Чакана савдо корхоналари учун жорий этилган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари чакана дорихона ташкилотларига татбиқ этиладими?
Зафар Эгамбердиев, МЧЖ раҳбари.
Янгийўл шаҳри.
— Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 2010 йил 28 декабрда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилганлигини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш мақсадида чакана савдо корхоналарига ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлиб чакана савдо ҳисобланадиган юридик шахслар киритилади.
ВМнинг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида турғун савдо шохобчалари таркибига давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан белгиланган жойларда доимий асосда жойлашган савдо объектлари (дўконлар, киоскалар, ларёклар, павильонлар, дорихоналар, оптика, автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари) киритилган.
Юқоридаги Низомда чакана савдо қиладиган айрим турдаги корхоналар учун (шу жумладан дорихоналар учун ҳам) ҳеч қандай чеклашлар назарда тутилмаган.
Демак, чакана дорихона ташкилотлари, чакана савдо корхоналари ҳисобланганлиги боис, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгиланган тартибда энг кам меъёрларни ҳисобга олган ҳолда тўлашлари керак.