Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 28 / Ижтимоий таъминот

Агар пенсия ортиқча тўланса

Пенсия жамғармаси бўлими пенсиянинг бир қисмини унинг олдидаги қарзни сўндириш учун ушлаб қолишга ҳақлими? Ушланмалар миқдорини ким белгилайди? Пенсия жамғармаси туман бўлимининг ҳаракатлари устидан кимга шикоят қилиш мумкин? Даъво қилиш муддати деган тушунча бор деб эшитгандим. Нима учун уни ушбу ушланмаларга қўллаб бўлмайди?

Газетхон.

 

– Ҳа, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри маълумотли ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда пенсиянинг бир қисми ушлаб қолиниши мумкин. Ҳар ойлик чегирмалар миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар пенсия тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли) қолган қарз суд тартибида ундирилади (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 65-моддаси биринчи қисмининг «б» банди, учинчи ва тўртинчи қисмлари).

Бироқ, агар пенсионер Пенсия жамғармаси бўлимининг қарорига рози бўлмаса, у ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга, мансабдор шахс­га мурожаат қилишга ҳақли, улар шикоятни бир ой муддат ичида кўриб чиқиши шарт.

Агар юқори турувчи орган ёки мансабдор шахс шикоятга рад жавоби берса ёки шикоят берилган кундан эътиборан бир ой ичида жавоб бермаса, фуқаро судга мурожаат қилишга ҳақли (Фуқаролик процессуал кодексининг 26-27-боблари).

Шикоят ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган фуқаро ёки унинг вакили, шунингдек фуқаронинг илтимосига биноан тегишли равишда ваколат берилган жамоат бирлашмасининг, меҳнат жамоасининг вакили томонидан берилиши мумкин. Шикоят фуқаронинг хоҳишига кўра ўзи яшаб турган жойдаги судга ёки орган ёхуд хатти–ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилинаётган мансабдор шахснинг иш жойи жойлашган ҳудуддаги судга берилади.

Суд шикоятни кўриб чиқиш учун қабул қилиб, қуйидаги ҳаракатларни бажаради:

тегишли органлар ва мансабдор шахслардан зарур ҳужжатларни талаб қилиб олади;

фуқаронинг илтимоси ёки ўзининг ташаббуси билан шикоят қилинган хатти-ҳаракатнинг (қарорнинг) ижросини тўхтатиш масаласини ҳал этади.

Судга фуқарога ўзининг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги маълум бўлган кундан эътиборан 3 ой мобайнида шикоят билан мурожаат қилиш керак. Агар фуқаро юқори орган ёки мансабдор шахсга мурожаат қилган бўлса, шикоятини қаноатлантириш рад этилганлиги тўғрисида ёзма маълумот олган кундан эътиборан бир ой мобайнида ёки жавоб олиш учун бир ойлик муддат ўтгандан кейин мурожаат қилади.

Шикоят бериш муддати узрли сабабларга кўра (стационар даволанишда бўлиш, хизмат сафари ва бошқалар) ўтказиб юборилган бўлса, суд бу муддатни тиклаши мумкин (30.08.1995 йилдаги «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги 108-I-сон Қонуннинг 4–6-моддалари).

Судга сиз қарорга рози бўлмаган тақдирдагина эмас, балки ушланмалар суммасини камайтиришни хоҳлаганда ҳам мурожаат қилишингиз мумкин. Яъни сиз умуман олганда қарорга розисиз, бироқ пулга муҳтожсиз. Муҳтожликни яшаш жойидаги ўзини ўзи бошқариш органи берган ҳужжатлар асосида исботлаш мумкин.

Масалан, агар пенсионер 14 ёшгача бўлган болалар тарбияланадиган, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам оладиган кам таъминланган оила аъзоси бўлса. Мазкур нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори белгиланган ЭКИҲнинг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланадиган (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 8-банди).

Пенсионер ўзи ҳисобда турган туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаси билан тасдиқланган қўшимча манзилли ижтимоий ёрдамга муҳтож ёлғиз, кекса, ногирон ҳисобланиши далили ҳам эътиборга олиниши мумкин.

Фуқароларнинг бундай тоифасига ёшидан қатъи назар, алоҳида уй, квартира, ётоқхонада ёлғиз яшайдиган ҳамда қон-қариндош ёки асраб олинган болалари, ота-онаси, эри (хотини), васий ёки ҳомийси бўлмаган пенсия ёшидаги (эркаклар – 60 ёш, аёллар – 55 ёш) ва ундан катта ёшдаги республика фуқаролари, I ва II гуруҳ ногиронлари киради. Қўшимча ижтимоий ёрдам берилиши мумкин бўлган муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга қуйидагилар ҳам киритилиши мумкин:

алоҳида яшайдиган, бироқ уларга доимий моддий ёрдам кўрсатиш имконига эга бўлмаган қариндошлари бор шахс­лар;

болалари ёки ота-оналари, эри (хотини) узоқ муддатли даволанишда ёхуд озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган шахслар;

бирга яшайдиган ва қариндошларга эга бўлмаган шахслар, пенсионерлар ва ногиронлар – эр ва хотин;

ногирон бола билан бирга яшайдиган шахслар (АВ томонидан 23.02.2000 йилда 900-сон билан рўйхатдан ўтказилган ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби II бўлимининг 1-банди).

Даъво қилиш муддати фуқаролик ҳуқуқидаги муддат бўлиб, унинг доирасида ўзининг бузилган ҳуқуқи судга ариза тақдим этиш йўли билан ҳимоя қилиниши мумкин. Умумий муддат 3 йилга тенг, бироқ махсус даъво муддатлари: умумий муддат билан таққослаганда қисқартирилган ёки анча узун муддатлар ҳам мавжуд. Даъво қилиш муддати татбиқ этилмайдиган талаблар ҳам бор (Фуқаролик кодексининг 12-боби).

Нима учун пенсиядан ушланмаларга даъво қилиш муддати қўлланмайди? Эҳтимол, мазкур ҳолда пенсионер томонидан ёки ҳуқуқбузарликни содир этишга имкон яратган бошқа шахс­лар томонидан суиистеъмолликлар оқибатида пенсионернинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари етказган зарарни қоплаш зарурати тақозо этилар (даъво қилиш муддати татбиқ этилмайдиган талабларни белгиловчи Фуқаролик кодексининг 163-моддасига қаранг). Бироқ фикримизча, Пенсия жамғармасига зарар етказишда айбдор шахсни белгилашга тааллуқли тартиб амалдаги қонун ҳужжатларида янада аниқ белгилашни талаб қилади.

Римма СОЛОДОВНИКОВА,

эксперт-юристимиз.

 

Прочитано: 1899 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика