Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 22 / Янги қонун моҳияти

Қонун ижодкорлигида ҳам қонунга риоя этиш шарт

Мамлакатимизда қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш фуқароларнинг орзу-интилишлари рўёбга чиқиши учун зарур шарт-шароит яратишга қаратилган ҳуқуқий асосларнинг янада мукаммаллашиши ва мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан 2014 йил 14 майда тасдиқланган «Ўзбе­кистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳиятида ана шундай мақсад мужассам.

Мазкур Қонунда норма ижод­корлиги жараёнини янада тако­миллаштириш, бу борада хал­қаро ва миллий амалиётни ҳи­собга олган ҳолда, самарали механизм яратиш ҳамда қонун ҳуж­жатларининг сифатини янада оширишга оид меъёрлар ўз ифодасини топган. Шу билан бирга, қонунчиликка бу борадаги фаолиятни амалга оширувчи органларнинг масъулиятини ошириш, қабул қилинган қонунлар ижро этилишини таш­кил этишга оид қоидалар киритилган.

Янги Қонун асосида Ўзбе­кистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Маълумки, ҳуқуқни қўллаш амалиётида тегишли қонун ҳуж­жатининг кучга кириш вақтини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 84-моддасида бу масалага эътибор қаратилган. Унга кўра, қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қи­линиб, Сенат томонидан маъ­қулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашр­ларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади. Бу қоида 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган «Норматив-ҳу­қуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунда ҳам ўз ифодасини топган. Қонуннинг 30-моддасига асосан, норматив-ҳуқуқий ҳуж­жатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатил­ган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мазкур қоида янги Қонун асосида «Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида», «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонун­ларда акс эттирилган.

Қонун ижодкорлиги жараёнида Адлия вазирлиги нафақат қонун лойиҳаларини тайёрлаш, балки уларнинг Конституция ва қонунчиликка мувофиқлигини аниқлаш бўйича ҳуқуқий экспертиза ўтказади. Шунингдек, ҳавола қилувчи нормалар қўл­ланилишининг асослилигини аниқ­лайди. Қонунлар лойиҳа­ларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбу­зарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар бор-йўқлигини текширади. Бу жараёнда халқаро тажрибани ўрганиш масалаларига ҳам ало­ҳида эътибор қаратилади. Хал­қаро тажрибани ўрганиш борасида халқаро ҳужжатлар ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларини ўрганиш ва натижаси бўйича қиёсий жадвал тайёрлаш тартиби ўрнатилган.

Бундай талаблар янги Қонун асосида «Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Қонун­чилик палатасининг Регламен­ти тўғрисида»ги ҳамда «Қо­нунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўз­бекистон Респуб­ликаси Олий Мажлисининг Қо­нунчилик палатасига киритиш тартиби тўғ­ри­сида»ги қонун­ларда ҳам акс эттирилган. Унга кўра, қо­нун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишда тақдим этиладиган материалларга халқаро ҳужжат­ларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўз­бекистон Республикаси қо­нун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, Ўзбекистон Рес­публикаси шароитида те­гишли халқаро тажриба қўлла­нилишининг мақбуллиги тўғри­сидаги асосли таклифлар кет­ма-кет тартибда кўрсатил­ган таҳлилий-қиёсий жадвал ҳам киритилган.

Бу ўзгартиш ва қўшимчалар миллий қонунчиликнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва тамойилларига мос бўлишини таъминлайди.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжат­лар тўғрисида»ги Қонун­нинг 27-мод­дасида вазирликлар, дав­лат қўмиталари ва идоралар­нинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Рес­публикасининг Маъмурий жа­вобгарлик тўғрисидаги кодексига «Вазирлик­лар, давлат қўми­талари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш» деб нормаланган 1983-модда киритилган. Унга биноан, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга киритиш – энг кам иш ҳақининг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 ба­раваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат рўйхатидан ўтказил­маган норматив-ҳуқуқий ҳуж­жат­лар факти аниқланган тақ­дирда адлия органларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб ва уни кўриб чиқиш учун судга юбориши мумкин. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, корхона ва муас­сасаларнинг қонун билан қў­риқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда суднинг ролини янада оширади. Ўз навбатида, бу мансабдор шахсларнинг ушбу соҳадаги масъулиятини кучайтириб, қонуности ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига зид нормалар ўрнатилишининг олдини олади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркин­ликларини ишончли ҳимоя қи­лишга, қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятида қонунийликни таъминлашга, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга оширишга хизмат қилади.

 

*Материал қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда.

 

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи,

юридик фанлар номзоди.

Прочитано: 949 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика