Бир ўзим икки нафар ёш болани тарбиялаяпман. Собиқ эрим алимент тўлашни хоҳламаяпти. Олий маълумотли бўлса-да, оз иш ҳақи бериладиган ишга ўзини расмийлаштириб олди. Бунинг устига тез-тез хизмат сафарларига чиқиб кетади. Хизмат сафарига тўланадиган пуллардан алимент ушланиши белгиланганми?
– Оила кодексининг 104-«Алимент ундиришда ҳисобга олинадиган даромадлар» моддасига кўра, алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.
Жисмоний шахсларнинг даромадлари таркиби Солиқ кодекси (СК)нинг 171-моддасида белгиланган бўлиб, улар:
1) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
2) мулкий даромадлар;
3) моддий наф тарзидаги даромадлар;
4) бошқа даромадлардир.
Бунда, СК 171-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра, хизмат сафарларидаги қуйидаги компенсация тўловлари жисмоний шахслар даромади сифатида қаралмайди:
тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш учун, шу жумладан жой банд қилиш учун ҳақ тўлашни қўшган ҳолда ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар. Йўл ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, темир йўл транспортидаги (агар темир йўл қатнови бўлмаса, шаҳарлараро автобусдаги) йўл ҳақи қиймати миқдорида, бироқ авиачипта қийматининг 30%идан ошмайдиган миқдорда;
уй-жойни ижарага олиш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар. Яшаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда – қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида;
тасдиқловчи ҳужжатлар асосида уй-жойни банд қилиш учун тўловлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида хизмат сафарида бўлинган вақт учун тўланадиган кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар);
қонун ҳужжатларида белгиланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа тўловлар.
Белгиланган меъёрлар доирасидаги хизмат сафарлари ходимнинг даромади ҳисобланмаслигини эътиборга олганда, улардан алимент ушланмайди.
Бироқ, агар хизмат сафарларига меъёрдан ортиқча тўланса,
меъёрдан ортиқча тўловлар уларни олувчининг даромади ҳисобланади ва ушбу суммалардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин, қолган суммадан алимент суд ёки алимент тўлаш тўғрисидаги битимда белгиланган миқдорда ушланади.