Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 40 / Ҳамдўстликда

Гаров реестри: он-лайн йўли билан рўйхатга олиш шарофати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ўзининг жорий йилнинг август ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи ялпи мажлисида “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Миллий қонун ҳужжатларимиздаги мазкур янгилик кредитлар, қарзлар ва ссуда маблағлари олишни соддалаштириш орқали кичик бизнес ва аҳолининг молиялаштиришдан баҳрамандлик даражасини оширишга қаратилгандир.

“Гаров реестри тўғрисида”ги Қонун гаров муомаласига ҳозирги кунда фойдаланиб келинаётган бинолар ва иншоотларнигина эмас, балки кўчар мулкни, шу жумладан интеллектуал мулкни, инвентарь ва хом ашёни, дебиторлик қарзини, қишлоқ хўжалигининг кутилаётган ҳосили ва бошқа ресурсларни ҳам кенг жалб этиш имконини беради. Кредиторларнинг (банклар, лизинг компаниялари, микромолиявий ташкилотлар ва бошқаларнинг) шундай таъминот остида молиялаштиришга маблағ ажратишдаги таҳдид-таваккалчиликларини камайтиришда айни гаров реестри қўл келади. Зотан бу реестр гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган барча ҳуқуқларни ва унинг ҳаракатини қайд этиб боради. Буни кредит, қарз, олди-сотди, лизинг шартномалари ва бошқа битимлар бўйича таъминот ҳақидаги электрон “Эълонлар тахтаси” дейиш ҳам мумкин. Бундай эълонлар тахтасидан ҳар бир кредитор ва қарз олувчи веб-сайт орқали эмин-эркин баҳраманд бўлади, бу эса гаровга қўйилган мол-мулкни кузатиб бориш ва ундан рухсат этилмаган тарзда фойдаланилишини бартараф этиш имконини беради.

Халқаро молия корпорацияси (IFC) бундай лойиҳаларни амалга ошириш борасида салмоқли тажрибага эга. IFC нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида молиялаштиришдан баҳрамандлик бўйича дастури менежери Мурот СУЛТОНОВ бизга бу ҳақда хорижий мамлакатлардан бири мисолида гапириб берди.

 

IFC нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида молия­лаштиришдан баҳрамандлик бўйича дастури доирасида Афғонистон Банки билан биргаликда таъминланган кредитлашни ривожлантиришга ёрдам берувчи, мамлакатда қонунчилик ва бошқарув базасини барпо этишга қаратилган лойиҳа амалга оширилди. Бунинг учун IFC юристлари бу соҳани ривожлантириш йўлига ғов солиши эҳтимоли бўлган қонунчилик ва бошқа йўналишдаги омилларни аниқлаш юзасидан комплекс ташхис ўтказдилар, қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчиларга ёрдам бердилар ва бу соҳадаги илғор амалиётдан хабардорлик даражасини оширдилар.

Дастур илғор амалиёт асосида Афғонистонда гаров реестрини яратишга ёрдам берди. Мазкур лойиҳа маҳаллий молия институтларининг (банклар, лизинг компаниялари, инвесторлар ва шу сингариларнинг) салоҳиятини кучайтиришга, тегишли таъминот остидаги битимлар учун барқарор ва фойдали асосда бозорлар барпо этиш ва кенгайтиришга, гаров реестрини самарали тарзда бошқаришга йўналтирилгандир. Лойиҳа микрофирмалар, кичик ва ўрта корхоналарнинг таъминотга асосланган битимларнинг фойдалилигидан хабар­дорлик даражасини оширади.

Афғонистон иқтисодиётида кичик ва ўрта бизнес хусусий секторнинг асосий қисмини ташкил этади ва бошқаларга нисбатан кўпроқ иш жойларини яратиб беради. Айни шу соҳа мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг асо­сий­ омили саналади. Бироқ кредитлардан етарлича баҳраманд бўла олмаслик (мамлакат хусусий саноат корхоналарининг амалда атиги 3,4 фоизи кредитлардан фойдаланмоқда, холос) иқтисодий тараққиёт йўлига ғов солмоқда ва хусусий сектор ривож топиб, ўз салоҳиятини тўла намоён этишига халақит бермоқда. Одатда гаров билан таъминланганлик етарли эмаслиги ёки номақбуллиги сабабли ҳам молиялаштиришдан бош тортадилар. Кредиторларнинг ташвиши, уларнинг кўчар мулкни гаров сифатида қабул қилишни рад этиши қуйидаги уч омил туфайлидир:

● кредитлаш соҳасида кучли қонун ҳужжатлари йўқлиги;

● қарз тўлашдан бош тортиладиган ҳоллар борасида қонунчилик чоралари етарли эмаслиги;

● гаровларни рўйхатга олиш етарлича очиқ-ошкора эмаслиги.

 

таъминот остидаги битимлар тўғ­рисидаги қонун кучга кириши билан Афғонистон Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада таъминот остида кредитлашнинг замонавий тизимини барпо этган биринчи мамлакат бўлиб қолди. 2009 йилнинг июлида бу борада муҳим қадам қўйилди: Кўчар мулк таъминоти остидаги битимлар ҳақида қонун қабул қилинди. Мазкур қонун кўчар мулкдан таъминот сифатида фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган янги илғор қонунчилик базасини таъмин этди.

Қонун фойдаланишга ижозат этиладиган гаров нарсаларини аниқлаб берди. Ҳар қандай моддий ва номоддий мол-мулк, бўлғуси активлар (улар гаров берувчи томонидан барпо этилади, ҳосил қилинади ёки сотиб олинади) ҳамда дебиторлик қарзлари ва товар-омбор қимматликлари сингари айланма активлар гуруҳлари шундай гаров нарсаси бўлиши мумкин. Қонун, гаров муайян турининг қандай номланишидан қатъи назар, тарафларнинг аҳдлашувига мувофиқ мажбуриятлар билан таъмин этиладиган кўчар мулкнинг барча турларини бир йўсинда таърифлаб берди.

Мажбурият орқали зиммага юкланувлар сирасига гаров; сотувчининг ундирувни кредитга сотилган, аммо тўлов амалга оширилмаган товарларга қаратиш ҳуқуқи; сотувчининг сотув асносида мулк ҳуқуқини ушлаб қолишга асосланган ҳуқуқи; лизинг берувчининг лизингга берилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқи; шунингдек мажбурият таъминоти вазифасини ўтаётган кўчар мулкка бўлган бошқа ҳар қандай ҳуқуқлар киради. Қонунни қўлланишнинг кенг кўламлари кредиторларга ва кўчар мулкка доир ҳуқуқдор бошқа шахсларга кўзланган ишни бемалол амалга ошириши учун ишонч бахш этди, негаки улар мазкур мол-мулкка нисбатан бошқа шахс­ларнинг ҳуқуқлари устидан кафолатланган устуворликка эга.

Кўчар мулк воситасида таъминланган ҳуқуқларни барпо этиш учун расмий талаблар кескин камайтирилди. Моҳиятан олганда, қонун қарз олувчи билан кредитор ўртасида ёзма келишувни талаб этади, холос. Манфаатдор тарафлар унда ўзаро муносабатлар билан боғлиқ барча масалаларни қамраб олишлари мумкин. Кўчар мулк воситасида таъминланган ҳуқуқларни ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс бериши ва олиши мумкинлиги жуда муҳимдир. Қарз олувчи билан кредитор ўртасидаги келишувни шакллантиришнинг жўнлиги ва мослашувчанлиги кўчар мулк гарови остида молиялаштиришга кенг имкониятлар беради ҳамда вақт ва молия маъносида бу ишга кетадиган чиқимларни камайтиради.

Кредиторлар ҳуқуқларини муҳофаза этишда ундирувга қаратишнинг тезкор, самарали ва ортиқча чиқим талаб этмайдиган механизмлари жуда муҳимдир. Қонун мажбуриятни бажариш рад этилган тақдирда гаров нарсасига бўлган эгалик ҳуқуқи ва уни сотиш ҳуқуқи судга мурожаат этмаган тарзда кучга киришига имкон беради. Эгалик қилиш ва сотиш билан боғлиқ бу ҳолатнинг кучга киришига рухсат этилиши учун кўпинча гаров нарсаси ўз қимматини тез йўқотиши, шу боис уни қадрсизланишидан олдин сотиш жоизлиги сабаб бўлади.

Қонунда кредиторларни ҳуқуқбузар­ликлардан ҳимоя этиш чоралари ҳам назарда тутилмоқда. Судсиз ундирувга қаратиш чоралари суиистеъмолликларнинг олдини олишга ёрдам беради, гаров нарсаси хусусий ёки оммавий сотув орқали адолатли баҳода сотилишини таъминлайди.

Афғонистон Банки 2010 йилда қабул қилинган низомлар асосида янги, тўла-тўкис компьютерлаштирилган, халқаро илғор амалиётга монанд гаров реестрини яратди. Мазкур ҳужжат таъминланган ҳуқуқларни рўйхатга олишнинг самарали, очиқ-ошкора миллий тизимини таъмин этиш учун барча зарур талабларга жавоб бера бориб, иккита асосий мақсадга хизмат қилмоқда. Бинобарин у учинчи тарафни мажбурият мавжудлиги эҳтимолидан хабардор этади ҳамда ҳуқуқлар рўйхатга олинган сана ва вақтга мувофиқ талабларнинг навбатини белгилайди.

Эгалик ҳуқуқлари (масалан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар) реестрларидан фарқли равишда таъминот остидаги битимлар реестри эгалик ҳуқуқини яратмайди ва бермайди. Мазкур реестр кредиторнинг активлар хабарномасида тавсиф этилган таъминланган ҳуқуқларини эълон этиш ва ошкор қилишга мўлжалланган, холос. Зотан реестр ходимлари ундаги ахборотларнинг ҳаққонийлиги, аниқлиги ёки тўғрилиги учун жавоб бермайдилар, бу ахборотни текшириб кўришга ваколатли ҳам эмаслар. Реестрда қайд этилган хабарлар қарз олувчининг шахсига оид маълумотларни, кредиторнинг номи ва у билан алоқа боғлашга оид маълумотларни, гаров нарсасининг умумий ёки конкрет тавсифини қамраб олади.

Реестрдан ҳамма бепул фойдалана олиши таъминланади. Ҳар қандай шахс кунига 24 соат ва ҳафтасига 7 кун мобайнида унда он-лайн режимида изланиш, қидириш ишларини олиб бориши мумкин. Излаш-қидириш топшириғини қарз олувчи юридик ёки жисмоний шахс эканлигидан келиб чиқиб, СТИР бўйича ёки паспорт рақами бўйича киритиш мумкин. Гаров нарсаси бўлиб хизмат қилаётган автомобиль ёки ускунанинг туркумий рақами, хабарноманинг қайд рақамидан фойдаланган ҳолда ҳам изланиш, қидириш учун сўров бериш мумкин.

Кредитор сифатидаги ўз ҳуқуқларини ҳимоя этиши ва кучайтириши жоиз бўлган ҳар бир банк, лизинг компанияси ёки бошқа молия муассасаси соҳа бўйича мижозлар доирасини тез ва осон барпо этиб, он-лайн иловадан фойдаланган ҳолда хабарнома ва билдиргиларнинг он-лайн асосидаги қайдини бошлаши мумкин. Талабнома тасдиқлангач (булар автомат тарзда қабул қилинади ёки рад этилади), мижоз Афғонистон Банкининг исталган филиалида хабарномалар гаров реестрида рўйхатга олинганлиги учун номигагина, рамзий тўлов киритиб, ундан фойдаланавериши мумкин, бунда у хабарномаларнинг рўйхатдан ўтказилишига ҳамда зарурати бўлганда изланиш, қидиришлар ҳақида тасдиқланган ҳисоботлар олинишига эришади.

Мажбуриятларнинг гаров реестрида рўйхатга олиниши уларнинг учинчи тарафлар учун очиқ-ошкоралигини таъминлайди, ҳуқуқлари устуворлигини кўрсатади, ҳам. Таъминланган ҳуқуқлар эълон қилиниб, уларнинг устуворлиги белгиланар экан, улар қонун бўйича шакллантирилган деб ҳисобланади. Битта гаров нарсасининг ўзига бир нечта таъминланган ҳуқуқлар мавжуд бўлган тақдирда навбат ҳуқуқи асосида қарз олувчи мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаган тақдирда уни сотишдан келган тушумларга татбиқан талабларни қаноатлантириш устуворлиги белгиланади. Навбатнинг аниқ ва тўлиқ схемаси кредиторларга таъминот асосида кредит берганда ҳуқуқий таваккалчиликларни назорат қилишга нисбатан етарлича ишонч бахш этади.

Халқаро амалиётнинг кўрсатишича, гаров реестрининг бўлиши, одатда, ўз фаолиятини йўқ ердан бошлайдиган ва бирон жойни, ускунани ижарага олиб, бир нечта одамни ишга ёллаб фаолиятга киришадиган кичик бизнес вакиллари молиялаштиришга эга бўлишини осонлаштиради. Айни бир вақтда гаров реестри банклар ва бошқа молия ташкилотларининг кредит портфелини диверсификация қилиш имконини берадики, бу нарса ҳам кўчмас, ҳам кўчар мулкни гаровга қўйган ҳолда кредит бериш кўламини кенгайтиради. Натижада банк ва молия сектори янада ривож топиши қайд этилади, бу эса, шак-шубҳасиз, кичик бизнес ва умуман мамлакат аҳолисининг молиялаштиришдан баҳрамандлик даражасини яхшилашга ижобий таъсир этади.

 

Афғонистон Банкининг Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Жанубий Осиё минтақасидаги биринчи электрон гаров реестри қуйидагиларга кўра халқаро стандартларга ва энг яхши хорижий амалиётга мувофиқ келади:

● аниқлик – ишончли ахборот бериш;

● тезкорлик – рўйхатга олиш ва излаш-қидиришдаги тезкорлик;

● ҳаммабоплик – кеча-кундуз он-лайн орқали баҳраманд бўла олиш;

● молия бобидаги баҳрамандлик – тўловлар реестрни сақлаб туриш учун кетадиган харажатларни қоплайди;

● соддалик – ишлатиш осонлиги, хатога йўл қўйиш хавфи камлиги;

● рўйхатга олиш мақсади негизидаги чекланганлик – хабарнома бериш ва навбатни белгилаш;

● компьютерлаштирилганлик – рўйхатга олишда ва керакли маълумотларни излаш-қидиришда белгиланган қоидаларга риоя этилиши компьютер ёрдамида текшириб борилади.

Прочитано: 2402 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика