Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 49 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАРГА ДОИР ЎЗГАРТИРИШЛАР  

Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2014 йилдаги 319-сон Қарори билан Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига ўзгартириш киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар салоҳиятли абонентларни излай олмайдилар ва телекоммуникациялар операторлари, провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатишда улар билан шартномалар туза олмайдилар. Бунда абонентлар ёки хизматлар кўрсатувчиларга маълумот-ахборот хизмати кўрсатиш ва тўловларни қабул қилиш ўзгаришсиз сақланиб қолди.

 

ТОШКЕНТДА ФАО ВАКОЛАТХОНАСИ ОЧИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 26.11.2014 йилдаги 321-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ваколатхонаси фаолиятини ташкил қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йил 5 июнда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида мамлакатимизда ФАО Ваколатхонасини таъсис қилиш тўғрисида битим имзоланди.

Битимга мувофиқ Ўзбекистон Ҳукумати ФАО Ваколатхонаси учун бино тақдим этади ва уни тутиб туриш, шу жумладан хизмат кўрсатувчи ходимларни таъминлаш харажатларини қоплайди, шунингдек Ваколатхона ходимларини таъминлаш харажатларини молиялайди.

Ҳужжат билан белгиланишича, ФАО Ваколатхонаси офисини ва ходимларини, шу жумладан хизмат кўрсатувчи ходимларни тутиб туриш харажатлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига уруғлик чигит навлари учун устамаларни тўлашга ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молияланади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига Ваколатхона харажатлари сметасини тасдиқлаш топширилди. Вазирлик Ўзбекистон Ҳукумати номидан ФАОга лавозимларга номзодларни таклиф қилади.

ФАО Ваколатхонаси, шунингдек унинг Ўзбекистон фуқароси ҳисобланмаган ходимлари ва уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда аккредитация қилинади.

ФАО Ваколатхонаси лавозимларига хорижий ходимларни тайинлаш Битимга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳужжат билан Ягона тариф сеткаси бўйича ФАО Ваколатхонаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланди. ФАО Ваколатхонасининг штатдаги ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган мукофотлар ва моддий ёрдам кўрсатиш тартиби ва шартлари татбиқ этилади.

 

УЧУВЧИСИЗ УЧАДИГАН АППАРАТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАҚИҚЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 26.11.2014 йилдаги 322-сон Қарори билан ҳаво кемаларининг парвози хавфсизлигини таъминлаш ва самовий ҳудуддан ноқонуний фойдаланилишининг олдини олиш мақсадида 2015 йил 1 январдан учувчисиз учадиган аппаратларни (ТИФ ТН бўйича коди – 8802 20 000 0) Ўзбекистонга олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш тақиқланади.

Шу муносабат билан:

Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси, Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси, МХХ ва Ички ишлар вазирлигига учувчисиз учадиган аппаратларни ноқонуний олиб кирилиши, сотилиши ва фойдаланилиши далилларини аниқлаш ва бартараф этиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш вазифаси топширилди;

манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштиришлари лозим;

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон самовий ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлашлари лозим.

 

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИГА ЯНА 18 ЛОЙИҲА КИРИТИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 26.11.2014 йилдаги 323-сон Қарори билан 2014–2016 йилларда тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига тузатишлар киритилди.

Қарор билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ Дастурга 14 корхона томонидан амалга ошириладиган 18 та янги лойиҳа киритилди.

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган ташкилотларга Президентнинг 4.02.2014 йилдаги ПҚ-2120-сон Қарорининг 3-бандида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади:

божхона тўловлари бўйича – мазкур Қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб;

солиқлар бўйича – мазкур Қарор расман эълон қилинган кундан кейинги ойнинг биринчи санасидан.

Эслатиб ўтамизки, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар 2017 йил 1 январга қадар қуйидаги тўловларни тўлашдан озод қилинади:

олиб кириладиган технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек республикада ишлаб чиқарилмайдиган, маҳаллийлаштирилган маҳсулотни ишлаб чиқаришда технологик жараёнда фойдаланиладиган компонентлар учун тўланадиган божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);

маҳаллийлаштириш дастури бўйича ишлаб чиқариладиган маҳсулотлардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўловидан (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллайдиган субъектлар учун);

маҳаллийлаштирилган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш фондларига солинадиган мол-мулк солиғидан.

 

ҚОН БИЛАН ИШЛАШ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИ ТАРТИБИГА ТУЗАТИШЛАР КИРИТИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2014 йилдаги 324-сон Қарори билан бепул донорликни ривожлантириш ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари захираларини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:

Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисидаги низом;

Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом;

Даволаш-профилактика муассасаларининг донор қонининг таркибий қисмларига эҳтиёжларини таъминлаш нормативлари.

Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисидаги низом қон билан ишлаш хизматини, идоравий мансублигидан қатъи назар, давлат соғлиқни сақлаш тизимининг донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш бўйича ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари мажмуидан иборат деб белгилайди.

Қон билан ишлаш хизмати муассасаларининг, шунингдек вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг донор қони ва унинг таркибий қисмлари масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Қон билан ишлаш хизмати муассасалари ишларини ташкил этиш ва уларнинг тартиби:

республика аҳамиятига эга бўлган – тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан;

минтақавий аҳамиятга эга бўлган – маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган низомлар билан аниқланади.

Қон препаратларини тайёрлаш билан шуғулланувчи қон билан ишлаш хизмати муассасалари ўз фаолиятини фармацевтика фаолиятига берилган лицензия асосида амалга оширадилар.

Қон билан ишлаш хизмати қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этишни қуйидаги йўллар билан амалга оширади:

донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш;

аҳолини қон ва унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда топширишга жалб этиш;

донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг хавфсизлик шароитларини таъминлаш;

донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ташишни ташкил этиш;

донор қони банкини яратиш ва янгилаб бориш;

қон билан ишлаш хизматини, донорликни қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини, уларни тайёрлашни ҳамда клиник қўлланишни ташкил этиш масалалари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;

қон донорлиги бўйича маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш;

қон ва унинг таркибий қисмларининг ихтиёрий бепул донорлигини ривожлантириш бўйича нодавлат ноҳукумат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Қон билан ишлаш хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ҳужжат билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар ва идораларнинг қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатлари, шунингдек фавқулодда вазиятларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини, донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш тадбирларини молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом билан донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш:

даволаш-профилактика муассасаларида беморга қон қуйиш;

даволаш-профилактика муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш;

беморни бошқа даволаш-профилактика муассасасига йўналиш бўйича кузатиб бориш ҳолатларида амалга оширилади.

Донор қони ва унинг таркибий қисмларини Ўзбекистонга олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш фавқулодда вазиятларда шошилинч инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳолатларида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илтимосномасига биноан Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади.

Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш фақат ташиш қоидаларига риоя этилиши учун жавоб берадиган соғлиқни сақлаш давлат тизимининг ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ходими томонидан амалга оширилади.

Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташиш, олиб кириш ва олиб чиқиш қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак:

совутиш ускуналари ва транспорт термоизоляция контейнерларининг мавжудлиги;

донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ташишда уларнинг номи бўйича алоҳида сақланишини таъминлаш;

муайян ҳарорат режимини доимий равишда сақлаш.

Термоизоляция контейнерлари ташиш, олиб кириш ва олиб чиқишда зарблардан, буралишдан, силкинишдан, катаклар қисмлари — музлашдан сақланиши лозим.

Донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини ярим соатдан кам вақтда ташиш етарли даражада изотермикликни таъминлайдиган ҳар қандай контейнерлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

 

ТРАКТОРЧИ-МАШИНИСТЛАР ГУВОҲНОМАСИ УЧУН ТЎЛОВ МИҚДОРИ ЎЗГАРДИ

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғи (АВ томонидан 18.11.2014 йилда 2469-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тракторчи-машинистларга гувоҳномалар ва огоҳлантириш талонлари бериш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш киритилди.

Ҳужжат билан имтиҳонлар олишда тракторчи-машинистларга гувоҳномалар ва огоҳлантириш талонлари берилганлиги учун йиғимлар миқдори белгиланди.

Шундай қилиб, буюртмачидан йиғим қуйидагича ундирилади:

йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳонлар олинганлиги учун — ЭКИҲнинг 0,04 баравари (илгари – ЭКИҲнинг 0,04%и);

техникани эксплуатация қилиш қоидалари бўйича имтиҳонлар олинганлиги учун — ЭКИҲнинг 0,23 баравари (илгари – ЭКИҲнинг 0,23%и);

ҳайдаш кўникмалари қоидалари бўйича имтиҳонлар олинганлиги учун — ЭКИҲнинг 0,23 баравари (илгари – ЭКИҲнинг 0,23%и);

гувоҳнома берилганлиги учун — ЭКИҲнинг 0,17 баравари (илгари – ЭКИҲнинг 0,17%и);

огоҳлантириш талони берилганлиги учун — ЭКИҲнинг 0,08 баравари (илгари – 0,08%и).

Масалан, бугунги кунда ЭКИҲ 107 635 сўмни ташкил қилади. Илгари гувоҳнома берилганлиги учун тўлов 183 сўмни (107 635 х 0,17%)ни ташкил қилган, энди 18 298 сўмни (107 635 х 0,17) ташкил қилади.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 24.11.2014 йилдаги 47 (651)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

НОТУРАР ЖОЙ БИНОЛАРИ БУЗИЛГАНДА КОМПЕНСАЦИЯЛАР ТЎЛАНАДИ

Тошкент шаҳар ҳокимининг 21.11.2014 йилдаги 953-сон қарори билан Тошкент шаҳрида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан нотурар жой бинолари бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур Низом юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотлар (кейинги ўринларда нотурар жой бинолари) жойлашган ер участкаларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилиши белгиланганида етказилган зарарларни, ўринга-ўрин аввалгисига тенг қийматли нотурар жой бинолари ҳамда ер майдони ажратиш орқали қоплаш тартибини белгилайди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарорларига асосан, Тошкент шаҳри ҳудудида қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ишлари олиб борилиши муносабати билан нотурар жой бинолари бузилишга тушиши мумкин.

Тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг бузилишга тушганлари рўйхатини тузиш, тўлов миқдори ва компенсация турини аниқлаш бўйича махсус комиссия фаолият юритади.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 29.05.2006 йилдаги 97-сон Қарори билан тасдиқланган) меъёрларидан келиб чиққан ҳолда, нотурар жой бинолари жойлашган ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади:

1) юридик ва жисмоний шахсларга аввалгисига тенг қийматли нотурар жой бериш ва давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган бошқа зарарларни томонларнинг келишувига кўра қўшимча нотурар жой бериш ҳамда ер участкасига нисбатан доимий фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд ҳолларда, аввалгисига тенг майдонли ер участкаси ажратиш йўли билан қоплаш;

2) юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган бузилиши керак уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш;

3) янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни юридик ва жисмоний шахсларга мулк қилиб бериш;

4) ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни (бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини) тўлалигича қоплаш.

Ўзбошимчалик билан барпо этилган уйлар, нотурар жой бинолари қиймати тўланмайди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган нотурар жой биноларини бузиш тўғрисида қарори қабул қилингандан сўнг, тегишли туман Комиссияси томонидан Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати билан биргаликда ушбу ҳудуддаги бузилишга тушган нотурар жой бинолари хатловдан ўтказилади.

Ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарларни қоплаш ва компенсация бериш масалаларини ҳал этиш учун нотурар жой бинолари мулкдорлари томонидан туман Комиссиясига бузилишга тушган кўчмас мулк объектига тегишли мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (давлат ордери, ҳукумат ва бошқа давлат бошқарув органлари қарорлари, суднинг қонуний кучга кирган ҳукм, қарор, ажримлари, олди-сотди шартномаси ва бошқа турдаги битимлар), кадастр ҳужжатлари, баҳолаш ҳисоботи (фотосуратлар ва мулкка тегишли бошқа ҳужжатлар) топширилади.

Туман комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, бузилишга тушган нотурар жой бинолар эвазига компенсация тариқасида бошқа манзилдан аввалгисига тенг қийматли нотурар жой биноларини ёки ер майдонини ажратиб бериш тўғрисида баённомани мулкдор билан келишилган ҳолда расмийлаштиради. Баённоманинг тасдиқланган нусхаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига тақдим этилади.

Мазкур баённомага мувофиқ, мулкдор бузилишга тушган нотурар жой бинолари эвазига бошқа манзилдан аввалгисига тенг қийматли бино ёки ер участкаси ажратиб бериш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулкдорга бошқа манзиллардан аввалгисига тенг қийматли нотурар жой биноларини ёхуд ер участкасини таклиф қилади.

Таклиф этилган нотурар жой биноларидан бири мулкдор томонидан маъқулланганидан сўнг, ушбу нотурар жой биносини бузилишга тушган нотурар жой биноси ўрнига топшириш тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокими қарор қабул қилади. Янги ер участкасининг берилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ушбу қарорига мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли Бинолардан фойдаланиш департаменти бузилишга тушган ҳамда ўринга-ўрин берилаётган нотурар жой биноларини баҳолаш бўйича баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган баҳоловчи ташкилотга буюртма беради. Баҳолаш ва баҳолаш ҳисоботини экспертизадан ўтказиш бўйича тўловлар Бинолардан фойдаланиш департаменти томонидан амалга оширилади.

Баҳолаш натижаларига кўра бузилишга тушган нотурар жой бинолар мулкдори ҳамда Бинолардан фойдаланиш департаменти ўртасида келишув битими расмийлаштирилади. Келишув битимида:

бузилишга тушган ҳамда ўринга-ўрин берилаётган бино ва иншоотларнинг баҳолаш қиймати;

ўринга-ўрин берилаётган объектнинг баҳолаш қиймати бузилишга тушган объект қийматидан кўп бўлса, улар ўртасидаги тафовутни тўлаш тартиби;

объектларни баҳолаш учун қилинган харажатларни мулкдор томонидан Бинолардан фойдаланиш департаментига қоплаб бериш масалалари акс эттирилади.

Агар ўринга-ўрин берилаётган объектнинг баҳолаш қиймати бузилишга тушган объект қийматидан кам бўлса, мулкдор қўшимча бино ва иншоотлар ажратишни сўраб Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат этишга ҳақли.

Келишув битимига мувофиқ, мулкдор томонидан тегишли тўловлар амалга оширилгандан сўнг, ўринга-ўрин берилаётган нотурар жой биноси балансда сақловчиси ва мулкдор ўртасида топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилади. Кейин Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан мулкдор номига эгалик ҳуқуқи билан давлат кадастри рўйхатидан ўтказилади.

Туман комиссияси бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар эвазига пул компенсациясини тўлаш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига таклиф киритиши мумкин. Бунда компенсация тўловларини бериш, маҳаллий бюджетнинг йил чораги якунлари бўйича прогноздан ортиқча тушадиган даромад қисми маблағлари, Тошкент шаҳар бюджетининг захира фонди маблағлари ва давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асосида амалга оширилади (тўлов муддати қарор лойиҳасида кўрсатилади).

Қарор «Тошкент оқшоми» газетасининг 26.11.2014 йилдаги 234-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 2263 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика