7.10.2013 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги ЎРҚ-355-сон Қонун билан солиқ, божхона ва меҳнат кодексларига ўзгартиришлар киритилди.
355-сон Қонун билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда барча ўзгартирилаётган ҳужжатларга хос бўлган умумий тамойил кузатилади. Қоидабузарликлар учун жавобгарлик шахслаштирилмоқда, яъни мансабдор шахслар зиммасига юклатилмоқда. Бунда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан санкциялар ва уларни қўллаш тартиби енгиллаштирилаётир.
Масалан, Солиқ кодексига текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган суммаларни тўлашни ундириш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда юридик шахслар солиқ органига ёзма билдириш юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек молиявий санкциялар суммаларини тўлашни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 6 ой мобайнида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли бўлдилар (илгари бундай тартиб фақат жорий активлар суммасининг жами 20%идан ошадиган қўшимча ҳисобланган тўловлар ва молиявий санкцияларга нисбатан қўлланилган).
Ҳозирда юридик шахсларнинг ушбу меъёрдан фойдаланиши мумкин бўлган чекловлар олиб ташланди.
Солиқ кодексига хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтлари молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) амалга оширилишининг даврийлигини белгилайдиган меъёр киритилди – улар 5 йилда кўпи билан бир марта текширилади. Шу тариқа, Кодекс аввал қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқлаштирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 17 декабрида Президентимиз томонидан “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” Қонун (ЎРҚ-339-сон) имзоланган эди. Унинг 20-моддасида назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширишлар қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан 5 йилда бир марта амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган. Қонун 2012 йилнинг декабрь ойи ўртасидан амал қилмоқда.
Кодексда, шунингдек, олдин қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жорий этилган бир қатор имтиёзлар ҳам мустаҳкамланган. Хусусан, ягона ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзлардан фойдаланувчи солиқ тўловчилар қаторига томчилатиб суғориш тизимини жорий этган юридик шахслар киритилди. Улар ер участкасининг томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган қисмида ушбу ирригация тизимини жорий қилган ойдан бошлаб 5 йил муддатга солиқ тўловидан озод этилади.
Пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахсларнинг бу ишларни бажарганлик учун олган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.
Ҳужжатдан Солиқ кодексига киритилган бошқа ўзгартишлар ҳам ўрин олган.
* * *
Божхона кодексига киритилган энг муҳим ўзгартишлар товарлар чиқишига рухсат берилганидан кейинги божхона назоратини товарлар чиқишига рухсат берилган пайтдан эътиборан 3 йил муддат билан, божхона тўловларини қўшиб ҳисоблаш эса товарлар чиқишига рухсат берилган пайтдан эътиборан 1 йил муддат билан чеклашдан иборатдир.
Божхона тўловлари қўшиб ҳисобланган тақдирда юридик шахслар божхона органига хабарнома юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари суммаларини ва молиявий санкциялар суммаларини тўлашни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 6 ой мобайнида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли.
Бундан ташқари, Кодекснинг божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузишнинг айрим турлари учун юридик шахсларнинг ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларнинг жавобгарлигини тартибга солувчи 15-бобидан 15 та модда чиқариб ташланди. Шу билан бирга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган божхона қонун ҳужжатларини бузганлик учун санкциялар кучайтирилди.
* * *
Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришлар аҳолининг айрим тоифалари учун иш берувчи билан муносабатларда меҳнат билан банд бўлиш ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтирди.
Чунончи, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар меҳнат органлари томонидан белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга жойлаштирилиши учун юборилиши мумкин бўлган аҳоли тоифалари қаторига киритилди. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланиши мумкин эмас. Олдингидек ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар учун ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) бўлгани ҳолда асоссиз рад этиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
ЎРҚ-355-сон Қонун расмий эълон қилинган кун – 2013 йил 8 октябрдан кучга кирди.
ЎРҚ-355-сон Қонундан кўчирмалар “СБХ”нинг мазкур сони ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.