Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 34 / Бухгалтерга ёрдам

Ишламаётган корхонанинг солиқ юки

 

Ишлаб чиқариш фирмаси 2016 йил март ойида ташкил этилди. Очилиши биланоқ ишлаб чиқариш учун хонанинг ижарасини расмийлаштиришга ҳужжатлар тақдим этилди. Ташкил этилган пайтдан буён 3 ой ўтгандан кейин ҳам фаолият бошланмади. Фирма рўйхатдан ўтказилганидан сўнг банк ҳисобварағи очилмагани сабабли ҳеч қандай операция бажарилмади. ДСИ 3 ой учун суғурта бадалларини ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш мажбуриятини қўймоқда.

Фирма ҳали банк ҳисобварағини очмаган бўлса, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари қай тартибда ҳисобланади?

Б.Хўжааҳмедов,

МЧЖ директори.

 

– Тадбиркорлик субъекти банк ҳисобварағини очиши керак бўлган муддат қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 27.04.2009 йилда ­1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан банкда қандай ҳисобварақларни очиш мумкинлиги ва хўжалик юритувчи субъектнинг қайси ҳисобварағи унинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи (давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг биринчи марта миллий валютада очган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи) ҳисобланиши белгиланган.

Шунингдек тадбиркорлик субъекти тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги тегишли гувоҳномани олганидан ва банк ҳисобварағи очганидан кейин амалга ошириши мумкинлиги белгиланган (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 28-банди).

Яъни корхона давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг банк ҳисобварағини очмагунча ҳеч қандай тадбиркорлик фаолиятини амалга ошира олмайди.

Бошқа томондан, юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади (Фуқаролик кодексининг 44-моддаси). Ташкил этилган пайтдан бошлаб у солиқ мажбуриятлари юзага келадиган солиқ тўловчи деб ҳисобланади.

Шу пайтдан эътиборан фирма штатида камида 1 нафар ходим – директор бўлади. У корхонани ишчи ҳолатда тутиб туришга мажбур. Шунингдек раҳбар бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиши ҳамда солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг тайёрланишини таъминлаши шарт («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси). Директор зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши боис ҳақиқатда ишлаган вақтидан келиб чиқиб унга иш ҳақи ҳисоблаб ёзилиши керак. Ҳисоблаб ёзилган иш ҳақидан ЖШДС, фуқароларнинг суғурта бадалларини ушлаб қолиш ва ЯИТ ҳисоблаш лозим.

Янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой давомида ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда уни тўлаш тартиби татбиқ этилмайди (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом). Ушбу давр мобайнида ЯИТ меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги ҳақиқатда ҳисобланган даромадлардан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган 15%лик ставкада тўланади (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорига 25-илова).

Шу тариқа, банк ҳисобварағининг йўқлиги корхонани солиқ мажбуриятларидан ва солиқ ҳисоботини топширишдан озод қилмайди.

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш корхонаси 2016 йил августда рўйхатдан ўтказилган. Корхона штати ҳали шакллантирилмаган, штат жадвали расмийлаштирилмаган. Штатда 1 нафар ходим – директор бор. Директорнинг маоши ҳали белгиланмаганлиги сабабли унга ҳақиқатда ишлаган кунларни ҳисобга олган ҳолда Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси (ЯТС) 1-разряди бўйича иш ҳақини ҳисоблаб ёзиш лозим. Айтайлик, август ойида директор 3 кун ишлади – хонанинг ижараси учун ҳужжатларни расмийлаштирди.

Бир ой учун иш ҳақи ЯТСнинг 1-разряди бўйича 322 474,24 сўмни ташкил этади (тариф коэффициенти 2,476 х 130 240 ЭКИҲ).

Август ойи 23 иш кунидан иборат эканлигини ҳисобга олсак (5 кунлик иш ҳафтасида), директорга 42 061,86 сўм (322 474,24 / 23 х 3) ҳисоблаб ёзиш зарур.

Ушбу суммадан ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадалларини ушлаб қолиш лозим.

ЯИТ меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги ҳақиқатда ҳисобланган даромадлардан келиб чиқиб ҳисобланади – 6 309,28 сўм (42 061,86 х 15%).

 

Фаолият амалга оширила бошлангунча бошқа ойлар учун ҳам иш ҳақи худди шундай ҳисобланади. Давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой ўтгач ЯИТни ҳисоблаш тартиби ўзгаради ва унинг энг кам миқдори ҳисобга олина бошлайди.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2121 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика