Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 23 / Бизнинг лойиҳалар

ННТ «Norma» кўзгусида

19–21 май кунлари «NORMA» профессионал ривожланиш марказида Тошкент ва минтақалардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) раҳбарлари, бухгалтерлари ва кадрлар бўйича ходимлар учун семинарлар ўтказилди.

 

Семинарлар грант лойи­ҳаси доирасида ишлаб чи­қил­ган, «ННТда солиқ солиш, бухгалтерия ҳисоби ва кадрлар ишини юритишнинг хусусият­лари» курси бўйича янги ўқув-услубий дастури тақдим этилди. Унда курснинг мавзуларига доир ўқув материаллари, ҳужжатларнинг намуналари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар келтирилган. Буларнинг ҳаммаси «NORMA» ахборот-қидирув тизимининг дастурий қобиғида жойлаштирилган бўлиб, улар керакли ахборотни излашнинг кўп вариантли бўлиши, уни актуаллаштириш ва бепул тарқатиш имкониятини таъминлайди.

Семинарларни олиб борувчилар – Марказ экспертлари Надежда Коваленко ва Абдусалом Рисқуллаев тақдимотда ННТга хос бўлган бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш ва кадрлар ишини юритиш хусусиятлари тўғрисида сўзлаб бердилар. Бироқ, Марказнинг анъанасига кўра иш шу билан чеклангани йўқ. Маш­ғулотларнинг анча қисми иштирокчиларнинг саволларига бериладиган жавоб­ларга ажратилди, улар ўз ННТлари фаолиятининг долзарб масалалари бўйича бепул маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлдилар. Газетхонларни савол-жавобларнинг баъзилари билан таништирамиз.

 

ННТда хизмат сафари харажатлари қандай ҳи­собдан чиқарилади?

– Хизмат сафари харажатлари қуйидаги проводка билан амалга оширилади:

Дт 2200-«Мақсади бўйича мақсадли маблағлар харажатларини ҳисобга олувчи ёрдамчи ҳисобварақлар»;

Кт 6970-«Ҳисобдор шахс­ларга бўлган қарз».

Ҳисобдор шахс­лар бўйича қарз ҳисобини юритиш учун ҳисобварақлар ишчи режасига 6971-«МДҲ ва олис хорижга хизмат сафарлари» ва 6972-«Ўзбекистон Респуб­ликаси ичидаги хизмат сафарлари» қўшимча илова ҳисобварақларини киритиш мумкин.

Шуни ёдда тутиш лозимки, Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафари бўйича узил-кесил ҳисоб-китоб, бўнак ҳисоботини қабул қилиш санасида Марказий банк курси бўйича белгиланган меъёрлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, ҳужжат­лар билан тасдиқ­ланган ҳақи­қатдаги харажатларга биноан амалга оширилади.

– Ташкилотимиз хайрия фаолиятини юритади. Бизда волонтёрлар мавжуд. Тез орада уларни хизмат сафарига юборишни режалаш­тиряпмиз. Биз уларга хизмат сафари пулларини тўла­шимиз мумкинми?

– «Ҳомийлик тўғриси­да»ги Қонуннинг (2.05.2007 йилдаги ЎРҚ-96-­сон) 9-моддасига кў­ра ҳо­мий­лик ташкилоти кўнгил­лиларнинг ушбу ташкилотдаги фаолияти билан боғлиқ харажатларини (хизмат сафари, транспорт харажатларини ва бошқа харажатларини) тўлаши мумкин.

– ННТ учун маъмурий харажатларнинг меъёри мавжуд деб эшитганман. Бу ҳақда батафсилроқ сўзлаб берсангиз.

– Бундай меъёр фақат жамоат фондлари учун белгиланган. «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.2003 йилдаги 527-II-сон) 24-моддасига кўра уларнинг маъмурий харажатлари барча харажатлар суммасининг 20%идан ошмаслиги керак. Бошқа ННТлар учун бундай чеклашлар белгиланмаган. Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, нотижорат ташкилотларининг барча харажатлари, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бюджет, лойиҳа сметаси ёки ННТнинг бошқа ички ҳужжатларида назарда тутилиши керак.

– ННТни тугатиш даврида мол-мулк ва пулларни Давлат бюджети даромадига топшириш чоғида 6400-ҳисобварақдан фойдаланиш мумкинми?

– 6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар» ҳисобварағидан мазкур ҳолда фойдаланиш тўғри бўлмайди. У солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бюджет олдидаги қарзни ҳисобга олиш учун мўлжалланган. Мазкур таомил 6990-«Бошқа мажбуриятлар» ҳисобварағини қўллаган ҳолда расмийлаштирилади.

– ННТнинг тадбиркорлик фаолиятидан оладиган даромадлари солиқ солишдан озод қилинганми?

– Агар махсус қайд этилган имтиёзлар мавжуд бўлмаса, ННТда тадбиркорлик фаолия­тидан олинадиган даромадларга йирик тижорат ташкилотлари учун белгиланган шартларда барча солиқлар солинади. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини, агар уларнинг мезонлари кичик бизнес субъектларига нисбатан қўлланиладиган қонунчилик талабларига мувофиқ келса, ННТнинг шуъба корхоналари қўллашлари мумкин.

– Ташкилотимиз бир қа­тор лойиҳаларни амалга оширяптики, уларда ходимлар вақтинча ишлашлари мумкин. Улар бўйича иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритиш зарурми?

– Ҳар бир лойиҳа бўйича, лойиҳа номини (ёки молиялаштириш тўғрисидаги битимнинг тартиб рақами ва санасини) кўрсатган ҳолда, иш вақтини ҳисобга олиш табелини расмийлаштириш мумкин. Мазкур ҳужжатда ходимларнинг фақат ушбу лойиҳа бўйича ишлаган соатлари ҳисобга олинади.

– Ташкилотимизда баъзи ходимлар турли манбалардан молиялаштириладиган бир нечта лойиҳа бўйича ўхшаш вазифаларни амалга оширадилар. Ушбу вазиятда меҳнат муносабатлари қандай расмийлаштирилиши керак?

– Ушбу ҳолда асосий меҳнат шартномасига қўшимча битимлар расмийлаштирилиб, уларда қўшимча вазифалар (ёки асосий вазифаларни кенгайтириш ҳажми), шунингдек молиялаштириш манбаи ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори кўрсатилади. Мазкур ҳолда биринчи тузилган шартнома асосий шартнома бўлиб ҳисобланади. Агар иккинчи шартноманинг давомийлиги биринчи шартноманинг амал қилиш муддатидан ошса, қўшимча битим фақат биринчи шартноманинг амал қилиш даврига расмийлаштирилади. У бекор қилинганидан (амал қилиш муддати тугаганидан) кейин молиялаштиришнинг иккинчи манбаи бўйича янги меҳнат шартномасини тузиш лозим. Учинчи, тўртинчи ва ҳоказо лойиҳалар бўйича меҳнат муносабатлари худди шу тарзда расмийлаштирилади.

* * * 

Тарқалишга шошилмаслик, шунингдек охирида қи­зғин қа­рсакларнинг авж оли­ши – семинарлар иштирокчиларга манзур бўлганлигидан далолатдир. Уларнинг баъзилари ўз таассуротлари билан ўртоқ­лашдилар:

 

Ирина КУЛИЧИХИНА, «Альфа ва Омега» таълимни қўллаб-қувватлаш фонди» ННТ бошқаруви раиси:

– Жуда фойдали тадбир бўл­ди. Ўзим учун кўп муҳим ахборотни, шу жумладан амалий ахборотни билиб олдим. Илгарилари баъзи турли талқинлар ва ноаниқликларга дуч келгандим. Бу ерда барча зарур жавоблар ва тушунтиришларни олдим. Семинар ва меҳмондўстларча муносабат учун раҳмат.

 

Шаҳризода СУЛТОНОВА, Тошкент шаҳар «Соф Дил» қандли диабет билан оғриган ногирон болалар жамиятининг раиси:

– Семинарда бухгалтеримиз иштирок этди. Сизнинг Марказингиз билан илгари таниш бўлмагани сабабли зерикарли расмий маъруза ўқилишини кутган эди. Амалда у кўп билим берадиган машғулотларда қатнашиб, анча фойдали ва қизиқарли ахборотлар олди. Кетган вақтига ҳеч ҳам ачинмади.

 

Наталья ПЛОТНИКОВА, Қибрай туман «Опа-син­гиллар» ногирон аёллар жамиятининг раиси:

– Афсуски, меъёрий ҳуж­жат­лар амалда ННТдаги бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш ва кадрлар ишини юритишнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олмайди. Шу сабабли семинарингиз ташкилотимиз учун кўплаб янги ва фойдали нарсаларни билиш учун ажойиб имко­ният яратди. Экспертларнинг тавсия ва маслаҳатларини олдик. Баъзиларини амалиётда қўллай бошладик ҳам. Масалан, штат жадвалини қайта кўриб чиқдик. Тадбир ташкилотчилари ва уни ўтказувчиларга миннатдорчилик билдираман. Келгусида бу сингари учрашувларнинг кўп бўлишини жуда ҳам хоҳлардик.

Юрий АИТОВ, «STATUS» танасининг орқа томони ногиронларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг директори:

– «NORMA» ташкил этган тадбирда биринчи марта иштирок этдим ва жуда мамнун бўлдим. Ўзим учун кўп қи­зиқарли нарсаларни билиб олдим. Баъзи маълумотлар янгилик бўл­ди. Олинган кўникмалардан ўз ишимда фойдаланаман.

 

Светлана КАРГИНА, Профессионал бошқарувчилар ва уй-жой фондига хизмат кўрсатувчилар ташкилотларининг уюшмаси бош бухгалтери:

– Курс жуда қизиқарли ва фойдали бўлди. Ҳисобварақлар ва проводкалар, солиқ солиш борасида янги ахборот олдим. Ажойиб мутахассисингиз Абдусалом Рисқуллаев кадрлар ишини юритиш бўйича бир талай муҳим ва фойдали ахборот берди. Тадбирда 1UZ бухгалтерия дастури билан ҳам танишдим. Энди у ҳақда кўпроқ нарса билишни хоҳлайман ва ушбу мавзуга бағишланган семинарга ёзилдим.

 

Нодир БЕКМУРОДОВ, «Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази» ННТ бош бухгалтери:

– Ушбу ажойиб семинарда иштирок этганимдан жуда хурсандман. Ўзим учун бир талай янги ва қизиқарли нарсаларни билиб олдим. Экспертлар қонун ҳужжатларидаги янгиликлар билан боғлиқ кўп жиҳатларни тушунтирдилар, қимматли маслаҳат ва тавсиялар бердилар. Семинар ташкилотчилари ва муаллифларига муваффақиятлар тилайман ва улар бизни бу каби тадбирлар билан тез-тез қувонтирадилар деб ишонаман!

 

Любовь МУЗОЛЕВА, «Mehr va oqibat» жониворларни ҳи­моя қилиш жамиятининг муассиси:

– Малака ошириш учун ажойиб курс бўлди. Ҳам­маси: ташкиллаштириш, аудитория, маърузачилар, иштирокчиларга ёндашув ва эътибор кўнгилдагидек бўлди. Бирорта саволни жавобсиз қолдиришмади. Кадрлар сиёсати билан боғлиқ мавзу айниқса фойдали бўлди. Ўзим учун ушбу соҳада кўплаб янги нарсалар олдим ва улардан амалиётда фойдаланяпман.

Наталья СПИРИДОНОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 1053 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика