Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 37 / Солиқ тўловчига ёрдам

Мол-мулкингиз учун солиқ тўлаш пайти келди

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкидан 2013 йил учун солиқ тўлаш муддати яқинлашиб қолди. Таҳририятимизга ҳам газетхонлардан уни ҳисоб-китоб қилиш ва имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида бир қанча саволлар келиб тушди.
«
Norma Ekspert» мутахассислари мазкур мавзу бўйича тушунтиришлар тайёрлашди.

 

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни солиқ даври учун тўлаш ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади.

Солиқ кодексининг 277-моддаси.

 

 Қуйидагиларга мол-мулк солиғи солинади: Ўзбекистон ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар (Солиқ кодексининг (СК) 273-моддаси).

 

Мулкида солиқ солинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчиларидир (СКнинг 272-моддаси). Мол-мулк кўчмас мулк кадастри хизматида номига рўйхатдан ўтказилган шахс мулкдор ҳисобланади. Бироқ агар мулкдорнинг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг эгалигида ва (ёки) фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчидир.

 

БОЗОР НАРХИГА АСОСЛАНИЛМАЙДИ

СОЛИҚ 1 январь ҳолати бўйича мол-мулкнинг (квартиралар, уйлар ва ҳоказо) инвентаризация қийматидан, уни эса кўчмас мулкка ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказадиган орган («Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари) белгилайди ҳамда белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланади. Мол-мулкнинг инвентаризация қиймати ва мулкдори тўғрисида ахборот ҳар йили 1 февралгача солиқ солиш объекти жойлашган жойдаги солиқ органларига юборилади.

 

Инвентаризация қиймати бўлмаса, мол-мулкнинг шартли қиймати олинади:

 

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида – 18 480 минг сўм;

 

бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойда – 8 030 минг сўм.

 

Янги барпо этилган, рўйхатдан ўтказилмаган уй-жойлар бўйича мол-мулк солиғи мол-мулк шартли қийматининг 2 баравар миқдоридан, яъни Тошкент шаҳрида 36 960 минг сўмдан, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойда 16 060 минг сўмдан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИГА СОЛИНАДИГАН СОЛИҚ СТАВКАЛАРИ

2013 йил учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ставкалари Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 18-иловада белгиланган.  

Солиқ солинадиган
объектларнинг номи

Солиқ ставкаси, мол-мулкнинг
Инвентаризация қийматига
нисбатан %да

Турар жойлар, квартиралар (шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 кв. м дан ошиқ бўлганлари бундан мустасно)

1,04

Шаҳарларда жойлашган, умумий майдони қуйидагича бўлган турар жойлар ва квартиралар:

 

200 кв. м дан ошиқ ва 500 кв. м гача бўлган

1,25

500 кв. м дан ошиқ бўлган

1,55

Дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар

1,04

 

Агар жисмоний шахс солиқ солинадиган икки ва ундан кўп объектнинг мулкдори бўлса, солиқ уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Жисмоний шахс Тошкент шаҳридаги иккита квартиранинг мулкдори ҳисобланади. Улардан биринчисининг майдони 220 кв.м ни ташкил қилади, унинг инвентаризация қиймати эса, кадастр хизмати маълумотларига кўра, 16 200 минг сўмга тенг. Иккинчи квартиранинг майдони 55 кв. м бўлиб, унинг инвентаризация қиймати 4 100 минг сўмга тенг.

Майдони 220 кв.м бўлган квартира бўйича мол-мулк солиғи 1,25%лик ставка бўйича ҳисобланади ва 202,5 минг сўмни ташкил қилади, майдони 55 кв. м бўлган иккинчи квартира бўйича 1,04%лик ставка қўлланади ва солиқ суммаси 42,64 минг сўмни ташкил қилади.

 

АЙРИМ ҳолларда жисмоний шахслар мол-мулк солиғини жисмоний шахслар учун эмас, балки юридик шахслар учун белгиланган 3,5%лик ставка бўйича тўлашлари керак.

Агар солиқ солинадиган мол-мулк:

нотурар жой фондининг объекти ҳисобланса;

тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилса;

юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилса, мол-мулк солиғи 3,5%лик ставка бўйича ҳисобланади.

Солиқнинг 3,5%лик ставкаси кўрсатилган уч ҳолатнинг ҳар бирида қўлланади.

 

МИСОЛ. Жисмоний шахс майдони 65 кв. м бўлган ўзининг квартирасини юридик шахсга ижарага беради. Кўчмас мулк давлат кадастри хизмати томонидан унинг инвентаризация қиймати 4 500 минг сўм этиб белгиланган.

Ушбу квартира бўйича мол-мулк солиғи 1,04%лик ставкада тўланиши керак. Бироқ у юридик шахсга ижарага берилиши боис солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставкада тўланади ва 157,5 минг сўмни (4 500 х 3,5%) ташкил этади.

 

СИЗ УЧУН ҲИСОБЛАБ БЕРИШАДИ

ЖИСМОНИЙ шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти (квартира, уй, дала ҳовли ва бошқа кўчмас мулк) жойлашган ердаги солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади. Улар ҳисоблаб чиқарган солиқ суммаси тўлов хабарномаларида кўрсатилади, улар солиқ тўловчиларга ҳисобот йилининг 1 майидан кечиктирмай топширилади. Улар бўйича солиқ ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўланади (СКнинг 277-моддаси). Яъни 2013 йил учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ 2013 йил 15 октябргача тўланиши керак.

 

БУНИ ЭЪТИБОРГА ОЛИШ КЕРАК

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоб-китобида қуйидагилар ҳисобга олинади:

  • бир нечта мулкдорнинг умумий улушбай мулкида бўлган иморатлар, жойлар ва иншоотлар учун солиқни мулкдорларнинг ҳар бири ушбу иморатлар, жойлар ва иншоотлардаги ўз улушларига мутаносиб тарзда тўлайди;

 

МИСОЛ. Умумий инвентаризация қиймати 18 500 минг сўм бўлган уй (190 кв. м) умумий улушбай эгалик ҳуқуқида икки мулкдорга тегишли. Мулкдор А нинг улуши уйнинг 3/5 қисмини, мулкдор В нинг улуши эса уйнинг 2/5 қисмини ташкил этади.

Тўланадиган мол-мулк солиғи суммаси 192,4 минг сўмни ташкил қилади, шу жумладан:

мулкдор А тўлайдигани – 115,44 минг сўм (18 500 х 3/5 х 1,04%);

мулкдор В тўлайдигани – 76,96 минг сўм (18 500 х 2/5 х 1,04%).

 

  • мол-мулкка эгалик ҳуқуқи бир мулкдордан бошқасига календарь йил давомида ўтганда солиқни аввалги мулкдор ушбу йилнинг 1 январидан у мол-мулкка эгалик ҳуқуқини йўқотган ойнинг бошигача, янги мулкдор эса унда эгалик ҳуқуқи юзага келган ойдан бошлаб тўлайди;

МИСОЛ. Жисмоний шахслар квартира олди-сотдиси шартномасини туздилар. 2013 йил 9 сентябрда квартира кўчмас мулк кадастри хизматида янги мулкдор номига рўйхатдан ўтказилди. Мол-мулк солиғини 2013 йил январь–август учун аввалги мулкдор, сентябрдан бошлаб эса квартиранинг янги эгаси тўлайди.

 

  • янги иморатлар, жойлар ва иншоотлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ улар барпо этилган йилдан кейинги йил бошидан тўланади;

 

МИСОЛ. Хусусий уй қурилиши 2013 йил сентябрда тугалланди. Мулк ҳуқуқи кўчмас мулк кадастри хизматида 2013 йил октябрда рўйхатдан ўтказилди. Ушбу уй учун солиқ 2014 йилдан бошлаб тўланади.

 

  • мерос бўйича ўтган мол-мулк учун жисмоний шахс­лар мол-мулкига солинадиган солиқ меросхўрларда эгалик ҳуқуқи юзага келган ойдан бошлаб тўланади;

 

МИСОЛ. Квартирага меросхўр бўлиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани икки меросхўр 2013 йил январда олдилар. Бир меросхўрга квартиранинг 2/3 қисми, бошқасига 1/3 қисми тегади. Кўчмас мулк кадастри хизмати органларида квартира янги эгаларига (меросхўрларга) 2013 йил мартда расмийлаштирилган. Мерос бўйича ўтган квартира учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ 2013 йил мартдан бошлаб ҳар бир меросхўр томонидан улушларига мутаносиб равишда тўланади, яъни уларнинг бири тегишли сумманинг 2/3 қисми, бошқаси эса 1/3 қисми миқдорида тўлайди. Бундан ташқари, янги мулкдор – ворисларга (уларнинг улушларига мутаносиб равишда) мерос қолдирувчининг қарзи, агар у бор бўлса, ўтади.

 

  • солиқ солиш объекти (квартира, уй ва ҳоказо) йўқ қилинган, бузилган, бузиб ташланган ҳолда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ундириш мол-мулк йўқ қилинган, бузилган, бузиб ташланган ойдан бошлаб тўхтатилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи берган, солиқ солинадиган объектнинг йўқ қилингани, бузилгани, бузиб ташлангани далилини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлганда солиқ суммаси қайта ҳисоб-китоб қилинади.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИГА СОЛИНАДИГАН СОЛИҚ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР

 

Айрим тоифадаги жисмоний шахсларга бериладиган, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёзлар СКнинг 275-моддасида келтирилган. Унга мувофиқ қуйидагиларнинг мулкида бўлган мол-мулкка солиқ солинмайди:

  • «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқароларнинг. Мазкур имтиёз тегишинча «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси асосида берилади;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахсларнинг1. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;
  • ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёлларнинг. Мазкур имтиёзни бериш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болалар борлигини тасдиқловчи маълумотномаси асос бўлади;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқароларнинг (шу жумладан у ерга вақтинча йўлланган ёки хизмат сафарига юборилган шахсларнинг). Мазкур имтиёз тегишинча тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси, ногироннинг махсус гувоҳномаси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномаси, ваколатли давлат органлари томонидан берилган, имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатлар асосида берилади;
  • I ва II гуруҳ ногиронларининг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;
  • собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ота-оналарининг ва бева хотинларининг (бева эрларининг). Имтиёз «Ҳалок бўлган аскарнинг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)» ёки «Ички ишлар органлари ҳалок бўлган ходимининг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)» штампи қўйилган ёхуд пенсия гувоҳномасини берган муассаса раҳбарининг имзоси ва ушбу муассаса муҳри билан тасдиқланган тегишли ёзувли пенсия гувоҳномаси асосида берилади. Агар мазкур шахслар пенсионер бўлмаса, имтиёз уларга собиқ СССР Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ёки Ички ишлар вазирлигининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ёхуд Ички ишлар вазирлигининг тегишли органлари томонидан берилган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органи ходимининг ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида берилади. Собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида ёки фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ёхуд ички ишлар органлари ходимларининг бева хотинларига (бева эрларига) имтиёз фақат улар янги никоҳдан ўтмаган тақдирда берилади;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами (60 кв. м) доирасида пенсионерларнинг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади.

Пенсионерлар учун бюджетга тўланадиган мол-мулк солиғи суммаси қуйидаги формула бўйича аниқланади:

(Қ умум. – (Қ умум. / S умум.) х 60 кв. м) х М, бу ерда:

S умум. – мол-мулк банд этган майдоннинг умумий ҳажми;

Қ умум. – мол-мулкнинг умумий инвентаризация қиймати;

М – мол-мулк солиғи ставкаси.

 

МИСОЛ. Пенсионерга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган квартиранинг умумий инвентаризация қиймати
16 500 минг сўмни ташкил қилади, унинг умумий майдони – 108 кв. м.

Квартиранинг умумий майдони 200 кв. м дан ошмаслиги сабабли мол-мулк солиғи 1,04%лик ставка бўйича тўланади. Тўланадиган солиқ суммаси 76,267 минг сўмни [(16 500 – (16 500 / 108) х 60) х 1,04%] ташкил қилади.

 

Имтиёзга ҳуқуқи бор шахслар уни қўллаш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этишлари керак.

Кўрсатиб ўтилган барча имтиёзлар мулкдорнинг танлашига қараб мол-мулкнинг фақат битта объектига татбиқ этилади (масалан, квартира ва хусусий уй бор бўлса – фақат квартира ёки фақат уйга татбиқ этилади). Бундан ташқари, агар солиқ солинадиган мол-мулкдан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилса ёки у юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилса, имтиёзлар қўлланмайди.

 

МИСОЛ. Чернобиль АЭСдаги фалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган ҳарбий хизматчи ўз квартирасини юридик шахсга ижарага беради. Унинг инвентаризация қиймати, кўчмас мулк кадастри хизмати маълумотларига кўра, 9 800 минг сўмни ташкил қилади.

Квартира эгаси Чернобиль АЭСдаги фалокат оқибатларини тугатиш иштирокчиси сифатида мол-мулк солиғи бўйича имтиёзга эга. Бироқ, у квартирани юридик шахсга ижарага бергани боис, имтиёз қўлланмайди. Мол-мулк солиғи юридик шахслар учун белгиланган ставкада ҳисобланади ва 343 минг сўмни (9 800 х 3,5%) ташкил қилади.

 

Календарь йил давомида имтиёз ҳуқуқи юзага келган (бекор қилинган) ҳолда жисмоний шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ у юзага келган (бекор қилинган) ойдан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилинади.

 

СКда назарда тутилган имтиёзлардан ташқари, мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланиши мумкин. Хусусан, Президентнинг 4.01.2013 йилдаги ПҚ-1902-сон қарори билан белгиланишича, 2013 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар, Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши дастури доирасида, ипотека кредитини тўлаб бўлмагунга қадар, харид қилинган уй-жойлар бўйича мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинадилар.

 

ПЕНЯ. У СИЗГА КЕРАКМИ?

Солиқни ўз вақтида тўламаганлик учун муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,05% миқдорида пеня ҳисобланади. Бунда СКнинг 120-моддасига кўра:

бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўланган суммага тенг бўлган қарз суммасига пеня ҳисобланмайди;

пеня миқдори мол-мулк солиғи бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмас.

 

11941–1945 йиллардаги уруш иштирокчилари ва ногиронларига тенглаштирилган шахслар Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган) 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган.

 

 

Прочитано: 2478 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика