Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 49 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Амнистия тўғрисидаги ҳужжат: адвокат нуқтаи назари

Жорий йилнинг 14 ноябрида Олий Мажлис Сенати ўзининг ўн олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарор қабул қилинди («Халқ сўзи» газетасининг 15.11.2014 йилдаги 222 (6152)-сонида чоп этилган). Сенатнинг алоҳида қарори билан мазкур Қарорни (бундан кейин – Амнистия акти, Амнистия тўғрисидаги қарор, Қарор) қўллаш таомили ҳам белгиланди. 

 

Амнистия акти билан жиноят содир этган шахсларнинг муайян тоифаларига нисбатан жиноят–ҳуқуқий таъсир чораларини қўлламасдан тузалиш ёки ушбу чоралар қўлланган шахсларнинг аҳволини енгиллаштириш имконияти берилади.

Амнистия акти қўлланганда қонун билан белгиланган тартибда олиб ташланган ёки сўндирилган судланганлик ҳисобга олинмаслиги керак.

 

1.

Қарорнинг 1-бандига мувофиқ қуйидаги маҳкумлар жазодан озод қилинади (Қарорнинг 7-бандида кўрсатилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда):

а) аёллар;

б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;

в) 60 ёшдан ошган эркаклар;

г) чет давлатлар фуқаролари.

Амнистия тўғрисидаги қарорга асосан жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод этилганидан кейин чет давлатлар фуқаролари Ҳукуматнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон Қарори билан белгиланган тартибда мамлакатдан чиқариб юборилади. Қарорни ижро этадиган органлар, улар иш юритишида чет давлатлар фуқароларига нисбатан ишлар мавжуд бўлганда, кўрсатилган шахсларни чиқариб юбориш зарурлиги тўғрисида тегишли идораларга дарҳол хабар беришлари шарт1;

д) I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар. Мазкур бандга I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда мазкур Қарор кучга киргунга қадар 1 йилдан ошмаган муддатда қонун билан белгиланган тартибда, яъни жазони ижро этиш муассасалари ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссияси қарорига мувофиқ жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликлардан азият чекувчи деб эътироф этилган, яъни фаол шаклдаги сил билан оғриган шахслар (диспансер ҳисобининг 1 ва 2 гуруҳлари) киради2.

2.

Қарорнинг 2-бандига кўра: ­эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар;

қасддан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинади.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қонунда 3 йилдан кўп бўлмаган озодликдан маҳрум этиш тарзида жазо назарда тутилган қасддан қилинган жиноятлар, шунингдек қонунда 5 йилдан кўп бўлмаган озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо назарда тутилган эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятлар киради.

 

3.

Қарорнинг 3-бандига мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати 2 йил-у 6 ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилинади.

Мазкур банд жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганларга (Жиноят кодексининг 97-моддаси, бундан кейин – ЖК) татбиқ этилмайди.

 

4.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 4-бандига асосан тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар ҳам жазодан озод қилинадилар.

Тузалиш йўлига қатъий кирган ушбу тоифадаги шахсларга, уларнинг ёши, жинси ва фуқаролигидан қатъи назар, Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 4-банди:

Миллий хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли хулосаси;

судланган шахснинг содир этган жинояти учун чин кўнгилдан пушаймонлиги тўғрисида ёзма аризаси;

жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг судланган шахснинг фаол пушаймонлиги тўғрисидаги хулосаси;

судланган шахснинг яқин қариндошлари ва яшаш жойи бўйича фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ёзма кафиллиги мавжуд бўлганда қўлланиши мумкин.

 

5.

Қарорнинг 5-бандига кўра Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1 ва 2-бандларида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилади.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 5-банди ЖКнинг 68-моддасига4 асосан қўллаганда, яъни шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинганда Қарорнинг 7-банди билан белгиланган истисноларни ҳисобга олган ҳолда Қарорнинг 1 ва 2-бандларида саналган шахслар содир этган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари ва терговгача текшириш материалларини кўриш тугатилади.

 

6.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 6-бандига биноан Қарор асосида озод қилинмайдиган шахсларнинг:

а) қасддан содир этган жинояти учун 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати – учдан бир қисмига;

б) қасддан содир этган жинояти учун 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилди.

Қарорнинг 6-банди қўлланилганида 2014 йил 15 ноябрдан бошлаб жазони ўташнинг реал қолган қисми қисқартирилади.

Жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлар ва шартли озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлар ҳам Қарорнинг 6-банди таъсирига тушади.

 

7.

Қарор 7-бандининг «а» кичик бандига мувофиқ унинг амал қилиши узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга татбиқ этилмайди.

Кўп ҳолларда қамоққа олинган, тергов изоляторларида бўлган шахслар уларнинг тергов изоляторларидаги хулқ-атворлари уларни жазони ўташ режимини мунтазам бузувчилар деб тан олиш ёки тан олмаслик масаласини ҳал этишда ҳисобга олиниши масаласи билан қизиқадилар.

Мазкур масалага жавоб Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Қарорининг (22.12.2006 йилдаги 16-сон) 24-бандида келтирилган, унга кўра судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖКнинг 77-моддаси, Жиноят-ижроия кодексининг 5-моддасига мувофиқ қамоққа олиш тариқасида эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар жазо ўтовчи ҳисобланмайдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳукм қонуний кучга киргунга қадар намоён этган хулқ-атворлари уларни жазони ўташ тартибини муттасил бузувчи деб топиш масаласи ҳал этилаётган пайтда инобатга олиниши мумкин эмас. Ушбу қоида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ўтаётган вақтда янги жиноят содир этганлиги учун эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қарор 7-бандининг «б» кичик бандига кўра Қарор 1-бандининг амал қилиши ўта оғир жиноят содир этган шахсларга татбиқ этилмайди.

Яъни жинси, ёши ва фуқароликка мансублигидан қатъи назар жиноятни қасддан содир этган, бунинг учун Жиноят кодексида 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган шахслар жазодан озод этилмайди.

Қарорнинг 7-банди «в» кичик бандига мувофиқ ушбу Қарор 1–3, 5-бандларининг амал қилиши ЖКнинг «Фирибгарлик» деб номланган 168-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга татбиқ этилмайди.

Қарор 7-бандининг «г» кичик банди Қарор 1–3, 5, 6-бандларини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлиги, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахсларга татбиқ этишга йўл қўймайди.

Тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлик, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахслар деганда совуққонлиги, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиши, уларни ошириб юбориши, улар ҳокимиятининг ҳаракатсизлиги мазкур жиноятларни содир этишга имкон яратган мансабдор шахслар, ҳокимият вакиллари ва хизмат ваколатлари берилган шахслар ҳам тушунилади.

Бунда юқорида айтилганлар уларга нисбатан жиноят ишлари дастлабки текшириш босқичида бўлган ва судлар томонидан кўрилмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Амнистия тўғрисидаги қарор расмий равишда чоп этилган кундан (2014 йил 15 ноябрь) бошлаб кучга киради ва 3 ой мобайнида ижро этилади.

Амнистия тўғрисидаги қарорни 3 ойлик муддат ўтганидан кейин қўллаш масалаларини судлар ҳал қилади.

 

 

Қонунга кўра шахсга нисбатан жазо тайинланган ҳолларда ҳам, агар суд ҳукмда уни амнистия акти асосида ушбу жазони ўташдан озод қилиш тўғрисида қарор қилган бўлса, шахс судланмаган ҳисобланади. Шахсга нисбатан амнистия актига асосан жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқарилган ҳолда ҳам у судланмаган ҳисобланади3.

 

Амнистия актини қўллаш масаласини, жиноят жараёнининг босқичидан қатъи назар, фақат суд ҳал қилади.


1Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилган чет давлатлар фуқароларини ҳисобга олишни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишни ЎзР ИИВ ТИВ билан биргаликда таъминлайди.

2ИИВ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Амнистия тўғрисидаги қарорга асосан жазодан озод этилган 1 ва 2-гуруҳлари диспансер ҳисобидаги сил билан оғриган бемор шахсларни ҳисобга олишни ташкил этиш ва махсус даволаш муассасаларига юборишни таъминлайди.

3Олий суд Пленумининг 22.12.2006 йилдаги 16-сон Қарорининг 6-банди.

4Жиноят содир этган шахс амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

 

Ахтам ҲИКМАТОВ,

адвокат. 

Прочитано: 4230 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика