Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 34 / Божхона

Дори-дармон олиб ўтяпсизми – ҳужжатга амал қилинг

 

Яқин пайтгача шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган дори воситаларининг мамлакатимизга олиб кирилиши Давлат божхона қўмитасининг 1998 йил 9 октябрдаги 115-сон Кўрсатмаси билан тартибга солинар эди. Ушбу ҳужжат билан Айрим жисмоний шахслар томонидан қўллаш мақсадида Ўзбекистонга бир маротаба олиб кирилишига рухсат берилган дори-дармон воситалари ва тиббиётда ишлатиладиган буюмларнинг меъёри (3-илова) белгиланган бўлса ҳам, таркибида гиёҳванд ёки психотроп моддалари бўлган дори-дармонларнинг шахсий қўллаш учун олиб кирилиши хусусида кўплаб саволлар юзага келар эди. Одатда, бу турдаги дори-дармонларни олиб ўтиш тартибини тушунтираётганда уларни фақат тегишли ҳужжатлар бўлганда чекланган миқдорда ва тиббий кўрсатмалар бўйича олиб кириш мумкинлиги кўрсатилар эди. Бу айни қандай ҳужжатлар эканлиги, чекланган миқдори қанчалиги қонун ҳужжатларида қайд этилмаган эди. Шу сабабли божхонада шифокор рецепти ёки маълумотномасини ёхуд касаллик тарихидан кўчирмани тақдим этишни талаб қилар эдилар. Агар бундай ҳужжатлар бўлмаса ва йўловчи декларациясида препаратларнинг мавжудлиги кўрсатилмаган бўлса, олиб кираётган шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланар эди. Газетамизда божхона соҳасидаги бундай қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида мунтазам хабар бериб турилар эди.

2016 йил 8 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 191-сон қарори билан Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У билан жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун тиббий кўрсатмалар бўйича тайинланган ўзига хос товарни олиб ўтиш қоидалари батафсил тартибга солинган. Таркибида гиёҳванд ва психотроп воситалар бўлган дори воситалари юзасидан олганда эса бу жуда муҳим.

 

Рухсатномасиз

Низомга мувофиқ, мамлакатимизда бўлиш даврида жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган, Ўзбекистонда ва унинг ҳудудидан ташқарида яшаб турган беморни даволаш учун мўлжалланган, шунингдек мамлакатимиз ҳудудига кириб келаётган ёки унинг ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситасининг йўловчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ва тиббий дорилар қутичаси таркибига киритилган; Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида ўтказиладиган халқаро илмий, маданий, спорт тадбирлари иштирокчиларини ҳамда халқаро экспедициялар иштирокчиларини даволаш учун мўлжалланган бўлса, дори воситаларини ва тиббий буюмларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда божхона расмийлаштирувисиз олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берилади.

 

Маълумот учун! Дори воситалари ва тиббий буюмлар фақат кўрсатиб ўтилган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун фойдаланилиши керак. Уларни бошқа шахсларга бериш ёки сотиш мумкин эмас.

 

Чекланган миқдорлар

Жисмоний шахслар яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатни тақдим этмасдан турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситаларини; 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни шахсий фойдаланиш учун олиб киришлари ва олиб чиқишлари мумкин.

 

Маълумот учун! Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.

 

Бунда бир ўрамда:

қаттиқ (таблеткалар, дражелар, гранулалар, кукунлар, капсулалар) дори шакллари учун – 100 бирликдан ортиқ эмас;

эритма тайёрлаш учун қўлланиладиган кукунлар учун – 500 граммдан ортиқ эмас;

гранула шаклдаги гомеопатик дори воситалари учун – 50 граммдан ортиқ эмас;

инфузион эритмалар ва орал (оғиз орқали) қўлланиладиган эритмалар учун – 500 миллилитрдан ортиқ эмас;

инъекциялар учун эритмалар – 10 ампуладан ёки 10 флакондан ортиқ эмас;

ташқи дорилар учун – 200 миллилитрдан ёки 200 граммдан ортиқ эмас.

 

Маълумот учун! Дори воситаларини кўрсатилганидан ортиқ миқдорда олиб кириш ва олиб чиқишда жисмоний шахслар божхона органларига бўлиш ёки яшаш мамлакатининг тиббиёт муассасасидан унинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган дори воситасининг номини, унинг доривор шаклини ва даволаш курсига тавсия қилинган миқдорини кўрсатган ҳолда муайян жисмоний шахсга берилган ҳужжатни тақдим этадилар.

 

Алоҳида тайинланадиган дори воситалари

Таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бўлган дори воситаларини жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ва олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (12.11.2015 йилдаги ­330-сон) билан тасдиқланган рўйхатларга мувофиқ амалга оширилади.

Қабул қилинган Низом билан гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда рухсат берилган. Уларни худди шу миқдорда олиб чиқишга эса тиббиёт муассасаси даволаш-маслаҳат комиссиясининг муҳри билан тасдиқланган хулосаси мавжуд бўлганда рухсат берилади.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг 2 тадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.

 

Маълумот учун! Ўтказиш пунктларида божхона чегарасини кесиб ўтишда жисмоний шахслар уларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлигини декларацияда қайд этишлари шарт, бунда гиёҳвандлик воситалари учун – божхона органига тиббиёт муассасаси томонидан берилган, дори воситасининг номи, унинг дори шакли ва даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжат тақдим этилиши керак.

 

Шу тариқа, жисмоний шахсда олиб кирилаётган дори воситаси тайинлангани, унинг номи ва миқдори ҳақидаги ахборот қайд этилган тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатлар мавжуд бўлса, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари қонуний олиб кирилганлигини ва улардан келгусида тиббий кўрсатмалар бўйича фойдаланилишини тасдиқлаш учун шунинг ўзи етарлидир.

Жисмоний шахслар томонидан тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатда ва божхона органига билдирилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар номлари ва сонидан ортиқ бўлган тақдирда ортиқчаси олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.

 

Ён дафтарга

Яқинда газетамиз таҳририятига кекса аёл мурожаат қилди, республикага кираётганда назорат-ўтказиш пунктидаги божхоначилар унинг ёнида декларацияланмаган кучли таъсир қилувчи таблеткалар борлигини аниқлаганлар. Пенсионер аёл уларнинг биронта ҳужжатини тақдим эта олмаган. Кекса аёлга уларни шифокор тайинлагани, бу ўринда гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ҳақида сўз бормаётганлиги маълум. Бироқ қонун талабидан четга чиқиб бўлмайди. Дори воситаси олиб қўйилиб, маъмурий жазо тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Биз унга божхона ходимлари тўғри иш қилганликларини тушунтирдик.

Амалиётнинг кўрсатишича, фуқаролар чегара орқали Алпразолам, Ксанакс, Дикломелан, Диклоберл, Клоназепам, Трамадол, Диазепекс, Диазепам, Зопиклон, Бромазепам сингари дори воситалари ва бошқа товар русумлари остидаги уларнинг аналогларини кўп олиб ўтадилар.

Чегарадаги божхона назорати чоғида нохушликка тўқнаш келмаслик учун дори воситалари таркибида гиёҳванд ва психотроп моддалар бор-йўқлигини яхшилаб текширишни тавсия этамиз. Шубҳангиз бўлса, шахсий юкингиздаги барча дори воситаларини божхона декларациясида кўрсатганингиз маъқул. Зеро Низомга кўра жисмоний шахслар дори воситалари ва тиббий буюмларни, шу жумладан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ва олиб чиқишда тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб берадилар.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2715 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика