Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 28 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

«Шишинган» тилхат

Ота-оналар ўз муаммоларини ҳал этишга берилиб кетиб, болаларини, уларнинг иқболи, фаровонлигини ҳам унутиб қўядилар. Алимент тўлашдан қочиб, нодон оталар қанақа қинғирликларга қўл урмайдилар дейсиз?!

 

 

Тошкент вилояти туманларидан бирининг прокуратурасидан суд-техника экспертизаси ўтказиш учун икки ўғилнинг онаси номидан ёзилган иккита тилхат келиб тушди.

Ҳар иккала тилхат ёзув машинкасида ёзилган. Болаларнинг онаси тилхатни қалбакилаштирган дея турмуш ўртоғи устидан судга даъво аризаси берган экан. Она бу ҳужжатни имзолаётганда тилхат матни мазмуни бутунлай бошқача эди, деб туриб олди. Унда гап, суд қарор қилганидек, болаларни отаси билан бирга бўлиши учун эрига бир кунга бераётганлиги ҳақида эди.

Суд асносида она бу тилхатларга тасодифан кўзи тушиб қолди. Таассуфки, улар бутунлай бошқа мазмунда эди. Тилхатнинг юқори ва пастки қисмига машинкада болаларнинг онаси турмуш ўртоғидан алимент тўлови ҳисобига катта миқдорда пул олганлиги ҳақида қўшиб ёзиб қўйилибди.

Суд шу муносабат билан суд-техника экспертизаси тайинлади. Экспертиза олдига тилхатлар матнларининг дастлабки мазмуни ўзгартирилган-ўзгартирилмаганлигини аниқлаш вазифаси қўйилган эди.

Асосий матнни унинг юқори ва пастки қисмидаги матнлар билан қиёсий текшириш ўтказилганда шу нарса аниқландики, улар айни битта машинкада ёзилган, қаторлар жойлашуви мос, сатрлар ёзилганда бир чизиқ ҳосил қилган. Бундай қараганда қўшимча қилиб ёзилган дейиш қийин. Бироқ Марказимиз ихтиёридаги мавжуд асбоблар ёрдамида тилхатларни синчковлик билан ўрганиб чиққан эксперт оддий кўз билан пайқаш қийин бўлган қўшимча ёзиш ҳолатини аниқлади. Қўшилган сатрларда жойлашган белгиларнинг асос чизиғи бирламчи матн билан мос эмасди, тилхатнинг асосий матни узра белгилар синов тариқасида уриб ёзиб кўрилганлик аломати мавжуд бўлиб, матннинг кейинчалик ёзилган қисмларида бу нарса йўқ эди.

Юқорида зикр этилган белгиларга асосланган ҳолда эксперт тилхатнинг бирламчи матнига (болаларнинг онаси имзолагач) алимент тўлови ҳисобига турмуш ўртоғидан катта миқдорда пул олганлиги хусусидаги қисмлар қўшимча равишда ёзилган деган хулоса берди. Айтиш жоизки, қалбаки матнни жойлаштириш маҳорат билан қилинган. Ҳатто эксперт ҳам бу қалбакиликни дафъатан аниқлай олмаган.

Шундай қилиб, мазкур ҳужжатларнинг суд-техника экспертизаси юзасидан эксперт берган хулоса алимент тўлашни хоҳламаётган фирибгарни фош этишга ёрдам берди. Кейинчалик у  матнга қўшиб ёзилган қисмларни айни ўша ёзув машинкасида ёзганлиги исботланди. Суднинг ихтиёрида шу машинкада чиқарилган бошқа ҳужжатлар ҳам бор эди.

Фирибгарлар кўпинча бунақа қалбаки ҳужжатларни шахсий компьютернинг босма қурилмалари – лазер ва пуркама принтердан чиқариб, турли ҳужжатлар қисмларидан фойдаланган ҳолда, монтаж қилиш йўли билан амалга оширадилар.

Бир сафар қарз тилхатини экспертизага олиб келишди. Тилхатдаги имзо ҳам, муҳр изи ҳам ҳақиқий эди. Эксперт муҳр изини текшираётиб, тилхатнинг матни битта лазер принтеридан, реквизитлари эса бошқа лазер принтеридан чиқарилганлигига эътибор қилди. Демак, тилхат бир вақтнинг ўзида бирйўла босиб чиқарилмаган, бинобарин принтердан икки марта ўтказилган. Ишга оид материаллар билан танишиб чиқиш асносида шу нарса аниқландики, муҳр эгаси ҳужжатларни расмийлаштираётганда матн билан реквизитлар орасида катта жой (оралиқ) қолдиришга одатланган экан. Фирибгарлар шундан фойдаланиб, қоғоздаги бўш жойга ўзлари учун керакли матнни ёзиб чиқаришган. Бирламчи ҳужжатнинг юқори қисми кескич асбоб билан кесилган экан. Эксперт қарз тилхатини тайёрлашда монтаж қилинганлик ҳолатини исботлаб берди.

Марказимизга шунга ўхшаш яна бир қалбаки тилхатни олиб келишди:  тилхат масъул шахс АҚШ долларида катта миқдорда пул олганлиги хусусида эди. Шуниси ҳам борки, тилхатнинг асосий матни пуркама принтерда, имзо яқинидаги реквизитлар эса лазер принтерида чиқарилган экан.

Тилхатнинг юқорисида қолдирилган бўш жой бир неча миллиметрни ташкил этар, қоғознинг чети нотекис қирқилган эди. Аниқланган белгилар тилхат имзоси бўлган қандайдир бошқа ҳужжатнинг бир қисмидан фойдаланган ҳолда монтаж қилинганлигидан далолат берар эди.

Ҳужжатларни ундаги варақларни алмаштириш йўли билан қалбакилаштириш ҳоллари анча кенг тарқалган. Бундай ҳолларда экспертлар қоғозларнинг бир хиллигини қиёсий текширишдан ўтказадилар, матнларни расмийлиштирув услуби, сатрлар жойлашувининг топографик белгиларига қиёслаб текширадилар.

Қўлда ёзилган тилхатлар қалбакилаштирилган тақдирда экспертлар асосан тилхат матнларининг дастлабки мазмунини тиклайдилар, бунга қадар ўзгартирилган, қўшиб ёзилган ва чиқариб ташланган (ўчирилган) ҳолатлардан далолат берувчи белгиларни аниқлайдилар. Шу йўсин улар жиноятларни фош этишда судларга ва тергов ходимларига катта ёрдам берадилар. 

 

Фания БАХТИЯРОВА,

Адлия вазирлиги

ҳузуридаги Республика суд экспертизаси

марказининг бош

эксперти. 

Прочитано: 911 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика