Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 40 / Хўжалик ҳуқуқи

Ўз-ўзига ижарачи бўла оладими?

Мен – МЧЖ директориман. Ўзимга тегишли МЧЖ билан шартномалар (қарз, ижара, олди-сотди) тузишим мумкинми? Шартномаларни жамият номидан ким имзолаши керак бўлади? Агар уларни икки тарафдан менинг ўзим (ўзим билан ўзим) имзолайдиган бўлсам, қонунчиликни бузган бўлмайманми?

С.Қодиров.

 

– Қонун ҳужжатларига мувофиқ жамият ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлиши, ўз номидан ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин. Жамият қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турларини амалга ошириши мумкин (6.12.2001 йилдаги “Масъулияти чек­ланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида” 310-II-сон Қонун, кейинги ўринларда – МЧЖ тўғрисидаги Қонун).

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 39-моддаси биринчи қисмига мувофиқ директор масъулияти чекланган жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи ҳисобланади. У жамият номидан ишончномасиз иш юритиши, шу жумладан битимлар тузиши мумкин (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 39-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошиси). Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар (Фуқаролик кодекси (ФК) 1-моддасининг иккинчи хатбошиси).  ФК 354-моддасига биноан фуқаро ва юридик шахслар шарт­нома тузишда эркиндирлар. 

Шу билан бирга, агар битимлар (шу жумладан қарз, ижара, олди-сотди шартномалари) тузилишидан жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс – директорнинг манфаатдорлиги бўлса, улар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилиги билан тузилади. Директор жамият томонидан битим тузилишидан, шу жумладан агар у тарафлардан бири бўлса, манфаатдор шахс деб эътироф этилади (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 43-моддаси). Битим тузилишидан манфаатдор шахс шундай шахс деб эътироф этиладиган пайтга қадар тузилган битимлар бундан мустасно. Айни ҳолатда жамият иштирокчиларининг кейинги умумий йиғилиши ўтказилишига қадар қарор талаб қилинмайди.

Шу тариқа, кўрсатилган битимлар МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан маъқулланган тақдирда, МЧЖ худди шу жамиятнинг директори билан шартномалар тузишга ҳақлидир. Кўрсатилган тартибга риоя этмаслик ушбу битимни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади.  

Қарз шартномасини икки томонлама (ўзи билан ўзи) имзолашга келсак, бунда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак бўлади.

ФК 129-моддасининг учинчи қисмига асосан вакил ўзига ваколат берган шахс номидан шахсан ўзига нисбатан битимлар тузиши мумкин эмас.

Бунда, ФК 45-моддасининг биринчи қисмига биноан юридик шахс амалдаги қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ ўз органлари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ва фуқаролик мажбуриятларини зиммасига олади. Юридик шахс­нинг органлари, шу жумладан директор ҳам фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг мустақил субъекти сифатида қаралиши мумкин эмас ва бинобарин, улар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда юридик шахснинг вакили сифатида чиқа олмайдилар. Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, жамият директорининг ҳаракатларини жамият вакилининг эмас, балки бевосита айнан жамиятнинг ҳаракатлари деб қараш керак бўлади. 

Демак, биргина жисмоний шахс битимнинг икки тарафидан турли юридик шахсларнинг органлари сифатида ёки шахсан ўз номидан чиқиб, битимни тузиши ва ундаги ҳужжатни имзолаши мумкин.

Шу тариқа, жисмоний шахс ўзи директори бўлган масъулияти чекланган жамият билан, манфаатдорликдаги битимларга розилик олиш тўғрисидаги қоидаларга риоя этган ҳолда, шартномалар тузишга ҳақлидир.

Прочитано: 2130 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика