Кичик корхонамиз ўзининг балансида 48,5 млн сўмлик асосий воситаларга эга. Ишлаб чиқариш тақозосидан келиб чиқиб, бугунги кунда фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги туфайли баъзи асосий воситалардан фойдаланмасликка тўғри келмоқда.
Ана шундай «вақтинчалик тўхтатиш» даврида фойдаланилмаётган асосий воситаларга амортизация ҳисобламасак бўладими?
Тойир Таджибаев,
МЧЖ бош бухгалтери.
Тошкент вилояти.
– 5-сон БҲМСга (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) асосан асосий воситалар қиймати амортизацияни ҳисоблаш йўли билан сўндирилади. Амортизацияланадиган қиймат бутун фойдали хизмат муддати мобайнида субъект харажатларига амортизация ажратмалари кўринишида мунтазам тақсимланади. Асосий воситалар объекти бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект асосий воситалар таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланади ҳамда мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ сўндирилгунга қадар ёхуд бу объектни балансдан ҳисобдан чиқарилгунча амалга оширилади.
Асосий воситалар объекти бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ сўндирилган ёки бу объект балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади.
Асосий воситалар объектини фойдали ишлатиш муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди (уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказиш, шунингдек умуман тўхтатиш шарти билан объектни қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, замонавийлаштириш, техник қайта қуроллантириш ҳолатлари бундан мустасно).
5-сон БҲМСнинг 41-бандига мувофиқ, ҳисобот йили давомида асосий воситалар объекти бўйича амортизация ажратмалари қўлланиладиган ҳисоблаш усулидан қатъи назар (амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулидан ташқари), йиллик сумманинг 1/12 миқдорида ҳар ойда ҳисобланади.
Мавсумий тусдаги ишлаб чиқариш корхоналарида фойдаланиладиган асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ҳисобот йилида корхона томонидан асосий воситалардан фойдаланиш даври мобайнида тенг маромда ҳисобланади.
Амортизация ҳисобланмайдиган асосий воситалар объектлари рўйхати Солиқ кодексининг 144-моддаси, «Асосий воситалар» 5-сон БҲМСнинг 32 ва
35-бандларида белгиланган бўлиб, улар қуйидагилардир:
ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);
маҳсулдор чорва моллари;
кутубхона фонди;
музей қимматликлари (музей ашёлари);
архитектура ва санъат ёдгорликлари;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлаклар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;
тўлиқ амортизацияланган асосий воситалар;
асосий воситалар ва номоддий активлар таркибига ўтказилмаган капитал қўйилмалар.
Умуман тўхтатиш шарти билан асосий воситани қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, техник қайта қуроллантириш даврида асосий воситалар объекти бўйича амортизация ҳисоблашни тўхтатишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, Фойдаланилмаётган асосий воситаларни, қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 16.09.2003 йилдаги 401-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда 401-сон Низом) мувофиқ консервациялашга ўтказилган асосий воситаларга амортизация ҳисоблаш тўхтатилади.
Асосий воситаларни консервациялашга ўтказиш зарур ва мақсадга мувофиқ бўлганда корхона мазкур таомилни ўтказа олади. 401-сон Низомнинг 4-бандига кўра фойдаланилмаётган асосий воситаларни консервация қилиш тўғрисидаги қарор аниқ муддат белгиланган ҳолда қабул қилинади (Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари қабул қиладиган алоҳида қарорлар бундан мустасно). Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, мол-мулк эгаси фақат асосий воситаларни консервацияга ўтказиш таклифини киритади, қарорни эса 401-сон Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ваколатли органлар қабул қилади.
5-сон БҲМСнинг 33-бандига кўра, қолган ҳолларда корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар, асосий воситалар амортизациясини ҳисоблаш у дахлдор бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.