Яқинда Ўзбекистон миллий матбуот марказида Давлат божхона қўмитаси томонидан ташкил этилган «Тадбиркорлар томонидан республика ҳудудига олиб кириладиган технологик жиҳозларнинг эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмлари экспертизасини ўтказиш: тартиби, шартлари ва имтиёзлар» деб номланган матбуот конференцияси бўлиб ўтди. Унда ДСҚ, «Ўзбекэкспертиза» ОАЖ, ССП, республика оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг устувор вазифаларидан бири хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўз ишлаб чиқаришларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, уларни юқори сифатли, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришни таъминлайдиган замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун омилларнинг самарали тизимини барпо этиш ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу вазифаларни амалга ошириш учун йўналтирилган бутун бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган, – деб таъкидлайди ДБҚ Божхона тарифларини тартибга солиш ва тўловлар ҳисобини юритиш бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Собир Авезов тадбирни очаркан. – Улар жумласига маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш учун фойдаланиладиган, товарларнинг алоҳида тури ҳисобланадиган технологик жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар ва уларнинг бутловчи буюмларини олиб киришга тааллуқли ҳужжатлар киради.
Ушбу товарларнинг аҳамиятини ва уларнинг республикада ишлаб чиқарилмаслигини ҳисобга олиб, мамлакат Президенти ва Ҳукумати технологик жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар ва уларнинг бутловчи буюмларини импорт қилишни рағбатлантиришга катта эътибор беряпти. Божхона божини тўлашдан озод этиш бўйича тариф имтиёзларини бериш учун «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон) 33-моддаси, ҚҚС тўлашдан озод этиш бўйича – Солиқ кодексининг 211-моддаси асос ҳисобланади.
Қўшимча имтиёзлар ва преференциялар Президентнинг 24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон Фармони билан белгиланган. Хусусан, 2016 йил 1 январгача хўжалик юритувчи субъектлар Вазирлар Маҳкамасининг 17.12.2012 йилдаги 843-ф-сон фармойиши билан тасдиқланган рўйхат бўйича республика ҳудудига олиб кириладиган белгиланган технологик жиҳозларга эҳтиёт қисмлар ва уларнинг бутловчи буюмлари учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) озод этилган.
Бунда имтиёзлар хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, шунингдек белгиланган технологик жиҳознинг мулкдори билан тузилган шартномалар бўйича олиб кирадиган белгиланган технологик жиҳозларнинг эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларига татбиқ этилади.
Президентнинг 14.03.2007 йилдаги ПФ-3860-сон Фармонининг 5-банди ва Президентнинг 10.09.2012 йилдаги ПҚ-1816-сон қарорига мувофиқ Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, ТИАИСВ ва ДБҚ томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхати (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тайёрланди ва қўшма қарор билан тасдиқланди.
С.Авезовнинг тушунтиришича, импорт божхона божи ва ҚҚС тўлаш бўйича имтиёзлар ТИФ ТН кодлари мазкур Рўйхатга киритилган янги технологик жиҳозларга берилади. Ушбу имтиёзлар жиҳознинг ажралмас қисми ҳисобланадиган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга ҳам, башарти улар контрактга (шартномага) мувофиқ янги технологик жиҳоз комплектида етказиб берилса, татбиқ этилади. Бунда «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви пайтида ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан ошмайдиган жиҳоз янги технологик жиҳоз ҳисобланади. Ушбу далилни тасдиқлаш учун божхона органига ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки олиб кириладиган технологик жиҳоз ишлаб чиқарилган йилни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатни тақдим этиш зарур.
Технологик жиҳоз, унинг эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларини божхона экспертизасидан ўтказишнинг хусусиятлари тўғрисида Марказий божхона лабораториясининг бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниев ахборот берди. У мисоллар келтирди, ушбу товарларни ТИФ ТН бўйича таснифлашга тааллуқли айрим муаммолар тўғрисида ҳикоя қилди. Чунончи, ТИФ ТНни талқин қилишга доир Асосий Қоидаларнинг 2А-Қоидасига мувофиқ товар позициясининг номида бирор-бир товарга ҳар қандай ҳавола, башарти бутланмаган ёки тугалланмаган кўринишда тақдим этилган ушбу товар бутланган ёки тугалланган товарнинг асосий хоссасига эга бўлса, бундай товарга бутланмаган ёки тугалланмаган кўринишда ҳам ҳавола сифатида қаралиши керак, шунингдек йиғилмаган ёки қисмларга ажратилган кўринишда тақдим этилган бутланган ёки тугалланган товарга ҳавола (ёки кўриб чиқилаётган товар позициясида мазкур Қоида туфайли бутланган ёки тугалланган товар сифатида таснифланадиган) сифатида қаралиши лозим. Яқинда паррандачилик фермаси учун технологик жиҳоз олиб кирилаётганда мазкур жиҳоз комплектининг бир қисми ҳисобланадиган вентиляция тизимини таснифлаш муаммоси юзага келди. 2А-Қоидага кўра ушбу тизим битта код билан таснифланиши мумкин эмас, чунки комплектсиз кўринишда йиғилган, тугалланган товар хоссасига эга бўлмайди, тегишинча, имтиёз олиш ҳуқуқига эга эмас. Ушбу масала идоралараро комиссия экспертизасининг кўриб чиқишига киритилди, бироқ у ҳам узил-кесил қарор қабул қила олмади. Шу муносабат билан Жаҳон божхона ташкилотига сўров юборилиб, Товарларни таснифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизими асосида таснифлашда ёрдам кўрсатиш илтимос қилинди.
«Ўзбекэкспертиза» ОАЖ фаолияти тўғрисида унинг бош директори Ботир Ражабов ҳикоя қилди:
– Ташкилот томонидан 10 хил экспертиза ўтказилади, улар орасида товарларни таснифлаш ҳам бор. У Президентнинг 10.09.2012 йилдаги ПҚ-1816-сон қарори билан 2012 йил 1 октябрдан амалга киритилган ЎзР Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига (2012 йилги версия) асосан амалга оширилади. «Ўзбекэкспертиза»га олиб кириладиган технологик жиҳоз ва унинг эҳтиёт қисмларини, шунингдек қўшимча қисмлар, хом ашё ва материалларни маҳаллийлаштирадиган маҳсулот ишлаб чиқариш чоғида технологик жараёнда фойдаланиладиган ашёлар тоифасига киритиш тўғрисида хулоса чиқаришга ваколат берилган.
Матбуот конференцияси давомида ДБҚ ходимлари, «Ўзбекэкспертиза» ва ДСҚ вакиллари журналистларни қизиқтираётган барча саволларга жавоб бердилар. Хусусан, солиқчиларнинг тушунтиришларича, тасдиқланган Рўйхатга мувофиқ ўрнатилган технологик жиҳозга олиб кириладиган эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлардан мақсадга кўра ва самарали фойдаланишни республика Давлат солиқ қўмитаси назорат қилади. Улардан мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган тақдирда имтиёзларни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлар тўлиқ ҳажмда давлат бюджетига ундирилиб, қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкциялари қўлланади.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.