Нукусдаги корхона биржа савдоларида кондиционерларни етказиб бериш шартномасини тузиб, олдиндан 15%ини тўлади. Бироқ сотувчи – Тошкентдаги ташкилот олдиндан ҳақ олингандан кейин 5 кун мобайнида товарни етказиб бериш шартини бажармади – муддат 3 ойдан кўпга кечикиб кетди. Етказиб берувчига бир нечта даъво юборилди, бироқ улар нотўғри кўрсатилган манзил сабабли қайтиб келди. Етказиб берувчининг манзилини биржада брокерлар тақдим этишган. Хўжалик суди қарзни ундириш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилмаяпти.
Юзага келган вазиятда қандай йўл тутиш ва етказиб берувчининг аниқ манзилисиз ундан юзага келган қарзни қай тарзда ундириш керак?
– Хўжалик процессуал кодекси (ХПК) 28-моддасининг иккинчи қисмига кўра қаердалиги номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган ердаги ёки Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги турар жойидаги хўжалик судига тақдим этилиши мумкин. Сизнинг ҳолатда маълум бўлган охирги жойлашган ер бўлиб у билан тузилган шартномада кўрсатилган ижрочининг манзили ҳисобланади.
Шу сабабли сиз аризада ушбу манзилни кўрсатиб, мазкур жойлашган ердаги хўжалик судига даъво аризаси беришга ҳақлисиз. ХПК 116-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ судья Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган даъво аризасини хўжалик судининг иш юритишига қабул қилиши шарт. ХПКнинг 121-моддасига кўра ишда иштирок этувчи шахслар ишни юритиш вақтида ўз манзилларининг ўзгарганлиги ҳақида хўжалик судига хабар беришлари шарт. Бундай хабар берилмаган тақдирда процессуал ҳужжатлар хўжалик судига маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи ҳақиқатда шу манзилда бўлмаса ёки яшамаётган бўлса ҳам, етказиб берилган деб ҳисобланади. ХПК 130-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган жавобгар хўжалик судининг мажлисига келмаса, низо унинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.
Сиз контрагент томонидан ижро этилмаган хўжалик шартномаси бўйича қарзни ундиришда ёрдам олиш учун адлия органлари ёки Савдо-саноат палатасига ҳам мурожаат қилишга ҳақлисиз.