келади. Компонентни инвентарь объекти деб ҳисоблаш мумкинми? Агар компонент алоҳида инвентарь объектини ҳосил этмаса, амортизацияни алоҳида-алоҳида ҳисоблаб ёзиш ҳисобда қандай ташкил этилади? Агар компонент инвентарь объекти бўлса, бунда асосий воситалар объекти бир нечта инвентарь объектидан иборат бўлиши мумкинми? Бундай саволлар асосий воситалар таркибида мураккаб ишлаб чиқариш линияларига, масалан, конларга олиб борадиган, уларга жорий ишлов бериш даражасига боғлиқ ҳолда жойлашган жойини ўзгартирадиган темир йўл тармоқларига эга бўлган корхоналарда доимо юзага келади.

Бундан ташқари, биз кўпинча йирик корхоналарда янги ишлаб чиқариш, цех, ишлаб чиқариш участкаси фойдаланишга топширилишига доир ҳужжатлар расмийлаштирилишидан анча аввал ишга туширилиши муаммосига дуч келамиз. Маҳсулот ишлаб чиқарилаётган бўлса ҳам, ҳисобда бундай асосий восита мавжуд бўлмайди, чунки рўйхатдан ўтказиш таомиллари ўтказилмаган, давлат томонидан қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш далолатномаси ҳали имзоланмаган бўлади.

5-сон БҲМСга кўра асосий восита бўйича амортизацияни ҳисоблаб ёзиш фойдаланишга топшириш пайтида бошланади. Шундай бўлса-да, кўп корхоналар фойдаланишга топшириш далолатномаси имзоланмасдан, участка, цех, ишлаб чиқариш ишга туширилган пайтдан бошлаб амортизацияни ҳисоблаб ёза бошлайдилар, акс ҳолда чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархи бузиб кўрсатилади. Бироқ, солиқ органлари эътироз билдирмаслиги учун, мазкур ҳисобланган амортизация фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чегирилмайди. Мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган базага тугалланмаган қурилиш қиймати ҳам шу мақсадда киритилади.

Шу муносабат билан, фикримизча, меъёрий ҳужжатда объектнинг фойдаланишга тайёрлиги иқтисодий фаолиятнинг бошланиши эканлиги ва бу уни фойдаланишга топшириш муддатларида ва, тегишинча, амортизация ажратмалари суммасида акс этмаслиги кераклигини қайд этиш маъқул.

Корхоналарда кондиционерлар, совутгичлар, турли хил ишлаб чиқариш инвентарини ҳисобга олиш зарур бўл­ган гуруҳларни белгилаш масаласи кўп муаммоларни келтириб чиқаради. Статистика ҳисоботи классификацияга кўп чалкашлик киритмоқда. 2-М (илгариги 11-ф) статистик ҳисоботига2 кўра «Ҳисоблаш техникаси» кичик гуруҳи «Машина ва ускуналар» гуруҳига киради. Мебель, мазкур ҳисоботга кўра, хўжалик инвентарига киритилади. Мебель учун бухгалтерия ҳисобида махсус 0140-«Мебель ва офис жиҳозлари» ҳисобварағи ажратилган, хўжалик ва ишлаб чиқариш инвентарини қаерда ҳисобга олишни эса ҳар бир бухгалтер ўзича ҳал қилади.

Баъзилар уларни 0130-«Машина ва ускуналар» ҳисобварағи таркибида ҳисобга оладилар, бошқалар бунинг учун «Бошқа асосий фондлар» ҳисобварағини мослаштирганлар. Бунда қайта баҳолаш учун фойдаланиладиган, «Бухгалтерия ҳисоби савол-жавобларда» китобида (Тошкент, «Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси» НУ, 1996) чоп этилган асосий воситалар кодлари (шифрлари) тўғрисида сўз боряпти. Шу сабабли бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари асосий воситалар классификаторига бундай номувофиқ бўлган ҳолда бухгалтерия ҳисоби маълумотларига таяниб статистик ҳисобот тузиш қийин, натижада корхоналарнинг асосий фондлари бўйича статистик ҳисоботларда бузиб кўрсатиш ҳоллари кўп учраши эҳтимоли ошади.

Асосий воситалар ҳисобига доир бундай масалаларни ҳал қилиш учун турли амортизация гуруҳларига тақсимлаган ҳолда бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларига аниқ боғланган асосий воситаларнинг янги классификация маълумотномасини яратиш зарур, ундан асосий фондларни қайта баҳолашда, шунингдек фойдаланишда бўлган тўлиқ эскирган ускуна учун тўловни ҳисоб-китоб қилишда ҳам фойдаланиш мумкин бўларди.

Фикримизча, асосий воситалар ҳисобини тўғри юритиш зарурати аввало амалиётчи бухгалтерлар учун ҳам, текширувчилар учун ҳам ҳисоб-китоб ва ҳисоблаб ёзишда қулайлик яратган, улар учун аниқ йўриқномалар юзага келган бўларди.

Екатерина МИШОВА,

«FTF-AUDIT» аудитори,

СIPA сертификати соҳибаси, солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 6901 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика