Фирмамиз (ЯСТ тўловчиси) туризм соҳасида фаолият юритади. 2010 йилда чорвачилик соҳасида ҳам фаолият юритиш мақсадида 150 бош қўзи сотиб олинган эди. Лекин яйловларнинг камлиги ва бошқа сабабларга кўра чорвачиликдан даромад олинмади.
Фирмамиз ярим йил якуни бўйича фойда билан чиқди. Лекин бу фойдани таъсисчига тақсимлаб бўлиб бериш учун фирмада маблағ етарли эмас. Шу сабабли таъсисчи қўзиларнинг ҳаммасини дивиденд ҳисобида беришни сўрамоқда. Таъсисчининг талаби қонунчилигимизга тўғри келадими, қўзиларни дивиденд ҳисобидан бериш мумкинми?
В.Пирматов, «Қизилқум-сафари» МЧЖ директори.
– Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида таъсисчиларга дивидендларни товар ёки мол-мулк кўринишида бериш тақиқланмаган, шунга кўра қўзиларни йиллик соф фойда ҳисобидан таъсисчига дивиденд тариқасида бериш мумкин.
Солиқ кодексининг 22-моддасида «реализация»га таъриф берилган бўлиб, унга кўра «реализация қилиш – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек гаровга қўйилган товарларга бўлган мулк ҳуқуқини гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топшириш. Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлардир».
Шунингдек, Солиқ кодексининг 355-моддасида солиқ солиш объектлари кўрсатилган бўлиб, ушбу модданинг еттинчи қисмида товарларни таннархидан ёки олиш баҳосидан паст баҳоларда реализация қилувчи, шунингдек товарларни текинга берувчи юридик шахслар учун – товарлар таннархи ёки уларни олиш баҳоси ҳам солиқ солиш объекти ҳисобланиши белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, корхона томонидан таъсисчига дивиденд тариқасида берилган товарлар ёки бошқа мол-мулклар реализация деб эътироф этилади ҳамда берилган товар ёки мол-мулкларнинг қиймати (агар таннархдан паст нархда берилган бўлса товарнинг таннархи) солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, корхона ўз таъсисчисига дивиденд тариқасида берган товарлар ёки бошқа мол-мулклар қийматидан белгиланган ставкада солиқ тўлайди.
Жавобни экспертимиз
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.
Абдугани Мухамедбаев – эксперт по предпринимательскому (хозяйственному) праву, Директор Центра изучения проблем бизнеса и инвестиций «BIMO’M».