Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 49 / Муаммони муҳокама қиламиз

Муддатли шартнома – янги муддатга

Ҳар йили, масалан, директор ёки бош бухгалтер билан қайтадан тузиладиган муддатли меҳнат шартномаси тўғрисида сўз боради... Ушбу лавозимдагилар одатда жиддий сабабларсиз бошқа иш жойини изламайдилар. Агар иш берувчи ҳар йили раҳбар ёки бош бухгалтер билан муддатли меҳнат шартномасини бекор қилса (меҳнат дафтарчасидаги бир ёзув) ва йил учун янгидан тузса (иккинчи ёзув), бир ташкилотда 15–20 йил ишлаган уларнинг меҳнат дафтарчаси қандай кўринишга эга бўлади?..

Агар муддатли меҳнат шартномасини унда белгиланган муддатда бекор қилишларни расмийлаштирмасдан, шунчаки қўшимча келишувлар билан худди ўша шартнома янги муддатларга узайтириб қўяқолинса – бунда меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ҳам одатда номуайян муддатга тузилган шартномадагидек фақат иккита бўлади... Бироқ меҳнат муносабатларини бундай расмийлаштириш Меҳнат кодексига зид бўлмайдими? Умуман олганда, қонун ҳужжатларида муддат тугаши асосида муддатли шартномани бекор қилиш муносабати билан низо вужудга келганда ушбу шартнома номуайян муддатга тузилган шартнома деб топилиши мумкин бўлган чегара қаерда? Агар шундай ҳол юз берса, пировард натижада, тегишинча, ходим ишга суднинг ҳал қилув қарори ва иш берувчининг жавобгарлиги асосида тикланади.

Муддатли меҳнат шартномаларининг ўзига хос жиҳатлари, қонун кўрсатмаларини турлича тушуниш ҳолатлари, шунингдек кадрлар бўлими ходимларининг амалиётидаги кўп учрайдиган хатолар тўғрисида бугун чоп этилаётган туркумда сўз боради.

 

БАЗАВИЙ ҚОИДАЛАР

Меҳнат кодексининг (бундан кейин – МК) 76-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжудлиги муносабати билан номуайян муддатга меҳнат шартномалари тузиш мумкин бўлмаган ҳоллардагина муддатли меҳнат шартномаларига йўл қўйилади.

Улар мавжуд бўлганда ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин бўлган ҳолатлар қуйидагилардир:

бажарилажак ишнинг хусусияти. Муайян муддат ўтганидан кейин ишни объектив сабабларга кўра давом эттириш мумкин эмаслиги олдиндан маълум бўлганда, яъни муддатли хусусиятга эга;

қабул қилинаётган ходимнинг бажарадиган иш шартлари. Масалан, ходимни ижтимоий ёки меҳнат таътилига кетган бошқа ходимнинг ўрнига, қонун ҳужжатларига мувофиқ таътилга кетган ходимнинг иш жойини сақлаган ҳолда, ишга қабул қилиш ёки акциядорлик жамияти ижро органларининг мансабдор шахсларини ишга қабул қилиш, улар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) кўра ишга фақат 1 йилга муддатли шартномалар бўйича қабул қилиниши мумкин ва ҳоказо;

ходимнинг манфаатлари, яъни у ёки бу ҳолатлар туфайли муддатли меҳнат шартномасини тузишни ходимнинг ўз манфаатлари тақозо этган;

корхона раҳбари, унинг ўринбосари, бош бухгалтерни, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходимни ишга қабул қилиш;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар.

Шуни назарда тутиш керакки, МКнинг 76-моддасида келтирилган ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш мумкин бўлган ҳолатлар  рўйхати қатъий чегараланган. Агар муддатли меҳнат шартномаси МКнинг 76-моддаси талабларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса, бундай ҳолда шартноманинг муддати ҳақидаги шарти ҳақиқий эмас деб топилади, ходим эса ишга номуайян муддатга биринчи иш кунидан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади (Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги қарорининг (17.04.1998 йилдаги 12-сон) 5-банди).

Иш берувчининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузадиган ҳаракатлари айбдор мансабдор шахсга нисбатан қонун билан белгиланган жавобгарликни қўллашга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси).

 

1-ПОЗИЦИЯ. Муддат тўғрисидаги шартнинг ўзгармаслиги – муддатли меҳнат шартномасининг хусусияти

Аввало шуни эътибордан соқит қилмаслик керакки, муддатли меҳнат шартномаси унинг муддати тугаши билан бекор қилинади. МКнинг 105-моддаси меҳнат шартномасини унинг муддати тугаган кунда ҳам, шартнома муддати тугаганидан кейин бир ҳафта мобайнида ҳам бекор қилишга йўл қўяди.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меҳнатга оид муносабатларни шартнома муддати тугаши муносабати билан бекор қилишга қарор қилган меҳнат шартномаси тарафининг бу ҳақда бошқа тарафни олдиндан хабардор қилиш мажбуриятини назарда тутмайди.

Агар шартнома муддати тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади. Кейинроқ иш берувчи ушбу ходим билан меҳнат шартномасини фақат умумий асосларда бекор қилиши мумкин.

Иш жойи (лавозими) сақланадиган ходимнинг йўқлиги даврида тузилган муддатли меҳнат шартномаси бир қадар бошқача бекор қилинади. Бундай шартнома ишда ҳозир бўлмаган ходимнинг ишга қайтган кунидан бошлаб бекор қилинади.

Айтилганлардан кўринадики, МК 76 ва 105-моддаларининг қоидалари биргина муддатли меҳнат шартномасининг амал қилишини қўшимча келишувлар билан узайтириш имконини бермайди. Яъни бунда шартнома номуайян муддатга давом эттирилган деб эътироф этилмаслиги мумкин эмас ва муддатли шартномага хос бўлган хусусиятлар – янгидан белгиланган ҳар бир муддат тугаши билан меҳнатга оид муносабатларни олдиндан хабардор қилмасдан ва бошқа тарафнинг хоҳишидан қатъи назар, шартноманинг номуйян муддати чоғида назарда тутилган иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатилаётган ходимга компенсация тўловларини тўлашсиз бекор қилиш имконияти сақланмаслиги лозим. Бунда муддатли шартномани узайтириш мумкин бўлган алохида ҳолат тўғридан-тўғри қонун билан белгиланганлигини таъкидлаш ҳам муҳим. МКнинг 152-моддасида белгиланишича, агар муддатли меҳнат шартномаси у бекор қилинганда таътил вақти унинг чегарасидан чиқиб кетса, меҳнат шартномасининг амал қилиши таътил тугагунга қадар тарафларнинг келишуви билан ёки агар бу нарса жамоа шартномасида назарда тутилса, узайтирилиши мумкин.

Шу билан бирга айни муддатли шартномани узайтиришнинг (қўшимча келишувлар билан) қулайлиги шубҳасиздир ва амалиётчиларнинг бунга интилиши шунчалик қатъиятлики, ушбу тамойиллар яқинда қонун ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топди. МКда эмас, балки бошқа қонун ҳужжатида. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 79-моддаси саккизинчи қисмининг ходимларнинг айрим тоифалари билан муддатли шартноманинг ҳар йили узайтиришни белгилайдиган қоидаси Меҳнат кодексининг юқорида келтирилган қоидаларига мос келмаслиги яхши маълум. Қонун ҳужжатлари ўртасидаги зиддият кадрлар бўлими ходимлари ишини қийинлаштирди ва бу борада амалиётнинг нобарқарорлигига сабаб бўлди.

Юқорида айтилганларни ҳисобга олганда нималар таклиф этилади? МКга қонунчилик ўзгартиришларини киритиш, фикримизча, энг яхши ечим бўларди. МКнинг 105-моддасига муддатли меҳнат шартномаларини Кодекс билан белгиланган 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга (МК 75-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошиси) қадар узайтириш имкониятини назарда тутадиган меъёрни киритиш лозим. Умумий муддати беш йилдан ошадиган кўп маротабали узайтиришлар билан муддатли меҳнат шартномалари тузишни эса, агар қонун чиқарувчи бу ҳуқуқни иш берувчига берса, раҳбарлик қилувчи ва алоҳида масъулиятли лавозимларни эгаллаган ходимларнинг айрим тоифаларига нисбатан қўллаш мумкин бўларди. Бироқ уларга нисбатан номуайян муддатга тузилган шартнома деб эътироф этмасдан истисно тарзида муддатли шартнома бўйича иш муддатининг чегараланган 5 йиллик муддатига йўл қўйиладиган ходимларнинг ушбу тоифалари бевосита Меҳнат кодексида кўрсатилиши керак, истиснолар бошқа ҳужжатлар билан киритилмаслиги керак. Акс ҳолда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган иш берувчи учун муддатли шартномалар тузиш имкониятидаги чекловлар тизими заифлашади.

Энди меҳнат дафтарчаларидаги ёзувлар хусусида. Агар таклиф этилган фикрлар амалга оширилса, бу масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлади – улар ҳозирги пайтда назарда тутилганидек – меҳнат шартномасини тузиш (ишга қабул қилиш) ва уни бекор қилиш тўғрисида киритилади. Биргина шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш чоғида ҳеч қандай ёзувлар, қонун ҳужжатларига биноан, киритилмайди.

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,

эксперт-юристимиз.

 

2-ПОЗИЦИЯ. Агар амалиёт таҳлилига асослансак...

 

АТАМАЛАР ҚАНДАЙ ҚИЛИБ «ҚИРҚИЛДИ»

Бугунги муҳокама мавзуси бўйича шуни эслатиш жоизки, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг аввалги таҳририда акциядорлик жамияти яккабошчилик ижро органи (директор)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мазкур Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари, жамият устави ва жамият томонидан бир йил муддатга тузиладиган, «ҳар йили уни узайтириш (қайта тузиш) ёки бекор қилиш (тугатиш) имконияти тўғрисида қарор қабул қилинадиган» шартнома билан белгиланиши назарда тутилган. 2014 йил 6 майдаги таҳрирга келсак, гарчи 58 ва 62-моддаларда муддатли меҳнат шартномасини «қайта тузиш» ва «бекор қилиш» атамалари сақланса-да, 79-«Жамиятнинг ижро этиш органи» моддасида илгари қавс ичида кўрсатилган ушбу атамалар чиқариб ташланган. Энди эса сўз меҳнат шартномасини бир йил муддатга «узайтириш» ёки уни «бекор қилиш» имконияти тўғрисида боради. Янги таҳрир меъёрни тушунишда турли ёндашувларни келтириб чиқаради. Айрим мутахассисларнинг таъкидлашларича, акциядорлик жамиятининг директори билан меҳнат шартномасини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда янги муддатли меҳнат шартномасини тузишга зарурат йўқ. Аввалгисини қўшимча келишувни имзолаш йўли билан бир йилга узайтириш мумкин. Бошқалар эса меҳнат қонунчилиги қоидалари ва ушбу Қонуннинг бошқа моддаларида қўлланган формулировкалардан келиб чиқиб, барибир муддатли шартномани қайта тузиш – яъни муддати тугаши муносабати билан аввалги шартномани бекор қилиш ва янгисини тузиш зарурлигига ишонадилар. Бундай расмийлаштириш меҳнат дафтарчасига ёзувлар киритишга олиб келади.

 

ДИРЕКТОР БОР ЭДИМИ?

АЖ директори билан меҳнатга оид муносабатларни узайтиришларни расмийлаштириш бўйича кўрсатмаларнинг ноаниқлиги билан боғлиқ қийинчиликлар қанчалик турли-туманлигини тушуниш учун амалиётдан олинган аниқ мисолга мурожаат қилайлик.

АЖ бош директори меҳнат шартномасининг йиллик муддати 2014 йил 10 майда тугади. Жамият уставига мувофиқ бош директорни ишга қабул қилиш умумий йиғилишнинг мутлақ ваколатига киритилган. Бироқ акциядорлар йиғилиши 2014 йил 20 июнга тайинланган. Бош директор 2014 йил 20 июнга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этди, шу жумладан хўжалик шартномалари, молиявий ҳужжатларни имзолади, ишга қабул қилди ва ҳоказо. Акциядорларнинг умумий йиғилишида у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бошқа шахс билан шартнома тузишга қарор қилинди.

Катта аҳамиятга молик савол – унинг меҳнат шартномаси муддати тугаганидан кейин жамият бош директори ҳаракатларининг (ва тегишинча, у тузган шартномалар, чиқарган буйруқларнинг) қонунийлиги тўғрисида савол туғилди.

Умумий қоидага кўра унинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан жамият директори билан меҳнат шартномасини бекор қилиш МКнинг 105-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур асосга биноан меҳнат шартномасини бекор қилишга унинг муддати тугаган кунда ҳам, шартнома муддати тугаганидан кейин бир ҳафта мобайнида ҳам йўл қўйилади. Кўрилаётган ҳолатда вужудга келган муаммолардан қочишнинг энг яхши усули: аввалроқ, яъни жамият директори ваколатларининг муддати тугашига қадар акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш. Агар жамиятнинг уставида ушбу масалаларни ҳал қилиш жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган бўлса – кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш лозим. Муддатли шартномага биноан ходимга муносабат бўйича талаб қилинганидек ўз вақтида директор билан меҳнатга оид муносабатларни давом эттириш ёки уларни тўхтатиш даркор.

Келтирилган мисолда эса бундай қилинмаган. Жамият директори билан меҳнат шартномаси 2014 йил 10 майда ёки 17 майдан кечиктирмай бекор қилиниши керак эди. Жамият директори ўзининг мансаб вазифаларини бажаришни акциядорларнинг янги умумий йиғилиши ўтказилишига қадар, яъни 2014 йил 20 июнгача давом эттирган. Бундай вазиятда нима қилиш керак?

Ниҳоят ўтказилган йиғилиш аввалги муддат тугаши билан директор билан янги муддатли шартнома тузиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак эди. Янги шартномада унинг муддати бошланишини 2014 йилнинг 11 майи, тугаш санаси эса 2014 йил 20 июнь деб кўрсатиларди. Шунингдек кузатув кенгаши раиси ёки кузатув кенгаши вакил қилган бошқа шахсга янги директор билан бир йилга – 2014 йил 21 июндан 2015 йил 20 июнга қадар муддатли меҳнат шартномасини имзолаш ваколатини бериш талаб этиларди.

Аввалги директор билан меҳнатга оид муносабатларни бир ойдан сал кўпроқ даврга – 11 майдан 20 июнгача узайтириш ғоятда қулай ва аввалги шартномани узайтиришга кўра мантиққа яқинроқ эканлигини сўзлашга ҳожат йўқ. Шартнома муддатини нисбатан кичик даврга ўзгартириш зарурати кўпинча амалиётда вужудга келади. Агар муддатли шартномаларни узайтиришлар масаласига қонун ҳужжатлари мониторингини амалга оширадиган ва унга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритишга ҳуқуқи бўлган ташкилотлар эътиборини жалб этиш керак бўлса, ушбу жиҳатни ҳам ҳисобга олиш лозим.

 

ХОҲИШЛАРНИНГ ҲАММАСИ ҲАМ АМАЛГА ОШАВЕРМАЙДИ...

Ҳуқуқий кўрсатмалардаги зиддиятлар ва ноаниқлик – амалиётда муддатли шартномаларни қўллаш билан боғлиқ муаммолар вужудга келиши сабабларидан биридир. Бошқа сабаб ҳам бор – иш берувчининг мансабдор шахслари муддатли меҳнат шартномасининг ўзаро боғлиқ хусусиятлари бутун мажмуасини етарлича тушунмайдилар.

Ходимнинг хоҳиши ва унга боғлиқ ҳолатлардан (касаллик, меҳнат таътили) қатъи назар, муддат тугаши муносабати билан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш имконияти иш берувчиларни ўзига шунчалик жалб этадики, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга ваколатли мансабдор шахслар қонун белгилаётган чеклашларнинг нозик жиҳатларини унчалик ҳам тушунавермайдилар. Фикримча, иш берувчиларнинг камчиликларини кўрсатадиган лоақал бир нечта характерли вазиятларни келтириш фойдали бўлади.

Амалиётда тез-тез учрайдиган типик хато – бўлғуси ишнинг хусусиятига кўра муддатли бўлган меҳнат шартномасини уни тўхтатиш санасини кўрсатмасдан тузиш. Чунончи, масалан, ташкилотда аниқ инвестиция лойиҳаси доирасида қилинадиган портлаш ишлари бўйича мутахассис ишга қабул қилинди. Портлаш ишлари тахминан 5 ой муддатда тугаши керак эди. Бироқ иш берувчи қачон тугашини аниқ билмаганлиги боис, у ... фақат бошлаш санасини кўрсатган ҳолда муддатли меҳнат шартномасини тузди.

Бироқ иш берувчининг қийин ҳолатини осонгина ҳал этса бўларди. У ходим билан муайян ишни бажариш вақтига муддатли меҳнат шартномаси тузиб, унда ишларнинг тугаш санаси деб инвестиция лойиҳаси бўйича портлаш ишларининг якунланиш санаси ҳисобланишини назарда тутиши мумкин эди.

Иш берувчи барча ходимлар билан муддатли меҳнат шартномаларини тузиб, буни молиявий муаммолар борлиги ва ходимларни доимий иш билан таъминлаш имкониятининг йўқлиги билан тушунтирадиган ҳоллар оз эмас. Чунончи, улгуржи савдо билан шуғулланадиган хусусий фирмада раҳбар ишга қабул қилаётганда фақат 6 ойга меҳнат шартномаси тузиши мумкинлигини, чунки фирма янги бўлиб, ҳали товарлар сотишнинг зарур ҳажмларини жамғаришга улгурмаганлигини тушунтирди.

Иш берувчининг бундай ҳаракатлари МКнинг 76-моддасига зид ва унга нисбатан қонун билан белгиланган жавобгарликни қўллашга олиб келади.

Иш берувчи бир тарафлама тартибда номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаларини муддатли меҳнат шартномаларига қайта тузган ҳоллар учрайди. Мисол учун, АЖда меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тежаш мақсадида раҳбар ёрдамчи ва ишлаб чиқариш ходимлари билан тузилган амалдаги шартномаларни 2 йилга муддатли меҳнат шартномаларига қайта тузиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Жамоа йиғилишида у ходимларни ўзининг қароридан хабардор қилди.

Ушбу ҳолда иш берувчи йўл қўйган меҳнат қонунчилигини қўпол бузишларнинг бири – МК 75-моддасининг иккинчи қисми талабларига риоя этмаслиги бўлиб, у шундай деб белгилайди: номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас. Бунинг маъноси шуки, меҳнат шартномаси муддатини ўзгартириш шарти тарафлар – иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув билан тегишли тарзда расмийлаштирилиши керак. Иш берувчининг йиғилишда барча меҳнат шартномалари муддатини ўзгартириши ва бу билан чекланиши тўғрисида эълон қилиши мумкин эмас.

Юқорида айтилганлардан шундай хулоса келиб чиқади: меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бир қаторда муддатли меҳнат шартномаларини тўғри қўллаш бўйича тавсияларни тайёрлаш ва чоп этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай тавсиялар фойдали бўлади ва, ўйлашимча, кўпчиликда қизиқиш уйғотади.

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

 

ТАҲРИРИЯТДАН.

Якун чиқарарканмиз, аввало «масала қиймати»ни белгилаш мақсадга мувофиқдир. Биргина муддатли шартномани қўшимча келишувлар билан «узайтириш» ва «қайта тузиш» – бир вақтнинг ўзида янгисини тузган ҳолда шартномани бекор қилиш тушунчаларининг аниқ, меъёрий мустаҳкамланган шарҳларининг йўқлиги амалиётда борган сари ўткирроқ ҳис этиляпти. Энди эса қонун ҳужжатида бу билан боғлиқ ички зиддиятлар («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 58, 62 ва 79-моддалари) ва ушбу ҳужжатнинг МК билан етарлича боғланмаганлиги пайдо бўлди. Агар шартноманинг ихтилоф қилаётган тарафлари ёки, бундан ҳам ёмони – хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахслари ва текширувчилари меъёрий кўрсатмаларни турлича тушунсалар, бу ҳол ҳар доим корхоналар учун каттагина чиқимлар, асаббузарликлар, жамоадаги низолашувлар билан тугаши яхши маълум. Қонун ҳужжатлари мониторингини амалга оширадиган органлар эътиборини олдинроқ муддатли шартномалардаги зиддиятлар ва нуқсонларни бартараф этишнинг зарурлигига қаратиб, биз муддатли меҳнат шартномалари қўлланадиган, кўпинча эса қонун йўли балан тўғридан-тўғри қўлланадиган корхоналар учун бундай оқибатларнинг бошланиши олдини олишга умидвормиз.

Ходим кўп маротабали узайтиришларнинг фақат бир аломати бўйича эмас, балки Меҳнат кодексига номувофиқликларининг мажмуи бўйича у билан тузилган шартнома аллақачон номуайян даврга тузилган шартномадан фарқ қилмай қолган ҳамда унинг меҳнат кафолатлари ва имтиёзларга бўлган ҳуқуқлари камситилган деб ҳисоблайдиган муддатли шартнома тарафларининг низоларига келсак, – бундай низолар афсуски, амалиётда кўп учрайди. Ва шу сабабли – қонун ҳужжатларини такомиллаштириш билан бир қаторда – амалиётнинг мураккаб масалалари бўйича малакали тушунтиришларни тайёрлаш ҳам долзарбдир.

Ушбу материалга якун ясаркан, таҳририят муҳокамани тўхтатмайди, балки gazeta.norma.uz сайтига кўчиради.

Агар қўшимча қилиш ёки ­эътироз билдириш учун фикрингиз бўлса – иштирок этишга таклиф қиламиз.

 

Уларга нисбатан муддатли шартнома бўйича ишнинг чегараланган муддатини оширишга йўл қўйиладиган ходимлар тоифалари тўғридан-тўғри Меҳнат кодексида кўрсатилиши керак. Акс ҳолда Кодексда назарда тутилган ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш берувчи учун чекловлар тизими заифлашади.

 

Ходимнинг хоҳиши ва унга боғлиқ ҳолатлардан (касаллик, меҳнат таътили) қатъи назар, муддат тугаши муносабати билан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш имконияти иш берувчиларни ўзига шунчалик жалб этадики, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга ваколатли мансабдор шахслар қонун белгилаётган чеклашларнинг нозик жиҳатларини унчалик ҳам тушунавермайдилар.

Прочитано: 2652 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика