Жорий йилда божхона транзит режимини тартибга солиш қоидаларига анча ўзгартиришлар киритилди. Яқинда Давлат божхона қўмитасининг қарори билан Божхона транзит режими тўғрисидаги низомга (кейинги ўринларда – Низом) киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар (АВ томонидан 23.09.2013 йилда 577-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кучга кирди.
Божхонадан божхонагача
Халқаро ҳуқуқда транзит деганда муайян мамлакат ҳудуди орқали ушбу мамлакатдан ташқарида бошланадиган ва якунланадиган йўналиш бўйича чет эл товарлари, багажи, транспорт воситалари, халқаро почта жўнатмаларининг олиб ўтилиши тушунилади. Бошқача айтганда, транзит – бу муайян нарсанинг мамлакат ҳудуди орқали унинг давлат чегарасининг иккита нуқтаси оралиғидан олиб ўтилишидир.
Мамлакатимизнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ транзит шундай режимки, бунда товарлар Ўзбекистон Республикасининг икки божхона органи ўртасида, шу жумладан чет давлат ҳудуди орқали, бож, солиқлар ундирилмасдан, шунингдек товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чораларини қўлланмасдан божхона назорати остида олиб ўтилади (Божхона кодексининг 21-моддаси). Бунда товарларни транзит режимида Ўзбекистон орқали олиб ўтиш исталган йўллар ва йўналишлар бўйича амалга оширилади, республика қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Рухсат талаб этилмайди
Низомга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларнинг асосий қисми рухсат бериш нормаларини қисқартириш ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга (20.12.2012 йилдаги ЎРҚ-341-сон) зид бўлган қоидаларни чиқариб ташлаш орқали божхона таомилларини соддалаштиришга қаратилган. Чунончи Низомнинг “Товарларни транзит қилишга рухсат бериш” деб номланган III-бўлимининг номи “Товарларни транзит қилиш тартиби” деб ўзгартирилди. Низомнинг учта банди ўз кучини йўқотди, бу юк ташувчилар учун жуда катта аҳамият касб этади.
Масалан, чиқариб ташланган 9-бандда товарларни божхона назорати остида етказиб бериш қоидаларини илгари ҳам бир неча марта бузган юк ташувчи ташийдиган товарларни транзит божхона режими остида жойлаштириш учун рухсатнома олиш зарурлиги белгиланган эди. Бунда рухсатнома божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасини божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказиш, кейинчалик эса транзит товар Ўзбекистон божхона ҳудуди доирасидан ташқарига чиқарилганда тўланган суммаларни қайтариш шарти билан берилар эди.
20-бандда эркин муомалага чиқариш учун мўлжалланган акциз маркаси билан маркаланиши керак бўлган акцизланадиган транзит товарларни бошқа транспорт воситасига қайтадан ортиб ташиш фақат ДБҚнинг рухсати билан амалга оширилиши белгиланган эди. Бунда бошқа транспорт воситасига қайтадан ортиш ДБҚ томонидан тасдиқланган божхона омборларида амалга оширилиши керак эди.
22-бандда товарларни бошқа божхона режимида жойлаштириш учун рухсатнома олиш кераклиги белгиланган эди. Ушбу ҳужжатни фаолият доирасида транзит товарлар жойлаштириладиган божхона омбори бўлган божхона органининг бошлиғи берган.
6-банддан ва 7-банднинг биринчи хатбошисидан ҳам рухсатнома олиш билан боғлиқ қоидалар чиқариб ташланди. Илгари 6-бандда Ўзбекистон ҳудуди орқали товарларни транзит қилишга рухсатнома республикага товарлар олиб кириладиган ерда жойлашган божхона органи томонидан берилиши ва транспорт ҳужжатлари ва счёт-фактура (инвойс)ларга рухсат бериш штампини босиш билан расмийлаштирилиши белгиланган эди. Янги таҳрирга мувофиқ Ўзбекистон ҳудуди орқали товарларни транзит қилиш республикага товарлар олиб кириладиган ерда жойлашган божхона органида бошланади ва транспорт ҳужжатлари ва счёт-фактура (инвойс)ларга тегишли штампни босиш билан расмийлаштирилади.
Илгари 7-банднинг биринчи хатбошисида божхона жўнатиш органи Низомнинг II-бўлимида кўрсатилган шартларга риоя этилганда товарларни транзит қилишга рухсат бериши белгиланган эди. Энди эса транзитни амалга ошириш учун рухсат олиниши талаб этилмайди ва кўрсатилган шартларга риоя этишнинг ўзи кифоя.
Божхона органининг функцияларига тааллуқли айрим меъёрлар таҳрир қилинди. Хусусан, унинг транзит товарлар билан операцияларни амалга оширишдаги назорат ҳаракатлари характери ўзгартирилди. Масалан, илгари транзит товарларни бошқа транспорт воситасига ортишга божхона омборида шундай юк операциясини амалга ошириш фаолияти доирасига кирувчи божхона органининг рухсати талаб этилар эди (Низомнинг 14-банди), энди эса бу иш фақат божхона ходими иштирокида амалга оширилади. Бунда тилга олиб ўтилган омборларда ортиш ишларини амалга ошириш имкони бўлмаганда божхона органи божхона назорати талаблари бажариладиган бошқа ортиш жойларини (божхона омборлари ёхуд божхона назорати зоналарини) белгилашга ҳақлиги шарти сақлаб қолинган.
Ҳужжатнинг бутун матни бўйича божхона органи рухсати талаби чиқариб ташланган.
13-банд яқин ўртада жойлашган божхона органи юз берган ҳодиса ҳолатларини ўрганиб чиққанидан сўнг йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида белгиланган шаклда (Низомга 2-илова) далолатнома тузишини белгиловчи хатбоши билан тўлдирилди.
Эътибор беринг
Низомнинг “Умумий қоидалар” деб номланган I-бўлими “транспорт ҳужжатлари” янги тушунчаси билан тўлдирилди. Транспорт ҳужжатлари – бу транспорт юкхати, коносамент ёки унга мувофиқ товарларни халқаро ташиш ва (ёки) уларни божхона назорати остида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди орқали ташиш амалга ошириладиган товарларни ташиш бўйича шартнома ёки бошқа шартнома тузилганлигини тасдиқловчи бошқа юк ҳужжатларидир.
Транзитнинг Ўзига хос хусусиятлари
Товарлар транзит режимига қуйидаги шартларга риоя этилганда жойлаштирилади. Биринчи – товарларнинг Ўзбекистонга олиб кирилиши ёки Ўзбекистон орқали транзит қилиниши тақиқланмаганда. Иккинчи – товарларга транспорт ҳужжатлари, счёт-фактура (инвойс), шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўзда тутилган ҳолларда ва алкоголли ёки тамаки маҳсулотларини ташишда БЮД тақдим этилганда. Учинчи – ушбу охирида тилга олинган товарлар транзит қилинганда ЎзР божхона органлари депозит ҳисобрақамига божхона тўловларини таъминлаш учун пул маблағлари тўлиқ киритилганда (республика ташқарисига олиб чиқилганлиги факти тасдиқланганидан сўнг қайтарилади). Тўртинчи – товарларни транзит қилишда божхона тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган божхона органларининг талаблари бажарилганда (транспорт воситаларининг тегишлича жиҳозланиши, божхона кузатуви, товарларнинг божхона юк ташувчиси томонидан ташилиши ёки божхона тўловлари тўланишини таъминлаш). Бешинчи – транзит товарларни идентификация қилиш имконияти таъминланганда (улар ўзгармас ҳолатда қолиши керак, табиий ишдан чиқиш оқибатидаги ўзгаришлардан ёки ташиш ва сақлашнинг нормал шароитларида кўриладиган зарар бундан мустасно, улардан транзитдан ташқари бирон-бир бошқа мақсадларда фойдаланмаслик керак). Олтинчи – товарлар юк келиб тушувчи божхона органига транспорт воситасининг имкониятларидан, белгиланган йўналишдан ва ташишнинг бошқа шартларидан келиб чиққан ҳолда жўнатиш божхона органи белгилаган муддатларда, аммо энг охирги муддатдан кечикмаган ҳолда етказилиши шарти.
Маълумот учун! Мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда товарларни божхона транзит режими остида ўтказишга йўл қўйилмайди. Бунда жўнатиш божхона органлари кўрсатилган товарларни чет элга қайтаришда юк ташувчига тўсқинлик қилмайдилар.
Декларациялаш
Транзит – масалан, экспорт режими каби божхона режимидир. Тегишинча, ушбу режимга жойлаштирилганда товарларни декларациялашга доир барча қоидалар қўлланади. Шуни эслатиб ўтамизки, йил бошида қабул қилинган ДБҚнинг қарори (АВ томонидан 11.01.2013 йилда 577-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан транзит товарларни декларациялаш тартибига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.
Чунончи, Низомнинг 28-бандидан Халқаро йўл ташувлари Конвенциясига (ХЙТ Конвенцияси, 1975 й., Карнет-ТИР) мувофиқ Ўзбекистон божхона ҳудуди орқали ташилаётган товарлар учун БЮД тўлдирилмаслигини белгиловчи хатбоши чиқариб ташланди. Мазкур банд Ўзбекистон орқали алкоголли ва тамаки маҳсулотлари транзит олиб ўтилганда божхона юк декларацияси тўлдирилишини белгилайдиган хатбоши билан тўлдирилди.
Маълумот учун! Мамлакатимиз ҳудуди орқали алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг автомобиль ва темир йўл транспорти воситасида транзит ҳаракати қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда Вазирлар Маҳкамасининг рухсатига биноан амалга оширилади:
юк олиб ўтувчи томонидан божхона органларининг депозит ҳисобварағига тегишли божхона тўловларининг барча суммаси тўланиши;
товар ишлаб чиқарилган мамлакат сертификати, уни етказиб бериш шартномаси (битими), товарлар бир нечта қисмга ажратилиб, транзит йўли билан ташилган тақдирда, уни олиб ўтиш жадвалининг мавжудлиги.
Божхона транзит режимига жойлаштириладиган товарларга БЮД тўлдирилаётганда қуйидаги устунларнинг таҳрири ўзгарганлигига эътибор бериш лозим: 5-“Жами товарлар номи ”; 22-“Валюта ва товарнинг умумий фактура қиймати”;
33-“Товар коди”; 35-“Брутто вазни (кг)”; 38-“Нетто вазни (кг)”. Энди мазкур устунларда илова қилинган спецификациялар, ўров варақлари ёки рўйхатларда кўрсатилган товарлар ҳисобга олинмайди.
“Божхона“ бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора Абдуназарова олиб боради.