2013 йил март ойидан корхонамиз таъсисчи сифатида янги корхона очди. Янги очилган корхонамизнинг асосий фаолият тури қандолатчилик ҳисобланади. Ушбу корхона бундан кейин маҳсулотини ҳам улгуржи, ҳам чакана тарзда сотади.
1. Биз ягона солиқ тўловини қандай тўлашимиз керак? Уни базани ҳисобга олиб ҳисоблаймизми?
2. Асосий фаолиятимиз қандолатчилик экан, ягона солиқ тўловини ҳисоблашда чакана ва улгуржи фаолияти бўйича алоҳида ҳисоб олиб борамизми? ЯСТ ставкасининг қайси бирини қўллашимиз керак бўлади?
Ушбу йўналишда тўлиқ маълумот берсангиз.
Акромжон Асроров,
МЧЖ бош бухгалтери.
— 1. Базавий миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўловчилари Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Ушбу Низомга мувофиқ, чакана савдо корхоналари ЯСТни қонун ҳужжатларига мувофиқ, лекин айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар.
Бинобарин, базавий миқдорни ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловини тўлаш тартиби асосий фаолият тури ишлаб чиқариш бўлган корхоналарга татбиқ этилмайди. Сизнинг корхонангиз, хатингизга қараганда, ишлаб чиқариш корхоналарига киради, тегишинча, у ЯСТни Солиқ кодексига мувофиқ, базавий миқдорни ҳисобга олмасдан тўлайди.
2. Солиқ кодексининг 350-моддасига асосан солиқ солиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари жумласига савдо фаолияти, умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради. Қуйидагиларга савдо фаолияти сифатида қаралмайди:
- ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот бўлган товарларни реализация қилиш, шу жумладан уларни мустақил юридик шахс бўлмаган фирма дўконлари орқали реализация қилиш;
- воситачи, ишончли вакил томонидан воситачилик, топшириқ шартномаси бўйича товарларни реализация қилиш, шу жумладан давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилиш;
- тайёрлов фаолиятини амалга оширувчи корхоналар томонидан товарларни реализация қилиш.
Демак, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни улгуржи ҳамда чакана сотиш солиқ солиш мақсадида савдо фаолияти ҳисобланмайди, балки ишлаб чиқариш фаолияти доирасида амалга ошириладиган операция деб эътироф этилади.
Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар уни лицензиясиз улгуржи тарзда, шунингдек НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаган ҳолда чакана сотишга ҳақлидирлар.
Шу муносабат билан ўз қандолат маҳсулотларини реализация қилиш бўйича алоҳида ҳисоб юритиш керак эмас, чунки олинган барча тушумга, жумладан саноат соҳасидаги корхоналар учун (пул ўтказиш ва нақд пул билан) 5%лик ставка* бўйича ягона солиқ тўлови солинади.
*Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-1887-сон қарорига 9-1-илова.