Ҳар биримиз истеъмолчимиз. Агар биз истеъмолчи маданияти-ю саводхонлигига эга бўлсак, шунга қараб ишлаб чиқарувчи, сотувчиларнинг ҳам масъулияти ошиб боради. Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида матбуот анжуманида шу ҳақда гап борди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Қўмита ва унинг ҳудудий органларига мурожаатлар сони ўтган 2012 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайган. Бу аҳолининг истеъмол маданияти ва ваколатли давлат органларига бўлган ишончининг ортиб бораётганлиги, шунингдек ўзини ўзи тартибга солувчи механизмларнинг фаоллашганидан далолатдир.
Мисол учун, Қўмитанинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан Андижон шаҳридаги «Шоҳ-транс» МЧЖга қарашли 56-сонли йўналишли маршрутнинг йўлкира нархини асоссиз равишда ошириб, йўловчилардан 500 сўм ўрнига 1000 сўм миқдорида ҳақ олаётганлиги юзасидан келиб тушган мурожаат ўрганилган ва бу ҳаракатлар ноқонуний деб топилган. Комиссия қарори билан ушбу транспорт корхонасига аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган ҳамда ортиқча олинган 624 минг сўм маблағ тегишли ҳисобга ўтказилган.
Бухоролик Р.Заминова ҳамда Г.Габдувалиевнинг хонадонларидаги радиатор ва иссиқлик қувурлари иситиш тизимидан узиб қўйилганлиги сабабли узоқ йиллар давомида улар иссиқлик энергияси ва иссиқ сувдан фойдаланмай келганлар. Лекин «Иссиқлик манбаи» ОАЖ уларга «ейилмаган сомсага пул тўлаш» деганларидек, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов (Р.Заминовага 1,3 млн сўм, Г.Габдувалиевга 708 минг сўм) ҳисоблаган. «Асоссиз қарздорлар» Қўмитанинг Бухоро вилояти бошқармасига мурожаат қилишгач, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ва ноқонуний қарздорлик бекор қилинган.
Мурожаатлар доирасида истеъмолчилар ҳуқуқлари, рақобат ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонунлар талабларини бузганлиги учун «Ўзтрансгаз» АКнинг «Тошкентгазтаъминот» ДУКга нисбатан иш қўзғатилди. Шунингдек, мазкур корхонага газ сарфини ҳисобга олиш асбобларини давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш муддати келишидан аввал аҳолини огоҳлантириш ҳамда қиёслаш кўригидан ўтмаганлиги учун қўшимча қарздорлик ҳисоблашни тўхтатиб туриш ҳақида кўрсатма берилди. Бироқ кўрсатма талаблари ўз вақтида бажарилмагач, Қўмита томонидан «Тошкентгазтаъминот» ДУКга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жарима санкцияси қўлланилди.
Соҳада қонунчиликка зид ҳолатларнинг олдини олиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида газ ва электр таъминоти корхоналарида Қўмитанинг масъул ходимлари иштирокида истеъмолчиларни қабул қилиш кунлари ташкил этилган. Хусусан, жорий йил июль ойининг дастлабки 10 кунида республика бўйича ҳудудларда минг нафардан ортиқ истеъмолчи қабул қилинди ва бунинг натижасида 5,7 млн сўмдан ортиқ маблағлар истеъмолчилар фойдасига ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Масалан, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи С.Мирабдуллаеванинг газни ҳисобга олиш приборини ўз вақтида давлат стандарт кўригидан ўтказилмаганлиги оқибатида жарима ҳисобланаётганлиги тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилди. Натижада ортиқча ҳисобланган 1,5 млн сўм маблағ истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Истеъмолчиларга интерактив хизматларни кўрсатишда Қўмита томонидан ташкил этилган ўзбек ва рус тилларидаги
www.istemolchi.uz ва www.potrebitel.uz махсус веб-сайтлари ҳам қўл келмоқда. Ундаги маълумотлар доимий равишда янгилаб борилмоқда.
2013 йилнинг олти ойи давомида Қўмита ва унинг ҳудудий органларига жами 2 164 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлса, шундан 917 таси ёзма равишда ва 1 247 таси «Ишонч телефони» орқали қабул қилинган. Ёзма мурожаатларнинг 65,5 фоизи коммунал соҳага, 15,6 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 6,1 фоизи транспорт, алоқа ва коммуникация ҳамда 12,8 фоизи бошқа соҳаларга тегишлидир. «Ишонч телефони» орқали қабул қилинган мурожаатларнинг эса 39,2 фоизи коммунал соҳага, 26,7 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 15,1 фоизи транспорт, алоқа ва коммуникация ҳамда 19 фоизи бошқа соҳаларга тааллуқли бўлган.
Гулбаҳор Сатторова,
«СБХ» мухбири.