Ҳурматли таҳририят, деярли 15 йилдан бери сизнинг газетангиз обуначиси ва газетхонимиз. Қизиқарли рукнлар, солиқ солиш ва бухгалтерия масалаларидаги амалий ёрдам учун сизларга раҳмат айтамиз.
Бир саволимизга жавоб берсангиз.
Микрофирмамизнинг асосий фаолияти қуйидаги хизматларни кўрсатиш ҳисобланади: аҳолига компьютер саводхонлиги асосларини ўргатиш – 55%, Пайнет – 6%, хоналарни ижарага бериш – 38,1% (2013 йил биринчи ярми якунлари бўйича). Биз ЯСТ тўлаб келамиз. Уни ҳисоблаш учун қандай базани қайси даврдан бошлаб қўллаш керак: қатъий белгиланган солиқ – 2 ЭКИҲ/ой ёки ер солиғининг 3 каррасиними?
М.Омонуллаева, бухгалтер.
– Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарори 4-бандига кўра 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб ягона солиқ тўловини тўловчи барча шахслар учун (чакана савдо корхоналари бундан мустасно) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаш учун ягона база – улар эгаллаб турган ер участкаси майдонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг 3 карра миқдоридаги суммаси белгиланган.
Корхонангизнинг асосий (соҳа) фаолият тури бўлиб чакана савдо ҳисобланмаслиги боис, ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун сиз ўзингиз эгаллаган ер участкаси майдонидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ер солиғининг 3 карра суммасини қўллашингиз керак.
Саволларга экспертимиз Шарофиддин РЎЗМЕТОВ жавоб берди.