Солиқ кодексининг 354-моддасида: «Ягона солиқ тўловини тўловчилар томонидан қўшилган қиймат солиғини тўлашни рад этиш кейинги солиқ даври бошлангунига қадар бир ойдан кечиктирмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган шаклда тақдим этиладиган ёзма билдириш асосида фақат навбатдаги солиқ даврининг бошидан амалга оширилиши мумкин» дейилган.
Кодекснинг 29-моддасида: «Солиқ даври бир неча ҳисобот даврига бўлиниши мумкин бўлиб, уларнинг якунлари бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўланиши лозим бўлган суммаларини тўлаш мажбурияти юзага келади» дейилган.
Асосий фаолияти трикотаж матолари ва маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобланган МЧЖ шаклидаги корхонамиз 21.06.2012 йилда ДСИга Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган шакл асосида ҚҚСдан тўлиқ воз кечишга хабарнома тақдим қилган бўлса, бу ҳолат қайси даврдан бошлаб амалга киради?
С.Мирзаев, «MARS INVEST-TEKS» МЧЖ директори.
Андижон вилояти.
– Солиқ кодексининг (СК) 359-моддасида микрофирма ва кичик корхоналар учун календарь йил солиқ даври, йил чораги – ҳисобот даври эканлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек СКнинг 354-моддасида ҚҚСни тўлашни рад этиш кейинги солиқ даври бошлангунига қадар бир ойдан кечиктирмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ДСҚ томонидан тасдиқланган шаклда тақдим этиладиган ёзма билдириш асосида фақат навбатдаги солиқ даврининг бошидан амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Эътибор беринг, солиқ даври дейилмоқда, демак сиз рад этган тақдирингизда, кейинги йилдан бошлаб ҚҚСни тўламаслигингиз мумкин. Рад этиш тўғрисидаги белгиланган шаклни эса солиқ органига 1 декабрга қадар тақдим этишингиз керак бўлади.
Демак сиз томонингиздан билдиришнома 21.06.2012 йилда тақдим қилинган бўлса, унда сиз ҚҚСни 2013 йилнинг 1 январидан тўламаслигингиз керак бўлади.
Жавобни экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.