Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 28 / Ижтимоий таъминот

Кексалик учун жамғаришми? – реал ҳол

Ўзбекистоннинг жамғариб бориладиган пенсия тизимига қарийб 9 йил бўлди. Унга «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон) асос солди. Қонуннинг 6-моддасига кўра иш берувчиларнинг, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шарт­номаси асосида амалга оширувчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажбурийдир. Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» қарорига (21.12.2004 йилдаги 595-сон) асосан Халқ банки шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларини очади, фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олади ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари бўйича ягона маълумотлар электрон базасини юритади.

 

Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими қандай ишлаётганлиги тўғрисида мухбиримиз Ольга Кирьякова Халқ банкининг маркетинг бошқармаси бош мутахассиси Рамина РАЖАБОВА билан суҳбатлашди.

 

–  2014      йилда            Ўзбекистоннинг жамғариб бориладиган пенсия тизими ўзининг 10 йиллигини нишонлайди. Шу давр ичида мамлакат учун янги бўлган ушбу ижтимоий институтнинг шакл­ланиши ва ривожланиши учун нималар қилинди?

– Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия тизимининг ягона, барча филиалларни бирлаштирадиган автоматлаштирилган электрон базасини барпо этиш учун кўп иш қилди, у ахборотнинг ҳимояланган алмашинувини таъминлаяпти. 2013 йилнинг 1 июнь ҳолатига ушбу тизимда 7,9 млн киши иштирок этяпти. Уларнинг ҳар бири учун шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи очилган ва юритиляпти, жамғариб бориладиган пенсия таъминотининг махсус дафтарчалари тайёрланиб, тарқатилган. Тизим иштирокчилари уларни иш берувчилар орқали олишади. Исталган ҳар бир киши Халқ банки филиалларидан ўз ШЖБПҲларида жамғармалар ва уларга ҳисоблаб ёзилган фоизлар тўғрисида аниқ ва батафсил ахборот олишга ҳақлидир.

Зеро, Халқ банки нафақат фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари ҳисобини юритади ва уларга хизмат кўрсатади, балки маблағларни инвестициявий ва кредит захиралари, шунингдек молиявий дастаклар сифатида самарали жойлаштириш йўли билан улардаги суммаларни кўпайтирмоқда ҳам. «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига кўра банк шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларга пул қадрсизланишига нисбатан юқори ставкалар бўйича фоизларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоблаб қўшади. Уларнинг миқдори банк томонидан Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Марказий банки билан келишиб, жамғариб бориладиган пенсия тизимининг маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ишловчи фуқароларнинг солиқ солинадиган даромадидан 1%ни ташкил этадиган мажбурий бадаллар улар меҳнат ҳақи суммасини ҳеч ҳам камайтирмайди. Сабаби улар жисмоний шахсларнинг даромадларига ҳисобланган солиқдан чегирилади. Бунинг устига, агар сиз ўз иш ҳақингизнинг бир қисмини ёки унинг ҳаммасини ўзингизнинг ШЖБПҲга йўналтиришга қарор қилсангиз, унинг ўтказилаётган қисмига даромад солиғи солинмайди.

– Жамғариб бориладиган пенсия тизими иштирокчиси бўлиш учун иш берувчи (ходим) Халқ банкига қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

– ШЖБПҲга ҳисобга қўйиш таомили Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисида низомда1 мустаҳкамланган. Буни иш берувчи ҳам, жисмоний шахснинг ўзи ҳам қилиши мумкин.

Иш берувчи ўзининг барча ходимларини жамғариб бориладиган тизимнинг иштирокчилари сифатида ҳисобга қўйиши шарт. Бунинг учун у Халқ банкининг туман филиалига ишга янги қабул қилинган фуқаронинг паспорт маълумотлари асосида, у ҳали ўз ШЖБПҲига эга бўлмаса, белгиланган намунадаги тўлдирилган анкетани тақдим этиши керак.

Агар ходимда ҳисобварақ ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси очилган бўлса, ишга қабул қилинишда у иш берувчига уларнинг нусхаларини тақдим этиши шарт.

Агар топширилган анкетада ҳисобга қўйилиши керак бўлган шахсни ишончли идентификациялаш имконини бермайдиган тушириб қолдиришлар, хатолар ёки тузатишлар аниқланган, ёхуд ягона электрон базада ана шундай анкета маълумотларига эга бўлган шахс аниқланган ҳолларда, Халқ банки филиали анкетани аниқланган хатоларни кўрсатган ҳамда уларни аниқлаштириш ва тузатиш учун сўров юборган ҳолда иш берувчига қайтаради.

Иш берувчи сўров олингандан кейин 3 иш куни мобайнида тузатилган анкетани қайтариши керак. Уни олгач, филиал 5 кун муддатда ходимни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўяди, унга ШЖБПҲ очади ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини расмийлаштиради.

Ҳисобга ихтиёрий равишда қўйишда ходим ўзи яшайдиган тумандаги Халқ банки бўлимига мурожаат қилиши керак. Ҳисобга қўйиш ва сизни қизиқтираётган барча ахборотларни беришни банкнинг туман (шаҳар) бўлимлари амалга оширади. Айни шу ерда шахсга 5 иш куни мобайнида унинг шахсий имзоси остида жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси берилади.

Омонатчи ҳам, иш берувчи сингари, шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларга, уларнинг суммаси ва киритиш даврларини чегараламаган ҳолда, ихтиёрий равишда қўшимча бадалларини киритиши мумкин. Ана шу ШЖБПҲга киритилган маблағларга суммасидан солиқ олинмайдиган фоизлар ҳисобланади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобига амалга ошириладиган ШЖБПҲга мажбурий бадаллар солиқлар ва мажбурий тўловларга тенг­лаштирилади. Уларни кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай Халқ банкига ўтказиш лозим.

– ШЖБПҲга ихтиёрий ажратмалар ва бадалларга яхши имтиёзлар мавжуд. Улар қанчалик оммалашган?

2011 йил 21 сентябрда Халқ банки бошқаруви Молия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва Миллий телерадиокомпания билан келишган ҳолда ШЖБПҲга ихтиёрий бадалларни жалб этиш чора-тадбирлар комплексини тасдиқлади: қайта молиялаш ставкасидан 2 баравар ошадиган йиллик фоиз ставкаси белгиланди, солиқ имтиёзларини тақдим этиш ва аҳоли орасида маблағларни узоқ муддатли жамғариб бориладиган пенсия тизимига жалб этишнинг афзалликлари, жойлаштирилган пул маблағларининг даромаддорлиги ва қайтарилиши кафолатлангани бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Олиб борилган тадбирлар натижаси сифатида бугунги кунда ШЖБПҲга ихтиёрий равишда бадаллар ўтказишга кўпчилик интилаётганини кўриш мумкин.

– Жамғарилган маблағларни олиш механизми тўғрисида сўзлаб берсангиз. Омонатчи қандай ҳужжатларни ва қаерга тақдим этиши керак? Қандай муддатда аризалар кўриб чиқилади ва жамғармалар тўлови амалга оширилади? Уларни тўлаш суммаси бўйича бирор-бир чеклашлар мавжудми?

– Қонун ҳужжатларида ШЖБПҲдан маблағлар олишнинг икки тури назарда тутилади:

ҳар ойда муайян сумма ҳисобварақдаги маблағлар тугашига қадар тўланади;

жамғармаларнинг ҳаммаси бир йўла тўланади.

Иккала вариантга кўра Халқ банки маблағларни тўлиқ ҳажмда пенсия олиш ҳуқуқига асосан тўлаши шарт. Шуни таъкидлаш жоизки, пенсия таъминоти ҳуқуқини (ёшга доир, ногиронлик ёки боқувчини йўқотганлиги учун, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга асосан) олишгача ШЖБПҲдаги жамғармалардан фойдаланиб бўлмайди.

Уларни тўлаш «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг «Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш тартиби» деб номланган III боби билан тартибга солинади. Бунинг учун пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимига Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари олиш ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беришлари тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши керак. Унга олувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси ва давлат пенсияси олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Агар пенсия ёшга доир ёки ногиронлик бўйича тайинланса, унга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими берган белгиланган шаклдаги пенсия гувоҳномаси илова қилинади.

Ушбу маблағларни тўлаш учун асос бўлиб омонатчи билан унинг яшаш жойидаги Халқ банки филиали ўртасида, пенсия гувоҳномаси ва эгаси шахсан тақдим этадиган жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси асосида тузилган шартнома ҳисобланади.

Агар омонатчининг ўзи ваколатли органларга мурожаат қила олмаса, у тегишли ҳужжатларга асосан вакил (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда) ёки ишончли шахсларнинг хизматларидан фойдалана олади.

Жамғармаларни тўлаш яшаш жойидаги Халқ банки туман бўлимларида амалга оширилади. Бироқ алоҳида ҳолларда тўланган маблағлар уйга етказиб берилиши мумкин.

ШЖБПҲда жамғарилган маблағлар мерос бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳолда улар меросхўрга бир йўла ва тўлиқ тўланади. Омонатчи республикадан ташқаридаги дои­мий яшаш жойига кўчиб кетган ҳолда улар муддатидан аввал тўланиши мумкин.

ШЖБПҲда жамғарилган маблағлар тугаган ёки тўловларни олувчи шахсий жамғариб борилган пенсия ҳисобварағида жамғарилган жами суммани меросга ўтказиш мақсадида тўловларни олишдан ёзма равишда нотариал тасдиқланган тартибда воз кечган, шунингдек давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи йўқотилганда жамғариб бориладиган пенсия тўловлари тўхтатилади.

Халқ банки пенсия жамғармалари ҳисоб-китобининг ўз вақтида ва тўғри бўлишини, шунингдек улар олувчиларга тўлиқ берилишини таъминлаши шарт.

– Омонатчи ўзининг ШЖБПҲ ҳолати ҳақида қандай қилиб билиши мумкин? Хабардор қилиш тизими мавжудми?

– Бизда йил якунлари бўйича ШЖБПҲ ҳисобварақларининг ҳолати тўғрисида хабардор қилиш механизми ишлаб чиқилган. Йил охирида ШЖБПҲ ҳолати тўғрисидаги маълумотлар омонатчи ишлаётган корхона бухгалтерига берилади, у хабарномани омонатчига топширади. Хабарномада омонатчининг шахсий ахбороти бўлади, шунингдек унинг ҳисобварағида қайд этилган сумма кўрсатилади.

Омонатчининг анкета маълумотлари ўзгарганда (қайта пропискадан ўтиш, фао­лиятини ўзгартириши ва ҳоказо) иш берувчи улар тўғрисида банк ходимларини хабардор қилиши шарт.

Хуллас, ўз жамғариб бориладиган ҳисобварағингизни кузатиб боринг ва унинг ҳолати хусусида қизиқинг, зеро ҳисоб-китоб тартибли бўлгани маъқул!

 

Прочитано: 3816 раз(а)

Бу мавзуни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар шарҳлашлари мумкин. Мавзуда шарҳларни премодерациялаш амалда.
Авторизуйтесь или зарегистрируйтесь

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика