Менинг ўғлим ушбу ўқув йилида коллежни тамомлади ва олий ўқув юртига контракт асосида ўқишга кирди. Мени бугун қуйидаги масала қизиқтирмоқда. Ўзбекистоннинг қайси банклари республика олий ўқув юртларида ўқиш учун кредитлар беради? Йиллик қанча фоиз олинади ва у қандай ҳисоб-китоб қилинади?
Гулчеҳра Бердиёрова,
МЧЖ бухгалтери.
Қарши шаҳри.
— Сиз кўтарган масала Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида низомда (бундан кейин – 318-сон Низом) белгилаб берилган.
Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.
Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.
Таълим кредитлари, қоидага кўра, қарз олувчи яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банклари муассасалари томонидан берилади.
Юқоридаги Низомнинг 4-бандига кўра тижорат банклари таълим кредитлари учун фоиз ставкаси миқдорини Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорларда (2011 йилда - йиллик 12%) мустақил равишда белгилайдилар. Бунда фоиз ставкаси ва таълим кредити бўйича фоизли тўловлар суммаси қайта молиялаш ставкаси ўзгарган тақдирда ўзгариши мумкин, бу эса кредит шартномасида акс эттирилиши керак.
Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кредит суммаси ва фоиз ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бунда фоизларни ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш банк томонидан таълим муассасасига кредит суммаси ўтказилган пайтдан бошланади, таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини тенг икки қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Фоизлар қарз олувчи томонидан кредит шартномасида қайд этилган шартларда тўланади.
Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойининг (сентябрь ва март) 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.
Асосий қарз талаба олий ўқув юртини тугатганидан кейин 3 ой ўтгач кредит шартномасида қайд этилиши керак бўлган шартларда қайтарилади. Одатда, у ҳар ойда, қарз қолдиғи суммасининг ойлик фоизларини тўлаган ҳолда тенг улушлар билан тўланади.
Бунда қарз олувчи кредитни кредит шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтаришга ҳақлидир (318-сон Низомнинг 21-банди).