Norma.uz

Ота-она учун келишув

Сир эмаски, ота-она ажрашганидан кейин 90% ҳолатда бола онаси билан қолади. Бироқ ота ҳам, гарчи алоҳида яшаса-да, бола билан кўришиш ва уни тарбиялашда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ота бола билан дам олиш кунларининг ҳаммасида бирга бўладиган, онага эса бунинг учун фақат иш кунлари қоладиган вазиятга қандай қилиб йўл қўймаслик мумкин? Ота тўгараклар ва секцияларни танлашга таъсирини ўтказа оладими? Бола билан узоқ муддатли таътилга чиқиб кетиш мумкинми? Ота боласини ўзининг ота-онаси олдига олиб боришни хоҳласа, қандай йўл тутиш керак?

 

ҲАҚИМ БОР

Қонун ҳужжатларида ота-онанинг ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги (Оила кодексининг (ОК) 71-моддаси), шунингдек ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эгалиги қоидаси (ОКнинг 66-моддаси) мустаҳкамланган. Бироқ ушбу меъёрларни амалиётда рўёбга чиқариш осон бўлмайди.

ОКнинг 76-моддасига кўра боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан:

кўришиш;

унинг тарбиясида иштирок этиш;

таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

Шу боис бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига йўл қўйиши шарт, акс ҳолда она (ота) ва уларнинг биргаликдаги боласининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари камситилади. Бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирадиган ҳоллар бундан мустасно.

Бироқ бола билан бирга яшайдиган ота (она)нинг она (ота)нинг таъсири зарарли эканлиги ҳақидаги фикри одатда бир томонлама бўлади, шу сабабли амалиётда бундай низолар суд тартибида ҳал қилинади.

 

ИМКОНИЯТ ҚЎЛИНГИЗДА

Агар ота-она бола билан кўришиш тартибини тинч йўл билан амалга оширишга тайёр бўлсалар, буни келишув тузиб ҳал этишлари мумкин. ОКнинг 76-моддасида назарда тутилишича, мазкур келишувни ёзма равишда тузиш мумкин. Қонунда уни албатта нотариал тасдиқлатиш назарда тутилмаган. Бироқ бола ва алоҳида яшаётган ота (она)нинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мазкур келишувни нотариусда тасдиқлатиш мақсадга мувофиқдир.

Оғзаки келишувни тузиш ҳам, уни бузиш ҳам осонлигини унутмаслик керак. Агар ҳуқуқбузарлик мунтазам тус олса, бундан норози ота (она)нинг бола билан кўришишга бўлган ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиб судга мурожаат этишига тўғри келади. Айни шу боис никоҳни бекор қилиш жараёнидаёқ бўлғуси ҳуқуқларингизни имкони борича ҳимоя қилишни тавсия этамиз. Қўлингиздаги ҳужжат – позициянгизни ҳимоя қилишдаги имконингиздир.

Келишувни одатда бола билан кўришиш тартиби тўғрисида келишув деб атайдилар. Унга нафақат бола билан кўришишга тааллуқли шартлар киритилиши мумкин. Чунончи, келишувда боладан алоҳида яшовчи ота (она) муай­ян вақтда бола уйда қўшимча таълим олишини таъминлашини кўрсатиш мумкин. Унда қонун ва ота-онанинг аниқ хоҳиш-истакларига мувофиқ бўлган бошқа шартларни ҳам қайд этиш мумкин.

 

ШАРТЛАРНИ БАЖАРСА БўЛАДИ

Айни кўришиш тартибини белгилаш энг муҳим ҳолат бўлиб, унда уч масалани ҳал этиш лозим.

1. Кўришиш жойи – ота (она) болани учрашув вақтида олиб келиши мумкин бўлган жой (масалан, парк, кинотеатр, театр, кўнгил очиш мажмуаси, ўз уйи).

Бола билан кўришиладиган жойларга келсак, уларни белгилаб қўйиш шарт эмас. Бироқ, хоҳиш бўлса, болани зўравонлик саҳналари бўлган, зарарли одатларни тарғиб қиладиган ёки унинг нормал руҳий-ижтимоий ривожланиш жараёнини очиқдан-очиқ бузадиган томошаларга (бокс бўйича мусобақалар, тегишли кинофильмлар, қимор ўйинлари ва ҳоказо) олиб бориш тақиқланишини кўрсатиш мумкин. Ёки кўришиладиган жойни тўғридан-тўғри кўрсатиш мумкин. Бундай жойларга, хусусан, қуйидагилар киради: боланинг яшаш жойи, кўришмоқчи бўлган ота (она)нинг яшаш жойи, аҳолининг оммавий-маданий ҳордиқ чиқариш жойлари ва ҳоказо.

2. Бола билан кўришиш вақти.

Кўришиш вақти батафсил баён этилиши керак. Куннинг аниқ даврлари (масалан, соат 10.00 дан 16.00 гача), ҳафта кунлари (ҳар бир ойнинг иккинчи ва тўртинчи сешанбаси), ойнинг календарь кунлари (ҳар бир ойнинг 1–4 кунлари), саналар (23 февраль, 7 апрель ёки туғилган кундан кейинги кун) кўрсатилиши керак. Бундан ташқари, кўришиш вақти боланинг таътилига ёки кўришмоқчи бўлган ота (она)нинг таътилига тўғриланиши мумкин.

3. Бола билан кўришиш тартиби.

Бунда кўришмоқчи бўлган ота (она) бола билан бир ўзи ёки фақат бошқа томон – она (ота) (у тайинлаган шахс) ҳозирлигида кўришиши масаласини ҳал этиш назарда тутилади.

Шуни қайд этиб ўтамизки, боладан алоҳида яшовчи ота (она) уни тарбиялаш ҳуқуқини сақлаб қолади, шу сабабли аҳён-аҳёнда кўришмаслиги керак. У доимий ва мунтазам бўлиши лозим. Фақат шундай тартиб боланинг ҳақиқий манфаатларига мувофиқ бўлади ва унинг нормал ривожланишига имкон яратади.

Ушбу учта шарт бола билан кўришиш тартиби тўғрисидаги келишувда баён этилиши керак. Бироқ бу ҳол келишувга бошқа шартларни ҳам киритиш имкониятини истисно этмайди.

Бундай келишувни тузиш, албатта, энг қулай вариант. Бир тарафдан, у ишни судгача олиб бормасликни таъминлайди, бошқа тарафдан эса, унда ота-онанинг иккаласи учун фойдали ва боланинг манфаатларини энг мақбул тарзда таъминлайдиган қарор ўз ифодасини топади. Агар ота-она келишишга муваффақ бўлса, ҳамма, айниқса бола мамнун бўлади.

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1136 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика