Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 32 / Амалий бухгалтерия

Авиачипта пулини қандай қилиб қайтариш мумкин

Чипта қайтариш – авиакассалар учун оғриқли мавзу. Шанба, якшанбада, шунингдек байрам кунларида банклар ишламаслиги ва тегишинча, ташкилот авиа­чипта қайтарилганлиги учун пул маблағларини бера олмаслигини йўловчилар доим ҳам тўғри тушунмайдилар ва натижада қийинчиликлар юзага келади.
Бироқ Фуқаролик кодексининг 327-моддасига кўра пул мажбуриятини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланган ва Ҳаво кодексининг 104-моддаси йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда – йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга деган меъёрни қайд этади.

Йўловчи қайтариш учун тақдим этган ва авиачипталарни реализация қилишдан келиб тушган тушумни инкассация қилмаслик ҳисобига хўжалик юритувчи субъектнинг кассасидан нақд миллий валюта (сўм) билан тўланган, авиачипта учун пулни қайтариш борасида тушунтириш берсангиз.
– Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига1 мувофиқ йўқолган чипта учун, йўловчининг илтимосига кўра, белгиланган йиғим тўланган тақдирда, чиптанинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, тарифларни қўллаш қоидаларига мувофиқ чипта учун тўланган тўлов йўловчига қайтариб берилиши мумкин. Ташувчи ёки унинг агенти чиптани расмийлаштиришда йўловчини ушбу қоидалар билан таништириши шарт.
Шунингдек йўловчи исталган вақтда парвоздан воз кечиши ва йўловчининг тарифларини қўллаш қоидалари билан белгиланган тартибда барча тўланган суммани ёки унинг бир қисмини, воз кечиш қачон амалга оширилганлигига боғлиқ ҳолда – ҳаво кемаси учишни бошлагунига қадар ёки ундан кейин – қайтариб олишга ҳақлидир.
Нормал тариф бўйича расмийлаштирилган чипта ташиш бошланган пайтдан бошлаб 1 йил мобайнида, агар ташиш бошланмаган бўлса – чипта расмийлаштирилган пайтдан бошлаб 1 йил мобайнида амал қилади.
Махсус тарифлар бўйича расмийлаштирилган чипталарнинг амал қилиш муддати ташувчи томонидан тасдиқланган, уларни қўллаш қоидалари билан белгиланади.
Чипта учун қилинган тўлов қайтари­лаётганда ташувчи мазкур чиптани харид қилишда қўлланган тўлов усули бўйича ва худди ўша пул бирлигида қайтариш ҳуқуқига эгадир.
Назорат-касса машиналарининг фискал хотирасига киритилган нақд тушум суммаларини қайтариш таомили Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 6-иловада белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бироқ Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва Молия вазирлигининг ММ/04-01-35-16/1019-сон тушунтириш хатига мувофиқ йўловчиларни автомобиль, дарё, темир йўл транспортида ҳамда авиацияда ташиш учун йўл чипталари ҳам, ҳисобварақ-фактуралар (қатъий ҳисобдаги ҳужжатлар) каби, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилмайди. Бу эса ташувчилар ва уларнинг агентларига ўз фаолияти хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни йўловчиларни ташишни йўл чипталари билан расмийлаштириш чоғида фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириш ҳуқуқини беради (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 3-илова).
Шу муносабат билан чипта учун қилинган тўлов қайтарилаётганда ташувчи ёки унинг агенти Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларида2 белгиланган шартларга амал қилишлари шарт. Нақд пулларни қабул қилиш ва бериш бўйича касса операциялари қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган бирламчи ҳисоб ҳужжатлари шакллари, яъни кирим ва чиқим ордерлари бўйича амалга оширилади.
Чипта учун тўланган нақд пул суммасини ташкилотларнинг кассаларидан қайтариш (тарифларни қўллаш қоидаларига мувофиқ белгиланган йиғим тўланиши шарти билан), ушбу ҳужжатларга чиқим касса ордерининг реквизитлари бўлган штамп қўйилган ҳолда, чиқим касса ордери ва бошқа лозим даражада расмийлаштирилган ҳужжатлар (чипта учун тўланган суммани қайтариш тўғрисидаги аризалар) бўйича амалга оширилади. Пул бериш ҳужжатларига ташкилот раҳбари ва бош бухгалтери ёки улар ваколат берган шахслар имзо қўйишлари керак.
Чиқим касса ордерларига илова қили­надиган ҳужжатлар, аризаларда ташкилот раҳбарининг рухсат берувчи имзоси бўлган ҳолларда чиқим касса ордерларида раҳбарнинг имзоси бўлиши шарт эмас.
Чиқим касса ордери бўйича пул берилганда кассир олувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этишни талаб қилади, унинг номи ва рақамини, ким томонидан ва қачон берилганлигини ёзиб олади ҳамда олувчидан тилхат олади.
Ташкилотлар ўз кассасида кассадаги нақд пуллар қолдиғи лимитлари доирасида нақд пулга эга бўлишлари ва улардан тушумдан меъёр доирасида фойдаланишлари мумкин. Кассалардаги нақд пуллар қолдиғи лимитлари ва тушумдан фойдаланиш меъёрларини банклар ушбу ташкилотларнинг раҳбарлари билан келишган ҳолда белгилайди.
Бинобарин, тушумдан нақд пулларни чипта учун тўланган суммадан қайтариш учун фойдаланишга ташкилотлар банклар томонидан белгиланган меъёрлар доирасида ҳақлилар.
P.S. Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига кўра аҳолига хизматлар кўрсатганда қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланувчи талон, чипта ёки уларга тенглаштирилган бошқа чипталарни берадиган юридик ва жисмоний шахс­лар аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга оширишлари мумкин.
Юридик ва жисмоний шахслар олинган квитанциялар дафтарчасини Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида низомга3 3-иловадаги шакл бўйича рўйхатдан ўтказиб, шунингдек аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириш ҳуқуқига эгалар.


1Дававианазорат бошлиғининг АВ томонидан 29.06.2011 йилда 2238-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова.

Шарофиддин РЎЗМЕТОВ, экспертимиз.

Прочитано: 5061 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика