Бизнинг МЧЖ (ягона солиқ тўлови тўловчиси) кичик корхона ҳисобланади, ходимларининг сони 25 кишидан иборат (ХХТУТ бўйича коди – 71500). Асосий фаолиятимиз воситачилик йўли билан ички бозорда автомобиллар сотиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, эҳтиёт қисмлари савдоси ва автомобиллар сотувидан олдинги ва кейинги кафолатли хизматни кўрсатамиз.
Жамиятимизда асосий ходимлардан ташқари, автомобилларни созлаш ишларини уйда амалга оширувчи касаначилар ҳам ишлайди. Касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашда ягона ижтимоий тўлов ҳисобланмайди деб эшитган эдим. Лекин мен ҳисоблаб келмоқдаман.
Касаначилар хизматидан фойдаланганлик учун хўжалик субъектларига қандай имтиёзлар кўзда тутилганлиги ҳақида маълумот берсангаз.
К.Эшонқулова, МЧЖ бухгалтери.
– Қонунчиликка мувофиқ корхонанинг буюртмаси бўйича ишларни уйда бажарувчи жисмоний шахслар (касаначилар) ходимларнинг ўртача йиллик сони ҳисоб-китоби чоғида ҳисобга олинадилар. Кичик корхоналарга касаначиларни ишга жалб қилиш масаласида берилган муҳим имтиёзлардан бири Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида (15.05.2009 йилдаги ПҚ-1112-сон) белгиланган. Қарорнинг 3-бандида кичик корхона ўз уйларида ишлаётган (касаначилик билан шуғулланаётган) фуқаролар билан, қонун ҳужжатларида белгиланган ходимлар сонининг чекланган нормативидан кўпи билан 30% ошган миқдорда меҳнат шартномалари тузганда, кичик корхоналар учун назарда тутилган кафолатлар, имтиёз ва преференциялар мазкур корхона учун сақланиб қолиниши белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, кичик корхоналар ходимлари сонини Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 октябрдаги 439-сон қарори билан белгиланган чекланган миқдордан 30% ортиқча миқдоргача касаначилар ҳисобига кўпайтириш имконини беради.
Хизмат кўрсатувчи корхоналар учун кичик тадбиркорлик субъектларига киритиш мақсадида ходимларнинг чекланган сони 25 кишини ташкил қилади. Тегишинча, сиз ходимлар сонини 32 кишигача кўпайтиришингиз мумкин, бунда уларнинг камида 7 нафари меҳнат шартномаларига кўра ишни уйларида бажаришлари шарт (яъни касаначилар бўлиши керак). Бу ҳолда сизда ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқи сақланади.
Бундан ташқари, Президентнинг «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (05.01.2006 йилдаги ПФ-3706-сон) 3-бандида товарлар (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш бўйича касаначиларга буюртма берадиган корхоналар 2014 йилнинг 1 январигача, меҳнат шартномаси асосида касаначиларга тўланадиган маблағларга тенг миқдорда, меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилиниши белгиланган. Дарвоқе, бу имтиёз йирик саноат корхоналари учун белгиланган бўлиб, кичик корхоналар томонидан касаначилар меҳнатига ҳақ тўланишида ягона ижтимоий тўлов тўлиқ ҳисобланиши керак.
Жавобни экспертимиз
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ
тайёрлади.