Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 49 / Суд эксперти изоҳлайди

Биологик оталик қандай белгиланади?

Кўпчилик одамлар қон гуруҳининг мос келмаслигини биологик оталик бобидаги шубҳага сабаб бўлади деб ҳисоблайдилар. Хўш, бундай шубҳалар қанчалик асосли? Шу сингари низоли масалаларни ҳал этишда судлар яқин-яқинларгача эр киши боланинг биологик отаси эканлигини ёки отаси эмаслигини аниқлаш учун шоҳидлик кўрсатмалари, ҳужжатлар, маълумотномалар, фикрнома ва тавсифномалар тақдим этилишини талаб қилишар эди. Лекин буларнинг ҳаммаси чинакам одил судловни кафолатлай олмайди. Масала чин ҳақиқатни топиш, аниқлашга эмас, балки тарафлардан қай бири бошқасининг устидан фош этувчи материалларни кўпроқ тўплашига қараб қоларди. Натижада баъзан бепушт эркаклар ҳам суднинг қарорига кўра етти ёт болаларнинг отасига айланиб қолар эди. Эндиликда ДНК-таҳлил биологик оталик ҳолатини аниқлаш ҳамда шахсни идентификация қилишнинг энг ишончли ва энг аниқ усули бўлиб қолди ва у бу борада хатоликларни батамом истисно этиш имконини бермоқда.  

 

ДНК-таҳлил топилгунига қадар, биологик оталикни ёки оналикни аниқлаш, шунингдек одамларни идентификация қилиш учун биологик усуллардан фойдаланилар эди. Бу усуллар қон гуруҳларини аниқлаш, махсус тест синовлари ўтказиш ва шу сингариларга таянар эди. Қон гуруҳи табиий шароитларда умр бўйи ўзгармайдиган, наслдан-наслга ўтадиган ирсий белгидир. Одамнинг қонида ҳар хил таркибда антигенлар бўлади. Буларни ҳар бир одам ўз ота-онасидан тенг улушда мерос қилиб олади. Моҳиятан олганда, баъзи хусусиятларига кўра, ўхшашроқ бўлган ана шу антигенлар турли одамларда бир-биридан фарқ қилади. Бир неча фарқланувчи хусусиятга эга бўлган бир типдаги антигенлар муайян тизимни ташкил этади. Бугунги кунда ана шу типдаги тизимларнинг неча ўнлаб турлари маълумдир. Масалан, энг кенг тарқалган АВО тизими бўйича одамлар 4 асосий гуруҳга бўлинади деб қабул қилинган. Ана шу гуруҳларнинг ҳаётда учраш даражаси тахминан қуйидагича: I – 35%; II – 35%; III – 20%; IV – 10%. АВО тизими қон гуруҳларининг наслдан-наслга ўтиш қонунияти замирида қуйидаги тушунча ётади: қон гуруҳи учта ҳар хил вариантда, яъни А, В ва О (ноль) деб юритиладиган аллелларда аниқланадиган битта ген билан белгиланади. Аллель – геннинг эҳтимолий муқобил шаклларидан бири бўлиб, бундай шаклларнинг ҳар бири нуклеотидларнинг ноёб изчиллиги билан тавсифланади.

Мабодо, бир ёстиққа бош қўйган ота-онанинг қон гуруҳи маълум бўлса, болаларидаги қон гуруҳларининг юзага келиши мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган уйғунлигини оддийгина йўл билан аниқлаш мумкин. Юқорида баён этилганларни чуқурроқ билиш учун жадвалда келтирилган маълумотларни таҳлил этиб кўрамиз. Ота-онанинг ҳар иккиси биринчи қон гуруҳига, яъни ноль (I) гуруҳига эга дейлик. Бундай ҳолларда уларнинг барча фарзандлари фақат шу қон гуруҳига эга бўлиши мумкин. Ота-онадан бири қоннинг учинчи гуруҳига (В (III) эга бўлса, бошқасиники иккинчи гуруҳ (А(II) бўлса, болалари тўртта қон гуруҳининг исталган бирига эга бўлиши мумкин.

Қон гуруҳининг наслдан-наслга ўтиши қонуниятларини билиш, баъзи муаммоларни ҳал этишга, айтайлик, асоссиз шубҳа-гумонларни бартараф этишга ёрдам беради. Бироқ баъзи ҳолларда қон-қардошликни белгилаш учун қон гуруҳи тизимидан фойдаланиш самара бермайди, чунки тасодифан мос келиб қолиш эҳтимоли жуда юқори бўлади.

Бизнинг кунларда биологик қон-қардошликни белгилаш масалалари ДНКни текширишнинг молекуляр-генетик усулларига асосланилган бир мунча кўламдорроқ ахборот тизимини қўллаш йўли билан ҳал этилмоқда. Дезоксирибонуклеин кислота (ДНК) барча тирик организмлар ҳужайраларининг ядросидаги мавжуд юқори полимер табиий бирикма бўлиб, унда генетик ахборотлар мужассам топади. Ҳар бир ҳужайра ядросида макон топган, ДНК иккита занжирдан иборат бўлади ва қўш спирал тузилмаси кўринишида бўлади. Мазкур кислота ҳужайралар бўлинганда бағоят аниқ такрор ҳосил бўладики, бу ҳол ҳужайра ва организмларнинг қатор авлодларига наслий белгилар ўтишини таъмин этади. ДНК молекулаларининг умумий узунлиги ҳар бир ҳужайрада қарийб 2 метрни, нуклеотидлар жуфтлиги сони эса – 3 млрд дан ортиқроқни ташкил этади.

Шуниси қизиқки, бир-бирига қариндош бўлмаган ҳар қандай икки кишининг ДНК молекулалари ўрта ҳисобда ҳар 300–400 нуклеотиддан фақат биттаси билангина фарқланади. Назарий жиҳатдан бу нарса, мабодо юз нафар кишидаги бир генга мансуб, узунлиги 300–400 нуклеотидлар ДНК бўйича таҳлил этилса, 99 нафар киши бу борада бир-биридан фарқ қилмаслиги маълум бўлиши мумкин. ДНК даражасида аниқланган белгиларни индивидуаллаштириш деярли мутлақ барқарорлик билан ажралиб туради, яъни одам организмида унинг бутун умри мобайнида ўзгармаган ҳолда сақланиб қолади ҳамда унинг биологик изларида ўзгаришсиз тажассум топади. Генетик белгиларнинг идентификацион аҳамияти жуда юқори. Шу сабабли биологик қон-қардошликни белгилаш учун ёки шахсни идентификация қилиш учун ҳар қанақа генлардан эмас, балки полиморф генлардан, яъни аллель шакллари кўп генлардан фойдаланадилар.

 

ДНК-таҳлил ривожининг бош­ланғич палласида кўп босқичли бағоят мураккаб тартиб-таомилларнинг якуний босқичи махсус график (чизма) тасвирлар таҳлилига, таъбир жоиз бўлса, инсон ирсий материалининг «бармоқлари изи»ни текширишга келиб тақаларди. Ўтган аср 90-йилларининг охирларида ген анализаторлари пайдо бўлгач, ДНК-таҳлилни рақамларнинг махсус тўплами тарзида олиш мумкин бўлди. Бошқача қилиб айтганда, одамнинг яшириб ҳам, ўзгартириб ҳам, қалбакилаштириб ҳам бўлмайдиган ноёб генетик «паспорти» ёки «шахсини кўрсатувчи гувоҳномаси» пайдо бўлди.

Ҳозирги вақтда кўпгина илғор молекуляр-генетик лабораторияларда биологик қон-қар­дошликни белгилаш 16 аутосом­ли STR-маркерлар ёр­дамида амалга оширилмоқда. Бунинг учун намуналарнинг генотиплари олинади. Уларнинг ҳар бири 30 рақамдан ва 2 ҳарф белгисидан иборат мураккаб комбинация кўринишида бўлади. Бунда «ХХ» аёл генига, «XY» эса эркак генига мансубликни кўрсатади*. Бола генотипидаги аллель вариантлардан бири онанинг аллель вариантларидан бири билан, бошқаси эса отанинг аллель вариантларидан бири билан мос келиши текширилаётган ҳар бир локус бўйича биологик қон-қардошликни тасдиқловчи белги бўлади.

 

Ўзбекистонда қон-қардошликни белгилашнинг молекуляр-генетик экспертизаси суднинг қарори, тергов органларининг қарори билан, шунингдек судловдан ташқари ҳолларда эса ихтиёрийлик асосида ўтказилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тўла-тўкис махфийликка риоя этилмоғи шарт. Ҳозирги вақтда шу йўсинда текшириш фақатгина Х.Сулаймонова но­мидаги Республика суд экспертизаси марказининг «Одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси» лабораториясида ўтказилади, холос. Ушбу марказ Марказий Осиёда етакчи эксперт муассасаси саналади. Лаборатория амалиётида биологик оталикни (оналикни) белгилаш юзасидан экспертиза тайинлашга қуйидагилар сабаб бўлади:

фуқароларнинг алимент ундириш ва биологик оталикни белгилашга доир даъво аризалари;

боланинг туғилганлик гувоҳномасига ўзгартишлар ва тузатишлар киритиш юзасидан фуқаролар томонидан кўтарилган даъволар;

мерос масаласида қон-қардошлик ришталари фактини белгилаш юзасидан даъво аризалари;

туғруқхонада чақалоқ алмашиб қолганлиги эҳтимолига оид шубҳа ва гумонларни бартараф этиш учун қўзғатилган жиноят ишлари;

16 ёшга тўлмаган шахсларда бола туғилганлиги фактлари бўйича қўзғатилган жиноят ишлари;

ҳалок бўлган қариндошлар шахсини идентификация қилиш зарурати;

бошқа лабораториялар томонидан тайёрланган экспертлик хулосалари, ўтказилган текширишлар тўғри-нотўғрилиги борасидаги шубҳаларни бартараф этиш;

қилинган ҳисоб-китоблар ва чиқарилган хулосалар тўғрилигини текшириб кўриш;

бошқа бир генетик лабораториянинг экспертлик хулосаларига баҳо бериш ва уларни тушунтириб изоҳлаб бериш;

судловдан ташқари тартибда оммавий судлов процессисиз оталик тўғрисидаги низоларни ҳал этиш учун фуқаролар берган ариза;

вояга етмаган бола ёки муомалага лаёқатсиз қариндошлар устидан васийлик олиш;

бошқа мамлакатга иммиграцияни амалга ошириш учун қилинган мурожаатлар.

 

2000 йилдан эътиборан лабораториямиз оталикни белгилаш юзасидан 2 500 дан ортиқ, шахсни идентификация қилиш бўйича эса қарийб 1 500 та экспертиза ўтказди. Техника базаси муттасил модернизация этиб борилаётганлиги шарофати билан экспертизани юритиш муддатлари анчагина қисқарди. Масалан, яқин-яқинларда ҳам оталик тест синовини ўтказиш учун эксперт 10 иш кунини сарфларди. Эндиликда бундай текширувлар лабораторияда 1 иш кунида бажарилади. Текширувларнинг ҳаммаси замонавий молекуляр-генетик усулларни қўллаган ҳолда, Фуқаролик процессуал кодекси, «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонун (1.06.2010 йилдаги ЎРҚ-249-сон) нормаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизаси ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (адлия вазирининг АВ томонидан 2.03.2011 йилда 2202-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилмоқда.

 

Ота-онасининг қон гуруҳига қараб болада юзага келиши эҳтимоли бўлган АВО тизимининг қон гуруҳлари

 

Онасининг қон гуруҳи

 

Отасининг қон гуруҳи

 

I

 

II

 

III

 

IV

 

I

 

(I)

 

(I) ёки (II)

 

(I) ёки (III)

 

(II) ёки (III)

 

II

 

(I) ёки (II)

 

(I) ёки (II)

 

(I) ёки (II),

ёки (III),

ёки (IV)

(II) ёки (III),

ёки (IV)

III

 

(I) ёки (III)

 

(I) ёки (II),

ёки (III),

ёки (IV)

(I) ёки (III)

 

(II) ёки (III),

ёки (IV)

IV

 

(II) ёки (III)

 

(II) ёки (III),

ёки (IV)

(II) ёки (III),

ёки (IV)

(II) ёки (III),

ёки (IV)

 

*Бу ҳақда norma.uz сайтидаги материалда муфассалроқ ўқийсиз.


Дилобар АҲМЕДОВА, Х.Сулаймонова номидаги

Республика суд экспертизаси марказининг Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси
етакчи эксперти.
 

Прочитано: 2972 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика