Мен пенсионерман, пенсионер хотиним билан бирга хусусий уйда тамоман ёлғиз ҳолда яшаймиз. Иккита фарзандимиз бор, улар ўз оилалари билан алоҳида яшашади. Ёлғиз пенсионерлар сифатида ер солиғи бўйича имтиёздан фойдалана оламизми?
– Ҳа, агар сизнинг болаларингиз худди шу уйда пропискадан ўтмаган, балки бошқа манзил бўйича прописка қилинган бўлсалар, ер солиғи бўйича имтиёзлардан фойдалана оласиз.
Чунончи, Солиқ кодекси (СК) 290-моддасининг 5-банди бўйича ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади.
Бунда ўзининг ер солиғи бўйича имтиёз олиш ҳуқуқидан ёлғиз пенсионерлар ер участкаси жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига ушбу ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда фойдаланишлари мумкин.
* * *
Эр ва хотин, иккаламиз пенсионермиз, 15 ёшли невара билан бирга яшаймиз, у ҳам ушбу уйга прописка қилинган. Биз ер солиғи бўйича имтиёзни қўллаш мақсадида ёлғиз пенсионерлар деб ҳисобланамизми?
– Ҳа, ушбу ҳолда солиқ солиш мақсадида сиз ёлғиз пенсионерлар ҳисобланасиз ва ер солиғи бўйича имтиёзни қўллашингиз мумкин. Зеро СК 290-моддасининг 5-бандига мувофиқ ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади.
Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 22-моддасига мувофиқ фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни 18 ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.
Шу тариқа, сиз неварангиз 18 ёшга тўлгунча ер солиғи бўйича имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.
* * *
Хотиним билан бирга пенсионермиз. Ҳозирги вақтда якка тартибдаги уйда ёлғиз яшаймиз. Катта ёшли ўғлимиз (23 ёшда) бор, у биз билан бир уйга прописка қилинган, бироқ республиканинг бошқа минтақасида ишлайди ва яшайди. Бизникига фақат байрамларда келади. Ўғлимиз бошқа минтақада яшаётган давр учун ер солиғи бўйича имтиёзни қўллаш ҳуқуқига эгамизми?
– Йўқ, мазкур ҳолда сизда имтиёзни қўллаш ҳуқуқи мавжуд эмас.
СК 290-моддасининг 5-бандига кўра ер солиғидан ёлғиз пенсионерлар озод қилинади, уларга ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар киради.
Ўғлингиз сизнинг уйингизда прописка қилинганлигини, гарчи вақтинча шу ерда яшамаса-да ва вояга етган ёшдалигини ҳисобга олганда, ер солиғи бўйича имтиёз сизга татбиқ этилмайди, чунки сиз солиқ солиш мақсадида ёлғиз пенсионер деб ҳисобланмайсиз.
* * *
Мен пенсионерман, ўз уйимда кичик ўғлим билан бирга яшайман, у шу йил декабрда 18 ёшга тўлади. Иккита катта фарзандларимиз ўз квартирасида алоҳида яшашади, улар ўша квартираларига прописка қилинганлар. Мен пенсионер сифатида ер солиғи бўйича имтиёздан фойдалана оламанми?
– Ҳа, агар уйда сиз ва кичик ўғлингиздан бошқа ҳеч ким прописка қилинмаган бўлса, ёлғиз пенсионер сифатида ер солиғи бўйича имтиёздан фойдалана оласиз.
Зеро ер солиғи бўйича имтиёз фақат ёлғиз пенсионерларга татбиқ этилади, уларга ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар киради.
ФКнинг 22-моддасига мувофиқ фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни 18 ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади.
Демак, сиз ер солиғи бўйича имтиёздан фақат кичик ўғлингиз 18 ёшга тўлгунча, яъни шу йилнинг декабригача (декабрь ҳам киради) фойдалана оласиз. Кейинги йилнинг январида эса сиз қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ер солиғи тўловчисига айланасиз. СКнинг 294-моддасига мувофиқ ер солиғи бўйича имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар бекор қилинган тақдирда, бу солиқ мазкур ҳуқуқ бекор қилинганидан кейинги ойдан эътиборан тўлана бошлайди.
* * *
Мен пенсионерман. Эрим билан бир уйда тамоман ёлғиз яшаймиз. Болаларимиз биздан алоҳида яшашади, уйимизга улар прописка қилинмаган. Сентябрда эрим 60 га тўлади. Мен ушбу йилда ер солиғи бўйича имтиёзни қўллашим мумкинми?
– Ер солиғи бўйича имтиёз фақат ёлғиз пенсионерларга татбиқ этилади, уларга ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар киради (СК 290-моддасининг 5-банди).
Ер солиғи бўйича имтиёзни қўллаш мақсадида эрингиз ҳам пенсия ёшига етганда, яъни шу йилнинг сентябридан бошлаб сизлар ёлғиз пенсионерлар деб ҳисобланасиз. Ушбу пайтгача эса сиз ер солиғини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлашингиз керак. Ер солиғи бўйича имтиёзлар белгиланган тақдирда, бу солиқ имтиёз ҳуқуқи вужудга келган ойдан эътиборан тўланмайди (СКнинг 294-моддаси).
Ер солиғи бўйича имтиёзга доир ҳуқуқидан фойдаланиш учун ёлғиз пенсионерлар ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органларига ушбу ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этишлари керак.
Ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органлари жорий солиқ даври учун бюджетга тўланадиган ер солиғи суммасини имтиёзни ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисоблашлари керак.
* * *
Мен пенсионерман, уйда бир ўзим яшайман. Хотиним вафот этган, болаларим йўқ. Меҳнат органлари томонидан менга пенсия гувоҳномаси учун Президентнинг 27.05.1991 йилдаги ПФ-212-сон Фармони билан белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган махсус қўшимча варақ берилган. Солиқ органларига ер солиғи бўйича имтиёзни қўллаш учун ёлғиз пенсионерлигимни тасдиқлайдиган ушбу ҳужжатни тақдим эта оламанми?
– Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларга имтиёзлар бериш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 28.05.1991 йилдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ Президентнинг 27.05.1991 йилдаги ПФ-212-сон Фармони билан белгиланган имтиёзли ҳуқуқлардан фойдаланувчиларнинг номма-ном рўйхати Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман (шаҳар) марказлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда тузилади.
Пенсия гувоҳномасидаги махсус қўшимча варақ ушбу имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланиб, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг муҳри ва масъул шахси имзоси билан тасдиқланади.
Пенсия гувоҳномасига махсус қўшимча варақ фақат бошқаларнинг парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларга берилиши муносабати билан, бинобарин, сиз ер солиғи бўйича имтиёзни қўллаш учун уни ер участкаси жойлашган ердаги солиқ хизмати органларига тақдим этиш ҳуқуқига эгасиз.
Шуни ҳам эслатамизки, ер солиғини тўлашни жисмоний шахслар ҳисобот йилининг 15 октябригача жисмоний шахсларга ер участкаси жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан топшириладиган тўлов топшириқномаси асосида амалга оширадилар.
Зарема МЕНАЛИЕВА,
Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг ресурс солиқлари
ва мол-мулк солиғи сектори мудири.