Сиздан Адлия вазирлигида 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари қандай тартибда ижро этилиши кераклиги ҳақида бизнинг фермер хўжалигимиз мисолида тушунтириш беришингизни сўраймиз.
Фермер хўжалигимиз 2006 йилда сабзавотчилик йўналишида ташкил этилган бўлиб, ажратилган ер майдони 7,8 гектарни (шундан 0,8 гектари ариқ ва зовур) ташкил этади.
2010 йилдан бошлаб хўжаликнинг асосий фаолияти боғдорчилик йўналишига ўтказилиб, 7,0 гектар янги боғ ташкил этилган ва Солиқ кодекси 282-моддасининг иккинчи қисмининг 25-бандига мувофиқ уч йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод этилган.
Бундан ташқари, фермер хўжалиги 2010 йилнинг иккинчи ярмидан қўшимча равишда (махсус лицензия асосида) аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда. Хўжаликда бугунги кунда олиб борилаётган фаолият турлари бўйича ҳисоб алоҳида-алоҳида юритилиб, солиқлар белгиланган тартибда тўлаб келинмоқда (транспорт хизматидан 6% ЯСТ тўланган).
Шартли мисол тариқасида қуйидаги саволларимизга жавоб берсангиз.
Агар хўжаликнинг 2012 йилги (имтиёзли даврдаги) якуний даромади асосий фаолиятдан (маҳсулот ишлаб чиқаришдан) 20 000,0 минг сўм, қўшимча фаолиятдан (транспорт хизматидан) 50 000,0 минг сўмни ташкил этганда солиқ ва мажбурий ажратмаларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қандай амалга оширилади? Умуман, асосий ва қўшимча фаолиятдан олинган даромадлар ўртасида тафовут бўлишининг солиқ оқибатларига таъсири борми?
Солиқ имтиёзи даври 2013 йилдан тугаши сабабли хўжалик юқоридаги фаолиятини тўлиқ амалга оширса, солиқ ва мажбурий тўловни тўлаш тартиби қандай белгиланади ва бу ҳолатда 2203-сон Низом қоидалари фермер хўжаликлари фаолиятига нисбатан қўлланиладими?
Б.Абдукаримов,
«Жавлон Досст Агро» ф/х раҳбари.
Бизнинг Денов “Киновидео” МЧЖ (ягона солиқ тўлови тўловчиси) “Ўзбеккино” агентлиги томонидан берилган лицензия асосида кинолар намойиш этиш билан шуғулланади. Жамиятимиз ер солиғини учга кўпайтириб тўлайдими ёки йўқми?
А.Очилов,
Денов “Киновидео” МЧЖ раҳбари.
– Маълумки, Солиқ кодексининг (СК) 22-моддасида солиқ солишда қўлланиладиган тушунчаларга таъриф берилиб, унга асосан юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги тушум улуши устунлик қиладиган фаолияти асосий фаолият деб тушунилади. Шунингдек, СКнинг 359-моддасида ягона солиқ тўловини тўловчи корхоналар учун йил чораги ҳисобот даври ҳисобланиши назарда тутилган.
Демак, икки ва ундан ортиқ фаолият тури билан шуғулланадиган корхонада асосий фаолият тури ҳар бир чоракнинг якуни бўйича ўсиб борувчи тартибда аниқланади.
Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2203-сон Низом) асосан 2011 йилнинг 1 июлидан бошлаб ЯСТ тўловчилари эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, унда кўрсатилган пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда ЯСТни тўлашлари керак. Бу ўринда корхона ер солиғини тўламайди, балки ўша жорий давр учун тўлаётган ЯСТнинг миқдори эгаллаб турган ер майдони учун ҳисобланадиган ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда ЯСТ тўловининг суммаси ер солиғининг суммаси миқдорида бўлиши кераклиги назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2203-сон Низом талаблари қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
а) ЯСТни Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2449-сон Низом) мувофиқ чакана савдони амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдиган чакана савдо корхоналарига;
б) қуйидаги юридик шахсларга:
ЯСТ тўловчиси бўлмаганларга;
ЯСТ тўлашдан тўлиқ озод этилиш кўринишида имтиёзга эга бўлганларга;
ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганларга нисбатан;
в) оилавий корхоналарга.
Шунингдек, 2203-сон Низомнинг 3-бандида ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда юридик шахслар томонидан мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиладиган ер участкалари ҳисобга олиниши назарда тутилган бўлиб, бундан қуйидагилар мустаснодир:
СК 280-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган ер участкалари;
СК 282-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари;
ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдори суммасидан кам бўлган ҳолдагина ЯСТ қўшимча ҳисобланади (2203-сон Низомнинг 10-банди). Яъни ҳисобланган ЯСТ суммаси ер солиғининг уч бараваридан кам бўлса, унда ўша етмаган қисмигина тўлаб қўйилиши керак.
Агар ЯСТ ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан ошса ёки унга тенг бўлса, унда ЯСТ қўшимча ҳисобланмайди ва у СКда белгиланган тартибда тўланиши лозим, яъни ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича ҳисобланган сумма ҳам тўланиши керак.
2203-сон Низомнинг 11-бандида агар ҳисобот даври якуни бўйича корхонанинг асосий фаолият тури худди шундай фаолият турини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқ суммаси миқдорида ЯСТнинг энг кам миқдори белгиланган чакана савдо бўлса, корхона ЯСТни 2449-сон Низомга мувофиқ тўлайди.
2012 йилда асосий фаолият тури транспорт хизмати бўлганлиги сабабли корхонага нисбатан 2203-сон Низом талаблари татбиқ қилинади ва бунда тўланадиган ЯСТнинг ҳамма суммаси эгалланган ер майдони учун ҳисобланган ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаслиги керак. Корхоналар ер солиғини СКнинг 282-моддасида назарда тутилган янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун (дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар) уч йил муддатга ҳисобламайди.
Асосий фаолият билан қўшимча фаолият ўртасидаги тафовутнинг солиқ оқибатлари ҳақидаги саволга келсак, бошқа даромадларга товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар киради (СКнинг 132-моддаси). Бу ерда транспорт хизмати фаолияти солиқ солиш мақсадида алоҳида фаолият деб қаралади.
Агар боғдорчилик фаолияти учун белгиланган имтиёз даври тугаса, унда ҳар бир ҳисобот чораги бўйича тушумга эътибор қаратиш керак бўлади. Борди-ю, бунда ҳисобот даври якуни бўйича тушган тушумда боғдорчилик фаолияти устунлик қилса, унда корхона ягона ер солиғини тўлаши керак бўлади ва унга нисбатан 2203-сон Низом талаблари татбиқ этилмайди. Мабодо автотранспорт хизмати кўрсатишдан тушган тушум устунлик қилса, унда корхона ўз эгалиги ва фойдаланишидаги барча ерларни ҳисоб-китоб қилиб, ЯСТ тўлаши керак бўлади.
Жавобни экспертимиз
Умидбек САФАРОВ тайёрлади.