МЧЖ шаклидаги корхонамизнинг (ЯСТ тўловчиси) асосий фаолият тури ишлаб чиқариш ҳисобланади. 2013 йил I ярми якунлари бўйича жамият таъсисчиларига 25,3 млн сўм дивиденд ҳисобланди.
Ҳисобрақамимизда пул маблағлари етмаганлиги сабабли дивидендларни хом ашё (материаллар) шаклида беришга келишилди. Мазкур операциянинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Шавкат Бойюнусов, МЧЖ раҳбари.
Самарқанд вилояти.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори (29.12.2008 йилдаги ПҚ-1024-сон) 5-банди ва Дивиденд тарзидаги даромадларни солиқ солишдан озод этиш тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 10.02.2009 йилда 1901-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-бандига асосан 2009 йил 1 январдан 2014 йилнинг 1 январигача жисмоний шахслар – микрофирма ва кичик корхоналарнинг муассислари томонидан олинадиган дивиденд тарзидаги даромадлари, шунингдек юридик шахслар томонидан олинадиган дивиденд тарзидаги даромадларнинг капиталлашувга, инвестицияларга, аввал олинган кредитлар учун ҳисоб-китоб қилишга йўналтирилган қисми солиқ солишдан озод этилади (мазкур қоида Солиқ кодексига (СК) мувофиқ доимий хусусиятга эга бўлган, юридик шахсдан олиниб, унинг устав фондига (устав капиталига) йўналтириладиган солиқ солинмайдиган дивидендларга татбиқ этилмайди).
Кўрсатилган имтиёз 2009 йилнинг 1 январидан кейин ва 2014 йилнинг 1 январига қадар тўланадиган барча дивидендлар учун, улар қайси давр учун ҳисобланганлигидан қатъи назар, татбиқ этилади.
Жумладан, дивиденд бу акциялар, улушлар, пайлар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад, яъни юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида (иштирокчилари, аъзолари ўртасида уларнинг улушлари, пайлари, ҳиссалари бўйича) тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисмидир, шунингдек юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис (иштирокчи, аъзо) томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини (пайини, ҳиссасини) олгандаги даромадлардир, бундан муассис (иштирокчи, аъзо) устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади.
Солиқ солиш бўйича имтиёз корхона таъсисчига дивидендларни қандай кўринишда – пул маблағлари, товарлар, асосий воситалар ёки материаллар билан беришидан қатъи назар, қўлланади.
Жисмоний шахс бўлган муассисга дивиденд тарзидаги даромад тўлайдиган микрофирма ва кичик корхоналар тўлов манбаида солиқ ушлаб қолмайдилар.
Имтиёз микрофирма ва кичик корхоналар томонидан мустақил тарзда, жисмоний шахснинг имтиёзни қўллаш тўғрисидаги аризаси тақдим этилмаган ҳолда қўлланилади.
Аммо шуни ёдда тутиш лозимки, корхона ўз товарларини, хом ашёни (материалларни) таъсисчига дивиденд тарзида бериши реализация қилиш сифатида қаралиб, корхона учун тегишли солиқ оқибатларига олиб келади ва 21-сон БҲМСга асосан бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.
Хом ашёни (материалларни) таъсисчига дивидендлар ҳисобига бериш қабул қилиш-топшириш далолатномаси ҳамда ҳисобварақ-фактура орқали расмийлаштирилиши керак.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.