2013 йил бошидан корхонамиз раҳбарияти ўзгарди ва бош бухгалтерлик вазифаси менинг зиммамга тушди. Корхонамизда 2011 йилдан бери ходимларнинг олий ўқув юртида ўқиётган фарзандлари ўқиши учун контракт пуллари иш ҳақи ҳисобидан тўлаб келинган экан. Ходимга иш ҳақини ҳисоблашда ушбу контракт суммаси миқдорида даромад солиғи ҳисобланмай келинган. Даромад солиғини ушлаб қолмаслик учун бухгалтерияга фақатгина ходимнинг аризаси ва ўқув даргоҳи билан тузилган контракт шартномаси тақдим этилган.
Эндиликда раҳбарият контракт пулларини бир йўла тўлаб беришдан воз кечди ва ходимлар контракт пулини ўзлари тўлайдиган бўлишди. Лекин контракт пулини тўлашга йўналтиришда имтиёзлар белгиланганидан келиб чиқиб, уларга иш ҳақини даромад солиғини ушламасдан ҳисоблаб беришимизни сўрашмоқда.
Бухгалтерияга контракт пули бир йўла тўлаб берилган даврда тақдим этилган ҳужжатлардан менинг кўнглим тўлмади. Шунинг учун иш фаолиятимиз жараёнида камчиликларга йўл қўйилган бўлса, уларни бартараф қилиш мақсадида контракт пули бир йўла тўлаб берилган ва даромад солиғидан имтиёз қўлланган давр учун ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, шунингдек ходимлар ўзлари тўлаб келган контракт тўловлари бўйича даромад солиғидан имтиёз қўллаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан тўғри йўналиш беришингизни сўраймиз.
Газетхон.
– Солиқ кодексининг 179-моддасига асосан фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди.
Бунда имтиёзни қўллашда Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосланиш керак бўлади. Низомнинг 11-бандига асосан жисмоний шахслар солиқ чегирмасини олиш учун иш берувчига даромадларини ўқиш учун тўловга (кредитни қоплашга) ўтказиш тўғрисидаги аризага:
талаба (талабалар) билан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхасини илова қилган ҳолда тақдим этишлари керак. Ушбу ҳужжатларнинг корхона бухгалтериясига тақдим этилиши жисмоний шахс-лардан олинадиган даромад солиғини тўлов манбаида ушлаб қолмаслик учун асос бўлади.
Бунда раҳбар ходимнинг даромадларини фарзандининг (ёки ўзининг) ўқув юртида таълим олиш учун контракт тўлови ҳисобига ўтказиш учун тақдим этган ариза асосида унинг даромадини таълим олиш тўловига йўналтириш тўғрисида буйруқ (фармойиш) қабул қилиши шарт.
Иккинчи ҳолатда, яъни ходимлар ўзлари тўлаб келган контракт тўловлари бўйича корхонада иш ҳақи беришда даромад солиғидан имтиёз қўллаш мумкин эмас. Қонунчиликда ушбу ҳолатда корхона даромад солиғидан имтиёз қўллаши мумкинлиги кўзда тутилмаган.
Лекин бу ходим фарзандини мамлакатимиз олий ўқув юртида ўқитиш ҳақини тўлашга йўналтирган маблағлар қисми бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаши мумкин эмаслигини билдирмайди.
2107-сон Низомнинг 16-бандига асосан Ўзбекистон Респуб-ликаси олий ўқув юртларида ўқиш учун контракт тўловини ходимнинг ўзи мустақил равишда тўласа, имтиёз давлат солиқ хизмати органларига ходимнинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш йўли орқали берилиши мумкин. Бунда солиқ имтиёзи Ўзбекистон Респуб-ликаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасига, солиқ даври учун кўрсатилган ходимнинг жами йиллик даромади миқдорида берилади.
Жами йиллик даромади тўғрисидаги декларациялаш эса Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 191-193-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Ходим имтиёздан фойдаланиш мақсадида даромадларини декларациялаш вақтида декларация билан бирга иш берувчидан олинган Тўланган даромад ва ушланган солиқ суммаси тўғрисида маълумотномани, шунингдек солиқ чегирмасига ҳуқуқни тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
талаба билан Ўзбекистон олий ўқув юрти ўртасида тузилган, тўлов-контракт асосида таълим олиш шартномасининг нусхасини;
пул маблағлари олий ўқув юртининг ҳисобрақамига мустақил равишда тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхаларини;
паспорт ва таълим олувчининг туғилганлик гувоҳномаси нусхасини.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида ортиқча тўланган сумма ходимингизнинг аризасига биноан унинг мол-мулк ва ер солиғидан бўлган қарздорликларига ёки ушбу солиқлар бўйича келгуси давр тўловларига йўналтирилиши мумкин. Мазкур солиқлардан қарздорлик бўлмаган тақдирда ортиқча тўланган сумма ариза берилган санадан бошлаб 30 кун ичида солиқ органлари томонидан қайтарилади.
Жавобни экспертимиз
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.