Бизнинг хорижий корхонамиз ходимлари ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб, Россия Федерациясига, жумладан Москва шаҳрига хизмат сафарига юбориб турилади. Қонун ҳужжатлари билан белгиланган хизмат сафари харажатлари меъёри биз учун етарли эмас. Корхонамиз ўзининг маблағлари ҳисобидан хизмат сафарига кетаётган ходимларга суткалик харажатлар учун қўшимча суммалар ажрата оладими? Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Асрор Ибодуллаев,
МЧЖ бухгалтери.
– Корхона раҳбари қонун билан ўрнатилган меъёрларга қўшимча тўлов белгилаб, уни буйруқ (фармойиш) билан расмийлаштиришга ҳақлидир. Хусусан, Россияга хизмат сафарида суткалик пулларнинг умумбелгиланган меъёри 10 АҚШ долларини, Москва шаҳрига борилса – 25 долларни ташкил этади (Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартибига1 1-илова).
Хорижий муассасаларнинг ходимларига Россия доирасида хизмат сафарлари пайтида, шунингдек хорижга ишга юборилаётганларга суткалик пуллар тўланиши Россияда хизмат сафарида 60 суткадан кўп бўлинган тақдирда (61-кундан бошлаб) 5 доллар, Москвада 13 доллар миқдорда амалга оширилади.
Солиқ кодекси 174-моддасининг 9-бандига кўра, хизмат сафари вақтидаги қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадга киритиладиган компенсация тўловлари (компенсациялар) жумласига киради. Демак, меъёрлардан ортиқча суткалик пуллар суммаси ходимнинг даромади деб эътироф этилади ва ушбу даромадга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.
Бироқ бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, меъёрлардан ортиқча суткалик пуллар суммаси:
– фойда солиғи тўловчи корхоналар учун чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (Солиқ кодекси 147-моддасининг 3-банди);
– ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинмайди (СК 308-моддасининг 1-банди).
Шуни билингки, меъёр доирасидаги суткалик пуллар фойда солиғининг ҳисоб-китоби пайтида чегирилади (Солиқ кодекси 145-моддасининг 14-банди).
Жумладан, Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига мувофиқ, юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган хизмат сафарларидаги қуйидаги компенсация тўловлари жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайди:
тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш учун, шу жумладан жой банд қилиш учун ҳақ тўлашни қўшган ҳолда ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар. Йўл ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, темир йўл транспортидаги (агар темир йўл қатнови бўлмаса, шаҳарлараро автобусдаги) йўл ҳақи қиймати миқдорида, бироқ авиачипта қийматининг 30 фоизидан ошмайдиган миқдорда;
уй-жойни ижарага олиш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар. Яшаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда – қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида;
тасдиқловчи ҳужжатлар асосида уй-жойни банд қилиш учун тўловлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида хизмат сафарида бўлинган вақт учун тўланадиган кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар);
қонун ҳужжатларида белгиланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа тўловлар.
Демак, меъёр доирасидаги суткалик пуллар жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмайди, тегишинча, ижтимоий суғуртага ажратмалар ҳам солинмайди.
1АВ томонидан 5.06.2000 йилда 932-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.