Корхонамизнинг 2011–2012 йиллардаги молиявий фаолияти ўрганилганда солиқ маслаҳатчиси билан бир масалада тушунмовчилик пайдо бўлиб қолди. Асосий воситага амортизация ҳисоблаш усулини бизнинг ўзимиз танлаш ҳуқуқига эгамизми ва бу усул қандай давр давомида қўлланилиши мумкин? Масалан, асбоб-ускунанинг дастлабки қиймати – 1 млн сўм, унинг 5 йиллик фойдаланиш муддати охиридаги тугатиш қиймати 100 минг сўм, хизмат муддати – 5 йил. Ушбу асосий воситага амортизация ҳисоблашнинг бир маромли (тўғри чизиқли) усули орқали амортизация ажратмалари суммалари ҳисобланганда йиллар кесимида қолдиқ қиймат қандай кўринишга эга бўлади?
Файзулла Очилов, МЧЖ бухгалтери.
Бухоро вилояти.
– Амортизация “Асосий воситалар” 5-сон БҲМСда тавсия этилган қуйидаги усуллар билан ҳисобланиши мумкин:
– амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усули – тўғри чизиқли усул;
–амортизацияни бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблаш – ишлаб чиқариш усули;
– икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули – тезлаштирилган усул;
– йиллар суммаси усули (кумулятив усул) – тезлаштирилган усул.
Амортизацияни ҳисоблаш усули корхонанинг ҳисоб сиёсатига кўра аниқланиши ва бир ҳисобот давридан иккинчи даврга изчиллик билан қўлланилиши ва календарь йил давомида ўзгармаслиги лозим (5-сон БҲМСнинг 43-банди).
Асосий воситаларнинг ҳар хил турларига амортизация ҳисоблашнинг турли усулларини қўллаш мумкин. Бунда асосий воситаларнинг бир турига фақат бир усулни қўллаш лозим бўлади.
Тенг маромли ҳисоблаш (тўғри чизиқли) усулда амортизация асосий воситаларнинг фойдали хизмат муддати давомида уларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда тенг улушда ҳисоблаб чиқарилади. Ушбу усулга мувофиқ амортизация фақат хизмат муддатининг давомийлигига боғлиқдир. Ҳар бир давр учун амортизация ажратмалари суммаси, амортизацияланадиган қийматни (дастлабки қиймат айирув тугатиш қиймати) объектдан фойдаланиладиган ҳисобот даврлари сонига бўлиш йўли билан аниқланади.
Амортизация ажратмалари асосий воситаларнинг бошланғич қиймати, Солиқ кодекси билан белгиланган амортизация нормалари бўйича аниқланади. Амортизация муддати тугагандан сўнг эскириш ҳисобланмайди.
Бир маромли (тўғри чизиқли) усулга мувофиқ, мазкур вазиятда йиллик амортизация амортизацияланадиган қийматдан 20 фоизни, яъни 180 000 сўмни ташкил қилади.
Кўрсаткичлар
|
Дастлабки қиймат
|
Йиллик амортизация суммаси
|
Жамланган эскириш
|
Қолдиқ қиймати
|
Сотиб олиш санаси
|
1 000 000
|
–
|
–
|
1 000 000
|
1-йил охири
|
1 000 000
|
180 000
|
180 000
|
820 000
|
2-йил охири
|
1 000 000
|
180 000
|
360 000
|
640 000
|
3-йил охири
|
1 000 000
|
180 000
|
540 000
|
460 000
|
4-йил охири
|
1 000 000
|
180 000
|
720 000
|
280 000
|
5-йил охири
|
1 000 000
|
180 000
|
900 000
|
100 000
|
Мазкур усулда амортизация бутун беш йил мобайнида ҳисобланганда амортизация ажратмаларининг миқдори бир хил бўлади, тўпланган эскириш ва қолдиқ қиймат бир маромда ўзгаради ва қолдиқ қиймат бир маромда баҳоланган тугатиш қийматига етгунга қадар камаяди.