Қуюлтирилган сут ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтказилган янгидан ташкил этилган корхона цехни ижарага беради. Ижара шартномасига кўра, ижарага олувчи ижарага берувчи коммунал ташкилотлар билан тузган шартномалар бўйича тўлаган коммунал тўловлар суммасини қоплайди. Ойнинг охирида ижарага берувчи ҚҚСни ажратган ҳолда ҳисобварақ-фактурани ижарага олувчига тақдим этади. Коммунал тўловларнинг қопланиши ижарага берувчининг бухгалтерия ҳисобида қандай проводкалар билан акс эттирилади?
– Ижарага олувчининг коммунал тўловларни қоплаш суммаси ижарага берувчининг бухгалтерия ҳисобида қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:
коммунал ташкилотларнинг ҳисобварақ-фактураларига мувофиқ қопланиши лозим бўлган, шу жумладан ҚҚС бўйича харажатлар акс эттирилади
4890-“Бошқа дебиторлар қарзлари” ҳисобварағининг дебети
6990-“Бошқа мажбуриятлар” ҳисобварағининг кредити (6010-“Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар”);
ижарага олувчидан олинадиган қоплаш суммаси, шу жумладан ҚҚС акс эттирилади
5110-“Ҳисоб-китоб счёти” ҳисобварағининг дебети
4890-“Бошқа дебиторлар қарзлари” ҳисобварағининг кредити.