Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 5.04.2010 йилдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган) асосан туманимиз ҳокими савдо марказимиз ҳудудида 0,054 гектар ер участкасини автомобиллар тўхташ жойини жиҳозлаш ва унда пулли хизматлар кўрсатиш учун ажратиш тўғрисида қарор чиқарди (бизнинг МЧЖдан ташқарида бундай мақсадлар учун ер участкалари йўқ). Аслида МЧЖнинг собиқ раҳбарияти туман ҳокимлигига автомобиллар тўхташ жойи қурилиши учун ер участкасини ажратишга ёзма буюртманома бермаган эди. Бизнинг МЧЖ кадастр ҳужжатларида ва картографик режада автомобиллар тўхташ жойининг аниқ жойлашган ери мавжуд эмас, ҳолбуки ушбу талаблар 112-сон Низомда кўрсатилган. Бунга қарамай, ҳокимнинг қарори чиқарилди. 2012 йилда бизнинг МЧЖга автомобиллар тўхташ жойи қурилишига ер участкаси ажратилиши муносабати билан автомобиллар тўхташ жойи хизматларини кўрсатишга доир фаолиятдан қатъий белгиланган солиқ ҳисоб-китобини топширишимиз шартлиги тўғрисида солиқ инспекциясининг хабарномаси (17 январдаги 13/2-0229-сон) келди.
Бироқ молиявий қийинчиликлар ва бизнинг МЧЖ собиқ раҳбариятининг қизиқиш билдирмаганлиги боис мазкур участкада қурилиш ишлари ўтказилмади. Савдо мажмуига ташриф буюрувчилар ва унда ўз фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлар автомашиналарини бутун ҳудуддаги бўш жойларга қўядилар. Автомобиллар тўхташ жойи қурилмаганлиги, қурилиш далолатномаси ва 112-сон Низомнинг барча талабларига жавоб берадиган тайёр объектни қабул қилиш далолатномаси йўқлигига қарамай, 2011 йил июнда туман ҳокимлиги ва ДСИ гуруҳ тузишди ва мавжуд бўлмаган автомобиллар тўхташ жойи бўйича мониторинг ўтказишди. У ўтказилганидан кейин бизнинг МЧЖга 2010 йил ноябридан – ҳокимнинг автомобиллар тўхташ жойи қурилишига ер участкаси ажратиш тўғрисида қарори чиқарилган пайтдан бошлаб қатъий белгиланган солиқ бўйича кўп миллион сўмлик қарзни ҳисоблаб ёзишди.
Собиқ раҳбарият мазкур масалани ҳал қилишга доир ҳеч қандай чора кўрмасдан, автомобиллар тўхташ жойидан қатъий белгиланган солиқ бўйича ҳисоб-китобларни топшира бошлади. 2012 йил май ойида МЧЖ раҳбарияти ўзгарди. Ҳозир бизда автомобиллар тўхташ жойи қурилишини бошлаш учун ҳеч қандай имконият йўқ, чунки қарзимиз жуда кўплиги туфайли банк бизга кредит бермаяпти. Шундай бўлса-да, биз автомобиллар тўхташ жойидан қатъий белгиланган солиқ бўйича ҳисоб-китобларни топширишга ва солиқ, унга доир қарз ва пеняни тўлашга мажбур бўляпмиз. Буни биз савдо мажмуи ҳудудига шахсий автотранспортда кирганлик учун ташриф буюрувчилар ва тадбиркорлардан банк берган чеклар асосида олинган тушумдан тўлаяпмиз. Савдо мажмуи ҳудудига кирганлик учун автомашиналар эгаларидан тўлов ундиришни 2012 йил майдан бошладик. Гарчи бунинг қонунбузарлик эканлигини билсак-да, бироқ қатъий белгиланган солиқни, шунингдек унга доир қарз ва пеняни тўлаш учун шундай қилишга мажбурмиз.
Саволларимизга жавоб берсангиз:
Ҳокимлик ва солиқ инспекцияси қўшма гуруҳининг қурилмаган автомобиллар тўхташ жойида мониторинг ўтказиш бўйича ҳаракатлари қонунийми?
Юқорида кўрсатилган Низомнинг автомобиллар тўхташ жойи фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги талаблари бузилганлиги боис автомобиллар тўхташ жойидан қатъий белгиланган солиқ бўйича қарзни олиб ташлаш ва бизнинг МЧЖга нисбатан мазкур солиқни бекор қилиш мумкинми?
Мазкур вазиятни ҳал этиш учун нима қилиш керак?
А.Бозоров,
МЧЖ директори.
– Автомобиллар тўхташ жойи учун ер участкаси бериш, унда пулли хизматлар кўрсатиш ва улар билан боғлиқ солиқ солиш тўғрисида сиз кўтарган масала аввало Президентнинг «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори (26.04.2010 йилдаги ПҚ-1326-сон) ижроси билан боғлиқ. Ушбу ҳужжат 1-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2010 йилнинг 1 июнигача бўлган муддатда бозорлар ҳудудида ва уларга туташ ҳудудларда жойлашган барча автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларининг белгиланган тартибда бозорлар ва савдо комплексларига топширилишини таъминлаш, уларни назорат-касса машиналари ва тўлов терминаллари билан жиҳозлаш топширилди.
Ер кодекси 23-моддасининг биринчи қисмига асосан ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади. Ер участкаларини ажратиб бериш манфаатдор шахсларнинг туман (шаҳар) ҳокимига берган аризаси асосида амалга оширилади, бу ҳол қуйидаги ҳужжатларда назарда тутилган:
Ўзбекистон Республикасида ер участкаларини олиб қўйиш ва уларни қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун беришга доир материалларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 27.05.1992 йилдаги 248-сон қарори билан тасдиқланган (амал қилиш даври 25.05.2011 йилгача) II бўлимининг 1-бандида;
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 25.05.2011 йилдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган (амал қилиш даври 25.05.2011 йилдан 25.02.2013 йилгача) 12-бандида;
Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.04.2010 йилдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган (ВМнинг 31.07.2013 йилдаги
213-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган) 4 ва 5-бандларида;
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 25.02.2013 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган (2013 йил 25 февралдан кучга кирган) 9-бандида.
Ер кодексининг 31-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 84-моддасига кўра юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади. «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Қонун (28.08.1998 йилдаги 666-I-сон) 13-моддасининг иккинчи қисмига асосан ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижара ҳуқуқида, шунингдек мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишлари шарт. Бинобарин, ҳокимнинг қарори чиқарилгандан кейин сиз тегишли равишда ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда ер участкасига доир ҳуқуқни рўйхатдан ўтказишингиз ёки кўрсатилган қарор устидан шикоят қилишингиз керак эди.
Солиқ кодексининг 67-моддасида солиқ текширувларининг шакллари белгиланган, улар жумласида солиқ солиш объектининг мониторинги йўқ. Бунда Солиқ кодексининг 85–91-моддалари ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонунга (24.12.1998 йилдаги 717-I-сон) асосан ўтказиладиган режали ёки режадан ташқари текширув тўғрисида сўз борган дейиш мумкин. Бирор-бир ҳужжатларсиз бундай текширув (мониторинг)нинг қонунийлиги ёки ноқонунийлиги тўғрисида хулоса чиқаришнинг имкони йўқ.
Фақат суд тартибида сизнинг МЧЖга автомобиллар тўхташ жойи учун ер участкаси берилганлиги далили хусусида низолашиб, ундан лоақал сиз кўрсатган текширув (мониторинг) ўтказилишига қадар амалда фойдаланилмаганлигини исботласангиз, солиқ қарзини олиб ташлаш мумкин. Ер участкасини ажратиш масаласи фақат манфаатдор юридик шахснинг аризасига асосан кўриб чиқилади. Бироқ ташкилотингиз уни бермаганлиги боис, сизга ер участкаси берилганлиги хусусида Ер кодексининг 89-моддасига асосан низолашиб, хўжалик судига Хўжалик процессуал кодексининг 27, 112–121-моддаларига мувофиқ даъво аризаси топширишга ҳақлисиз.
Улуғбек АЮПОВ,
эксперт-юристимиз.