Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 23 / Иш берувчига ёрдам

Бир ишни бошқаси билан бирга бажарганда

Ўриндошлик асосида ишлаш – ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши. Иш берувчи билан ўриндош ўртасидаги муносабатлар:
Меҳнат кодекси;

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 297-сон Низом) билан тартибга солинади.

Ходим ўриндошлик асосида ишлаши асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлаши мумкин. Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.
Ходимларни ўриндош сифатида ишга қабул қилишда 297-сон Низомнинг 4-бандида белгиланган чекловларни ёддан чиқармаслик лозим. Унга кўра қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:
18 ёшга тўлмаган шахслар;
агар шахснинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;
Президент Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;
қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).
Ўриндошлик асосида ишлашга оид келтириб ўтилган чекловларни турли сабаблар тақозо этган. Масалан, алоҳида шарт-шароитлар ва меҳнат режими билан боғлиқ чекловлар ушбу шароитда қўшимча ишлаганда юзага келиши мумкин бўлган ходимлар саломатлиги ва ишлаб чиқариш хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи оқибатлардан қочиш мақсадида белгиланади. Ёхуд 18 ёшга тўлмаган шахслар ҳам бундай ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган муддати назарда тутилганлиги муносабати билан ўриндош сифатида ишга қабул қилинмайди (Меҳнат кодексининг 116-моддаси, бундан кейин – МК). Ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади (МКнинг 79-моддаси).

ЎРИНДОШЛИК ДЕБ ҲИСОБЛАНМАСИН


297-сон Низом билан ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати ҳам белгиланган. Хусусан, қуйидагилар шундай ишлар деб ҳисобланади:
илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса. Масалан, олий ўқув юрти ўқитувчиси бир вақтнинг ўзида шу муассасада илмий тадқиқотлар ўтказади. Унинг илмий фаолиятига ўриндошлик асосидаги иш деб қаралмайди. Бироқ агар ИТИ ходими ИТИдаги ишидан бўш пайтида олий ўқув юртида маъруза ўқиса, у ҳолда ўқитувчилик иши ўриндошлик асосидаги иш деб ҳисобланади;
фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш. Бунда уларни яратиш ишлари асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак;
ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш, шу жумладан:
– умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқитувчилари томонидан кабинетларга, лабораторияларга мудирлик қилиш бўйича вазифаларни бажариш, тўгаракларга раҳбарлик қилиш, шунингдек улар томонидан белгиланган юкламадан ортиқ ўқув-тарбиявий ишларни бажариш. Бу ишлар асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак;
– ишнинг ушбу тури бўйича иш вақти нормал давом этишининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда меҳнатга соатбай ҳақ тўланадиган педагогик иш. Бу иш асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак;
– таълим муассасалари раҳбарларининг ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши;
– ташкилотлар муҳандис-техник ходимларининг талабалар ва ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиётига раҳбарлик қилиш бўйича иши;
– тиббиёт ходимларининг белгиланган вақт нормасидан ортиқча навбатчилик қилиши;
– Ҳукумат қарорлари билан ходимнинг иш ҳақига устамалар белгиланган вазифаларни бажариш;
муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар. Бу иш асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак;
меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш). Бу ишлар ҳам асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак;
умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари усталари, мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари, таълим муассасалари концертмейстерлари ва аккомпаниаторларининг айнан бир таълим муассасасидаги ўқув юкламасининг белгиланган нормасидан ортиқча иши;
соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш. Бу иш асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак;
илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан катта илмий ходимларга – изланувчиларга раҳбарлик қилиш;
ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш. У асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак;
жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар. Улар ҳам асосий иш жойидаги иш вақтида бажарилмаслиги керак.

МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИДА АКС ЭТТИРИНГ. БОШҚА ҲУЖЖАТЛАРДА ҲАМ…


Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахс паспортни (ёхуд унинг ўрнини босадиган ҳужжатни), асосий иш жойидан МАИМҚВ томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани (меҳнат дафтарчаси ўрнига) (МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.01.2013 йилда 2417-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) тақдим этиши шарт. Унда корхона номи ва манзили, ходим асосий иш жойида бажарадиган (эгаллаган) иш (лавозим) қайд этилган бўлиши керак.
Иш берувчи бошқа ҳужжатларни ҳам, хусусан маълумоти ёки касб-ҳунар бўйича тайёргарлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бажарилиши учун фақат муайян иш стажига эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга ўриндошлик асосида қабул қилишда асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади.
Ўриндошлик асосида ишлаш учун асосий иш жойидан иш берувчининг, касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.
Иш берувчи ходим – ташқи ўриндош билан ёзма шартнома тузиши ва уни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши керак. Ўриндошга шахсий карточка юритилиб, бухгалтерияда шахсий ҳисобрақам очилади. Уни ишга қабул қилганлик тўғрисидаги буйруқ билан тилхат олиб таништирадилар.
297-сон Низом билан ўриндошлик асосидаги иш ҳақидаги ёзувнинг меҳнат дафтарчасига қайд этилиши шартлари белгиланган. Ходимнинг ёзма аризасига кўра, ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосида (унинг шакли МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.01.2013 йилда 2417-сон билан рўйхатдан ўтказилган) иш берувчи томонидан ходимнинг асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасига иш даври кўрсатилган ҳолда ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзув киритилади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.1-банди). Ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосий иш жойида сақланади.
Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида ўриндошлик бўйича иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади. У ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Масалан, корхона (устахона) рассомни ўриндошлик асосидаги ишга қабул қиляпти. Бошқа рассомларнинг иш куни 8 соатни ташкил этади. Тегишинча, ўриндошнинг иш куни
4 соатдан ошмаслиги керак.
Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.
Агар корхонада ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда, иш вақтини жамлаб ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Бироқ шуни ёддан чиқармаслик керакки, бунда ўриндошлик асосида ишловчи ходим иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр (ой, чорак) учун қонунчиликда белгиланган нормадан ортиқ бўлмаслиги керак.

ДАРОМАДЛАРНИ ҲИСОБЛАЙМИЗ


Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш, агар ички меҳнат тартиби билан ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, меҳнат шартномасига мувофиқ, яъни:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун;
меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади.
Бунда ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга пропорционал равишда, қонун ҳужжатларида белгиланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган) бўйича биринчи разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас.
Ўриндошларга иш ҳақи корхонадаги бошқа ходимларга бўлган тартибдагидек ҳисобланади.

1-МИСОЛ. Корхона бухгалтери 0,5 ставкада ўриндошлик асосида ишлайди. Штат жадвалига кўра бухгалтернинг лавозим маоши ойига 600 000 сўмни ташкил этади. Тегишинча, ўриндош бухгалтернинг маоши ойига 300 000 сўмга тенг бўлади. Февраль ойида у 20 иш куни (80 соат) ишлади, февраль ойи учун унга 300 000 сўм иш ҳақи ҳисоблаш лозим.

2-МИСОЛ. Ўриндош бухгалтер (0,5 ставкада) февраль ойида 14 кун ишлади. Ўриндош сифатида унга 300 000 сўм миқдорида маош белгиланган. Февраль ойида 14 иш куни (56 соат) ишлагани учун унга ишланган вақтга пропорционал равишда иш ҳақи – 210 000 сўм (300 000 / 20 х 14) ҳисобланади.

3-МИСОЛ. А. ходим корхонада ўриндош сифатида ишлайди. У ўриндошлик асосида ишлайдиган лавозим бўйича иш ҳақининг соатбай ставкаси 2 750 сўм/соатга тенг. Октябрь ойида ўриндошлик асосидаги лавозимда 80 соат ишлади. А. ходимнинг октябрь ойидаги иш ҳақи 220 000 сўмга (2 750 х 80) тенг бўлади.

Иш ҳақига туман коэффициентлари ва устамалар белгиланган ҳудудларда ўриндошлар меҳнатига ҳақ уларни ҳисобга олган ҳолда тўланиши керак.

4-МИСОЛ. Корхона 1,2 туман коэффициенти белгиланган жойда жойлашган. Ўриндош ходимнинг (0,5 ставкадаги) лавозим маоши – 380 000 сўм. Январь ойида у барча иш кунида ишлаган.
Туман коэффициенти бўйича тўловларни ҳисоблаш учун энг кўп сумма ЭКИҲнинг 4 бараварини, яъни ЭКИҲ 79 590 сўм бўлганда 318 360 сўмни ташкил этади. Агар ходимнинг иш ҳақи кўрсатилган энг кўп миқдордан ошмаса, туман коэффициенти бўйича тўлов унинг бутун иш ҳақидан ҳисобланади, агар ошса – ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг суммадан ҳисобланади.
Мазкур ҳолда иш ҳақи (380 000 сўм) ЭКИҲнинг
4 бараваридан ошади, бинобарин, туман коэффициенти бўйича тўлов тўлиқ суммадан эмас, балки 318 360 сўмдан ҳисобланиб, 63 672 сўмни (318 360 х 20%) ташкил этади.
Ўриндош ходимнинг туман коэффициентини ҳисобга олган ҳолдаги иш ҳақи 443 672 сўмга (380 000 + 63 672) тенг.

Агар ички меҳнат тартибида ёки ташкилотнинг жамоавий шартномасида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошларнинг меҳнати учун рағбатлантириш ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

СОЛИҚЛАРНИ ЧЕГИРАМИЗ


Ўриндош ходимларнинг даромадларига Солиқ кодексининг (СК) 167–196-моддаларида белгиланган тартибда солиқ солинади. Ўриндошнинг жами даромади суммасидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини корхона – даромад тўлаш манбаи (солиқ агенти) йил бошидан ўсиб борувчи якун билан шкала бўйича ҳисоблайди ва ушлаб қолади. ЖШДС ҳисоблашда СК 179-моддаси 1-банди тўртинчи хатбошисида назарда тутилган имтиёз (бошқа ҳолларда – солиқ даври учун ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда тўланадиган моддий ёрдамга солиқ солинмаслиги ҳақидаги) ҳамда СКнинг 180-моддасида назарда тутилган жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқ бўйича барча имтиёзлар қўлланмайди.
Агар ўриндош ўриндошлик асосида ишлайдиган жойидаги бухгалтерияга ўз даромадидан жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни энг юқори ставкада ушлашни сўраб ариза берса, даромад тўловчи юридик шахслар имтиёзларни қўлламай энг юқори ставкада ЖШДС ушлайдилар. Ўриндошлик асосида ишлашдан олинган даромадлардан ЖШДСни ҳисоблашда инобатга олинмаган имтиёзларни ходим яшаш жойидаги солиқ инспекциясига жами йиллик даромад тўғрисида декларация топшириш чоғида қўллаши мумкин.
Солиқ агенти бўлган корхона бухгалтерияси солиқ даври (календарь йил) тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органларига даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида, асосий иш жойи бўйича даромадлар олган жисмоний шахслар бундан мустасно, белгиланган шаклда маълумотнома тақдим этиши шарт (СК 187-моддасининг 1-банди). Унда қуйидагилар акс эттирилади:
солиқ тўловчининг – жисмоний шахснинг идентификация рақами;
солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий яшаш жойи манзили;
ўтган солиқ даври якунлари бўйича даромадларнинг умумий суммаси ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган умумий суммаси;
солиқ агентининг идентификация рақами;
солиқ агентининг номи, жойлашган ери (почта манзили).
Ижтимоий бадаллар (6%) ижтимоий суғурта қилинадиган ўриндош ходимнинг барча даромадидан ушланади.
Ўриндошлик асосида ишловчилар, агар ушбу ходимлардан қонунга мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланса, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчилар сифатида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг мажбурий иштирокчилари ҳисобланадилар. Фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий бадаллари ходимнинг ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи (даромади) солиқ солинадиган суммасининг 1 фоизи миқдорида ҳисоблаб ёзилади, ушбу сумма жисмоний шахсларнинг даромадига қонунга мувофиқ ҳисоблаб ёзилган солиқ суммасидан тегишинча чегирилади (МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом).

ДАМ ОЛИШ ҲУҚУҚИ

Ўриндошлик асосида ишловчи ходимлар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда бериладиган, ҳақи тўланадиган ҳар йилги асосий, шунингдек қўшимча таътилларга чиқишга ҳақли (МКнинг 133, 143-моддалари; 297-сон Низомнинг 16-банди). Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади. Асосий иш жойи бўйича ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлигидан ортиқ бўлса, у ҳолда иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбурдир.
Агар ўриндошлик асосида ишлашнинг биринчи иш йилида ходим 6 ойдан кам ишлаган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги ишда таътил учун ишланган вақтга пропорционал ҳақ тўланади.
5-МИСОЛ. Ўриндош биринчи йил 4 ойу 17 кун ишлади. Жамоа шартномасига кўра унга 15 иш кунини ташкил этадиган асосий таътил берилиши керак. Асосий иш жойида ходимга 18 иш кунига таътил берилди.
Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади (МКнинг 141-моддаси).
Мазкур вазиятда ишланган вақтга мутаносиб равишдаги таътил муддати 6 кунни (15 / 12 х 5) ташкил этади. Тегишинча, ходим ўриндош сифатида ишлайдиган корхонада унга 18 иш кунига (асосий иш жойидаги таътил муддатига тенг равишда) таътил берилади, бироқ уларнинг 6 кунигагина ҳақ тўланади, 12 кунига эса ҳақ тўланмайдиган таътил расмийлаштирилади.

Биринчи иш йили 6 ой ишлаган ўриндошларга меҳнат таътили, шунингдек кейинги иш йиллари учун меҳнат таътили ҳақи ўриндошлик асосидаги ишга тўланган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб одатдаги тартибда тўланади.

6-МИСОЛ. Ўриндош биринчи йил 7 ойу 10 кун ишлади. Жамоа шартномасига кўра унга 15 иш кунини ташкил этадиган асосий таътил берилиши керак. Асосий иш жойида ходимга 18 иш кунига таътил берилди.
Ўриндош корхонада 6 ойдан кўп ишлагани сабабли ҳақи тўланадиган таътил ишланган вақтга пропорционал равишда эмас, балки тўлиқ ҳажмда берилади. Шу тариқа, ҳақи тўланадиган таътил 15 иш кунини ташкил этади, 3 кунга эса ҳақ тўланмайдиган таътил расмийлаштирилади.

Таътил пулини ҳисоблаш учун ходимнинг ўртача иш ҳақи асосий ва ўриндошлик асосидаги иши бўйича алоҳида ҳисобланади. Бунда ўртача иш ҳақини алоҳида ҳисоблаш тартиби ўртача иш ҳақи ҳисоблашни тақозо этадиган барча ҳолатларга татбиқ этилади.

7-МИСОЛ. 2012 йил 1 ноябрида бухгалтер билан кадрлар бўйича инспектор лавозимида ўриндошлик асосида ишлашга (ички ўриндошлик) меҳнат шарт­номаси тузилди.
2013 йил 1 февралдан унга асосий иш жойида навбатдаги таътил берилди. Асосий ишида унинг муддати 18 иш кунини, ўриндошлик асосидаги ишида 15 иш кунини ташкил этади. Ўриндошлик бўйича ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил кунлари берилди.
Ҳисоб-китоб қилиш кунида асосий иш жойидаги маоши 510 000 сўмни, аввалги 12 ой учун мукофотлар суммаси 2 500 000 сўмни ташкил этди. Ўриндошлик бўйича иш ҳақи – 200 000 сўм. Бундан ташқари, кадр­лар бўлимида ҳужжатларни тизимлаштирганлик учун мукофот – 300 000 сўм тўланган.
Ходим 18 иш куни давомида (2013 йил 1 февралидан 21 февралигача) таътилда бўлади. Асосий ишида бу кунларга тўлиқ ҳақ тўланади. Ўриндошлик бўйича ҳақ тўланадиган таътил муддати кадрлар бўйича инспектор лавозимида ишлаган вақтига пропорционал равишда ҳисобланади, чунки у ўриндош сифатида 6 ойдан кам ишлаган. Ишланган вақтга пропорционал равишда ҳисобланадиган таътил муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Ўриндошлик асосида 3 ой тўлиқ ишлангани боис (2012 йил ноябрь ва декабрь, 2013 йил январь ойлари) ўриндошлик бўйича фақат 4 иш кунига (15 / 12 х 3) ҳақ тўланади.
Ҳар бир лавозим бўйича таътил пуллари алоҳида ҳисобланади.
Асосий иш жойидаги таътил пули 509 055 сўмни (718 333 / 25,4 х 18 иш куни) ташкил этади, бунда 718 333 сўм (510 000 + 2 500 000 / 12) – ўртача ойлик иш ҳақи.
Ўриндошлик бўйича таътил пули – 47 244 сўм (300 000 / 25,4 х 4 иш куни), бунда 300 000 сўм (200 000 + 300 000 / 3) – ўртача ойлик иш ҳақи.
Умумий таътил пули – 556 299 сўм (509 055 + 47 244).

АГАР ХОДИМ КАСАЛ БЎЛИБ ҚОЛСА…


Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир (297-сон Низомнинг 18-банди). Ходим ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхасини тақдим этиши шарт. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномаларни бериш тартиби тўғрисида йўриқномага (АВ томонидан 19.01.2000 йилда 873-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳозирча ўзгартиришлар киритилмаганлиги муносабати билан ҳуқуқни қўллаш амалиётида меҳнатга лаёқатсизлик бюллетенидан нусха олинади ва ўриндошлик бўйича иш жойига тақдим этиш учун асосий иш жойида тасдиқланади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 49-бандига мувофиқ вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Нафақаларни ҳисоблашда асос қилиб олинадиган ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради. Меҳнатига вақтбай ҳақ тўланадиган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблашда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) бошланган кундаги ойлик маош ҳамда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олинган ва улар бўйича суғурта бадаллари тўланган ўртача ойлик тўловлар суммасининг 1/12 қисми олинади.
Агар ходим тўлиқ бўлмаган лавозим маоши олса, нафақа ҳақиқатда олинадиган маош қисмидан ҳисобланади.
297-сон Низомнинг 14-бандига мувофиқ ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик бўйича иш учун иш ҳақи алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
Шу тариқа, ўриндошга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ўриндошлик асосида ишлаётган жойида ҳисобланади.

8-МИСОЛ. 0,5 ставкада ишлайдиган меҳнатига вақтбай ҳақ тўланадиган ўриндошнинг лавозим маоши 2013 йил март ойида вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик бошланган кунда 300 000 сўмни ташкил этди. Ходим 2013 йилнинг 11 мартидан 15 мартигача (5 иш куни) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик таътилида бўлди. Ўтган 12 ой давомида (2012 йилнинг март ойи – 2013 йилнинг февраль ойи) унга ҳар ойда мукофот ҳисобланган бўлиб, унинг умумий суммаси 1 800 000 сўмни ташкил этган. Тайинланган нафақа миқдори – иш ҳақининг 80%и.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 450 000 сўмни (300 000 + 1 800 000 / 12) ташкил этади.
2013 йилнинг март ойида – жадвалга кўра 19 иш куни.
Ходимнинг ўртача кунлик иш ҳақи 23 684,2 сўмни (450 000 / 19) ташкил этади.
Бир кунлик нафақа миқдори 18 947,36 сўмни (23 684,2 х 0,8) ташкил этади.
Ҳисобланган нафақа суммаси – 94 736,8 сўм (18 947,36 х 5).

9-МИСОЛ. Ўриндош ходимага ҳомиладорлик ва туғиш бўйича вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақасига кўра 126 календарь кунга – 2013 йил 2 январдан 6 майгача таътил берилди. У бошланган кунда 2013 йил январь ойи учун 0,5 ставкага лавозим маоши 210 550 сўмни ташкил этган. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили (2012 йил январь-декабрь ойлари) бошланишидан аввалги 12 ойда ходимага чораклик мукофот – 421 100 сўм ҳисобланган, даволанишга моддий ёрдам – 400 000 сўм берилган.
Моддий ёрдамга суғурта бадаллари ҳисобланмайди, шу сабабли у ходиманинг ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 245 641,67 сўмни ­
(210 550 ­+ 421 100 / 12) ташкил этади.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаш учун ўртача кунлик иш ҳақи қуйидаги миқдорга тенг:
2013 йил январь ойи – 11 165,53 сўм (245 641,67 / 22);
2013 йил февраль ойи – 12 282,08 сўм (245 641,67 / 20);
2013 йил март ойи – 12 928,51 сўм (245 641,67 / 19);
2013 йил апрель ойи – 11 165,53 сўм (245 641,67 / 22);
2013 йил май ойи – 11 165,53 сўм (245 641,67 / 22).
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг ўртача ҳисобланган суммаси 1 027 228,8 сўмни (11 165,53 х 22 + 12 282,08 х 20 + 12 928,51 х 19 + 11 165,53 х
22 + 11 165,53 х 4) ташкил этади. У тўлиқ – солиқларни ушламасдан тўланади.

Меҳнатига ишбай ҳақ тўланадиган ходимларга нафақа вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бошланган ойнинг биринчи кунидан олдинги сўнгги календарь ойдаги ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдинги 12 ой даврида олинган ва улар бўйича суғурта бадаллари тўланган ушбу тўловларнинг 1/12 қисми сифатида ҳисобланган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасини иш ҳақига қўшиб ҳисобланади.
Нафақани ҳисоблаш учун ўртача кунлик иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақини иш ҳақи олинган даврдаги жадвал бўйича барча иш кунлари сонига бўлиш йўли билан аниқланади.

10-МИСОЛ. Меҳнатига ишбай ҳақ тўланадиган ходим 2013 йил 11 мартдан 15 мартгача (5 иш куни) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик таътилида бўлди.
Унинг 2013 йил февраль ойи учун ишбай иш ҳақи 225 500 сўмни ташкил этди. Олдинги 12 ой (2012 йил март-2013 йил февраль ойлари) учун ходимга суммаси 1 082 400 сўм бўлган ойлик мукофот ҳисобланган. Иш вақтидан ташқари иш учун 22 548 сўм ҳақ тўланган. Нафақа иш ҳақининг 60%и миқдорида тайинланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 317 579 сўмни (225 500 + (1 082 400 + 22 548) / 12) ташкил этади.
2013 йил февраль ойида жадвалга кўра 20 иш куни.
Ходимнинг ўртача кунлик иш ҳақи 15 878,95 сўмга (317 579 / 20) тенг.
Бир кунлик нафақа миқдори 9 527,37 сўмни (15 878,95 х 0,6) ташкил этади.
Ҳисобланган нафақа миқдори – 47 636,85 сўм (9 527,37 х 5).

11-МИСОЛ. Меҳнатига ишбай ҳақ тўланадиган ўриндош ходимага 126 календарь кунга (2013 йил
2 январдан 6 майгача) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилди.
Ходиманинг 2012 йил декабрь ойидаги ишбай иш ҳақи 255 000 сўмни ташкил этди. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили (2012 йил январь-декабрь ойлари) бошланишидан олдинги 12 ойда унга байрамларга мукофот – 1 420 000 сўм, йўл ҳақи учун компенсация – 720 000 сўм ҳисобланган.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 433 333,33 сўмни (255 000 + (1 420 000 + 720 000) / 12) ташкил этади.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаш учун ўртача кунлик иш ҳақи:
2013 йил январь ойи – 19 696,97 сўм (433 333,33 / 22);
2013 йил февраль ойи – 21 666,67 сўм (433 333,33 / 20);
2013 йил март ойи – 22 807,02 сўм (433 333,33 / 19);
2013 йил апрель ойи – 19 696,97 сўм (433 333,33 / 22);
2013 йил май ойи – 19 696,97 сўм (433 333,33 / 22).
Ҳисобланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси суммаси 1 812 121,3 сўмни (19 696,97 х 22 + 21 666,67 х 20 + 22 807,02 х 19 + 19 696,97 х 22 + 19 696,97 х 4) ташкил этиб, у солиқлар ушланмасдан тўлиқ тўланади.

Прочитано: 7578 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_Quote не найден.Ошибка: Xbb_Tags_Font не найден. Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2014-02-19 15:26:09, Гость_РНЦЭМП. Сурх. филиал:
Вопрос направлен в редакцию
Вопросы экономико-правовой тематики, связанные с деятельностью Вашей организации или личные, Вы можете задать:
1)    отправив электронное письмо в редакцию газет «Норма» и «НТВ» по адресам: gazeta@norma.uz; ntv@norma.uz;
2)    по телефону «Горячей линии» 200-00-59, если Вы являетесь пользователем информационно-поисковых систем «Norma», подписчиком газет «Налоговые и таможенные вести» и «Норма»;
3)    воспользовавшись сервисом «Мы отвечаем!» в интерфейсе программных продуктов «Norma».
2017-08-16 15:32:13, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика