Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 23 / Соғлиғингизга эътиборли бўлинг

Бемор бўлмай десангиз

Мамлакатимизда аҳолига сифатли даражада эндокринологик ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Республика эндокринология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида қандли диабет ва бошқа оғир касаллик­лар оқибатидаги қалқонсимон без, буйрак фаолиятидаги етишмовчилик, гипофиз касалликлари самарали тарзда даволанмоқда. Аҳолини йодланган туз билан таъминлаш қалқонсимон без касалликларининг олдини олишга ёрдам бермоқда. Шунга қарамай, йод етишмовчилиги оқибатларини даволаш эндокринологиянинг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бундай муаммога дуч келмаслик учун, биринчидан, қалқонсимон без иши бузилиши белгиларини яхши билиш, иккинчидан, бундай касалликнинг хавфи нимадан иборат эканлигидан воқиф бўлиш ва учинчидан, бундай касаллик яқинлашишига йўл қўймаслик зарур.

 

ҚАЛҚОНСИМОН БЕЗ ҚАЕРДА ЖОЙЛАШГАН ВА У ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?
Қалқонсимон безни юнончада glandula thyreoidea (тиреоидеа) дейилади. Шу боис унга тааллуқли тиббий атамаларда «тирео» ўзаги ишлатилади. Бундай без унча катта эмас, у бўйинда, шундоққина тери остида жойлашган бўлади. Бу нарса уни текширишни осонлаштиради. Қалқонсимон без бир-бири билан нозиккина кашак билан туташган иккита думалоқ қисмдан (улушдан) иборат бўлади.
Қалқонсимон безнинг асосий вазифаси одам организми ўсиши ва ривожланишини, тўқималар табақалашувини, модда алмашинуви жадаллигини тартибга солувчи тироксин, трийодтиронин ва бошқа гормонларни синтез қилишдан иборат. Мазкур аъзо фаолиятининг бузилиши базедов касаллиги, бўқоқ ва бошқа хасталикларни келтириб чиқаради.

ОДАМГА НЕГА ЙОД КЕРАК
Йод қалқонсимон без гормонларини синтез қилиш учун зарур микроэлементлар сирасига киради. Бундай модданинг организмга етарли миқдорда келиб тушмаслигининг асорати ҳамиша ҳам кўзга ташланавермайди. Шу сабабли ҳам йод етишмовчилигини «пинҳоний очлик» деб ҳам юритадилар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизига йод етишмовчилиги касалликларининг авж олиши таҳдид солмоқда, 40 миллиондан ортиқ киши мазкур микроэлемент етишмаслиги сабабли ақлий камолотдаги нуқсонликка мубтало.
Катта ёшли одамнинг йодга бўлган бир кеча-кундузлик талаб-эҳтиёжи 150-200, ҳомиладор ва эмизикли аёлларники эса 200-250 микрограммни ташкил этади. Одам бутун ҳаёти мобайнида бор-йўғи 3-5 грамм, яъни бир чой қошиқ йод истеъмол қилади. Аммо бу модданинг етишмовчилиги синтез рисоладагидек бўлишини ва қалқонсимон без шира (суюқ) гормон ишлаб чиқаришини таъминлашга қаратилган созланма жараёнлар силсиласини бузади. Мазкур микроэлементнинг етишмовчилиги узоқ чўзилган тақдирда, мослашув механизмига путур етади, қалқонсимон без фаолияти бузилади, йод етишмовчилиги касалликлари кучая боради.

ГИПОТИРЕОЗ
ДЕГАНЛАРИ НИМА?
Гипотиреоз деган сўз ҳам асли юнонча. У юқорида тилга олинган «тирео» ҳамда «hupo» (гипо) деган ўзаклардан ташкил топган бўлиб, пасайиш, камайиш ёки етишмовчилик деган маъноларни англатади. Шундай қилиб, гипотиреоз қалқонсимон без етарли миқдорда гормон ишлаб чиқармаслиги тарзида намоён бўладиган касалликдир. Гормонлар беистисно барча аъзолар, тўқималар ва ҳужайралар учун зарур эканлиги сабабли ҳам гипотиреозда ана шу аъзо, тўқима ва ҳужайраларда кўпдан-кўп бузилиш ҳоллари рўй беради, уларнинг белгилари эса бошқа касаллик аломатларига жуда-жуда ўхшаш бўлади.
Гипотиреоз минтақа жойлашувига қараб, катта ёшли кишиларнинг 1-10 фоизида учрайди. Бу касаллик хотин-қизларда 8-10 баравар кўп учраши кузатилмоқда. Касаллик таҳдиди ёш ошиши билан ортиб боради. Айрим мамлакатларда ёши олтмишдан улуғ кишилар ўртасида гипотиреознинг тарқалганлик даражаси 9-16 фоизга бормоқда.

ЙОД ЕТИШМОВЧИЛИГИНИНГ КЎП УЧРАЙДИГАН БЕЛГИЛАРИ
Гипотиреоз чоғида одам организмида барча алмашинув жараёнлари бузилади. Юрак фаолиятида, асаб ва жинсий тизимлар, ошқозон-ичак, буйрак ва жигар ишида ўзгаришлар бўлади. Гипотиреоз ҳар қандай аъзо ва тизим иши маромини бузиши мумкин. Гипотиреознинг «ўзини кўрсатиши» қуйидаги хусусиятларда намоён бўлади:
хусусиятлар мутлақо кўзга ташланмаслиги ҳам, ўта оғир, баъзан ҳаёт учун хатарли ҳолатлар юз бериши ҳам мумкин;
унинг белгиларидан амалда биронтасини ҳам мазкур касаллик учун хос деб бўлмайди. Гипотиреоз кўпинча бошқа касалликларга ўхшаб олади, натижада уни аниқлаш мушкуллик туғдиради. Оқибат-натижада кўпинча беморларга узоқ йиллар мобайнида бошқа ташхис (камқонлик, бепуштлик, ўт (сафро) чиқиш йўллари камчилиги) қўйилади. Ҳолбуки, аниқланган белгилар бевосита гипотиреоз билан боғланган бўлади;
кўпгина беморлар, айниқса қалқонсимон без етишмовчилиги сезилар-сезилмас бўлган беморлар умуман ҳеч нарсадан шикоят қилмайдилар.
Қалқонсимон без қандай ишлаётганлигини баҳолаш учун зарур бўлган, гипотиреозга хос энг кўп учрайдиган белгилар қуйидагилардан иборат: ҳолсизлик, чарчоқ, вазн ортиши, жунжукиш, совуққа чидамсизлик, иштаҳа йўқолиши, шиш, пешоб яхши келмаслиги, овоз бўғилиб хирқираши, мушак тортишиб, чангак бўлиб қолиши, тери қуруқшаб сарғимтир тус олиши, соч толаларининг мўртлашиши, камқонлик.
Бу касалликнинг асаб тизимига таъсири уйқуга тўймаслик, хотиранинг пасайиши, диққат-эътиборни бир жойга жамлаш тезлиги пасайиши, хаёлни жамлай олмаслик, эшитиш қийинлашиб, руҳий ҳолат бузилишида сезилади. Юрак уришининг сустлашиши, қон артериал босимининг пастки кўрсаткичи кўтарилиши, қонда холестерин даражаси ортиши сингари аломатлар юрак-қон томир тизимини текширишда гипотиреоз борлигидан далолат беради. Гипотиреоз ўт пуфагида тош тўпланиши, ўт йўлларининг торайиши, жигарда ферментлар даражаси кўтарилиши, сурункали қабзият ва бундай хасталикка мойиллик, шунингдек ҳайз кўриш туркумининг бузилиши, бепуштлик, эркакларда ихтилом бўлмаслиги, ўз-ўзидан ҳомиладорликнинг тўхтатилишига сабабчи бўлиши мумкин.

ГИПОТИРЕОЗ ЧОҒИДА ТУРМУШ ТАРЗИНИ ЎЗГАРТИРСА БЎЛАДИМИ?


Агар қалқонсимон без касалликлари муносабати билан муолажа олишингиз зарур бўлса, гипотиреоз чоғида турмуш тарзида бирон-бир чеклов қўллашга ҳожат йўқ. Одатдагидек овқатланишингиз, спортнинг хоҳлаган тури билан шуғулланишингиз мумкин. Бирон-бир иқлим ва фаолият тури сизга зид эмас.
Дорини вақтида ичинг-да, ҳаёт гаштини сураверинг.

 

Диққат!
ЭНДОКРИНОЛОГГА УЧРАШИШНИ ПАЙСАЛГА СОЛМАНГ
Агар сизда қуйидаги белгилар кўринган бўлса, қалқонсимон без фаолияти бузилган-бузилмаганлигини билиш учун текширишдан ўтиш зарур:
l тушунарсиз ҳолда вазн ошиши, парҳезга риоя қилиб, жисмоний машқларни вақтида бажараётган бўлсангиз ҳам тошингиз камаймаётганлиги;
l қабзиятга ёки ич келиши беқарорлигига мойиллик;
l жунжукиш, совуққа чидамсизлик (бошқалар ўзини яхши ҳис қилаётган бир ҳолатда сизга ҳамма вақт совуқ туюлиши);
l лоҳаслик, сусткашлик, тез чарчаш;
l хотиранинг пасайиши, диққат-эътиборни жамлашда қийналиш;
l руҳий ҳолатнинг бузилиши, қўрқувга тушиш;
l терининг қуруқшаб ва қўполлашиб қолиши;
l сочнинг кўп тўкилиши;
l овознинг пасайиши ва бесабаб ҳирқироқ бўлиб қолиши;
l пешобнинг вақтида келмаслиги, юзнинг керкиши;
l бўғимларнинг оғриғи кучайиб бориши;
l ҳайз кўриш туркумининг ҳар қандай кўринишдаги бузилиши;
l жинсий ҳирсиётнинг сусайиши;
l сут безларидан суюқлик келиши (эмизикли-эмизиксиз эканлигидан қатъи назар);
l бепуштлик;
l юқумли касалликларга мойиллик;
l ухлаётганда хуррак отиш;
l бўйиндаги ёқимсиз ҳиссиёт (томоқда нимадир тиқилгандек бўлиши);
l витилиго (терида доғлар пайдо бўлиши).

САВОЛЛАРИНГИЗГА ЭНДОКРИНОЛОГ ЖАВОБ БЕРАДИ

Гипотиреоздан даволанаётганда жисмоний машқ-юкларни чеклаш жоизми?
– Мабодо муолажа қилинаётганда гипотиреоз белгилари кўзга ташланмаса, жисмоний машқ-юклари, бошқа барча кишилар учун бўлгани каби, фойдалилигича қолаверади. Спортнинг исталган туридаги кўпгина рекордчилар гипотиреоз муносабати билан тироксин ичиб, кўплаб мукофотларни қўлга киритганликларини эслаш мумкин.

Гипотиреозга йўлиққан аёл ҳомиладорликни кўтара оладими?
– Бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этган бу муҳим саволга комил ишонч билан кўтара олади деб жавоб бериш мумкин. У йод етишмовчилигининг ўрнини тўлдириш, эндокринологдан вақтида маслаҳат олиб туриш, ҳомиладорлик асносида доимий назоратда бўлиш шартларига риоя қилса бўлди.

Менда гипотиреоз йўқ, аммо шундай касаллик­ларда учрайди дейилганига ўхшаш белгилар бор. Айтингчи, тиреоид гормон дорилари ҳолатимни яхшилаши мумкинми?
– Гипотиреознинг юқорида санаб ўтилган белги ва аломатларининг аксарияти бошқа хасталикка чалинганлардагина эмас, балки муайян даврларда соғлом кишиларда ҳам учрайди. Узоқ вақт мобайнида толиқиш, сурункали стресслар гипотиреоздагига ўхшаш белгиларни келтириб чиқаради. Қандайдир белгиларига қараб беморда гипотиреоз бор деб гумон қилинган аксарият ҳолларда гормонал текшириш чоғида бу гумонлар ўз тасдиғини топмайди.
Баъзан беморнинг шикоятлари гипотиреознинг клиник табиати, манзарасига мос келади. Гормонал текшириш гипотиреоз йўқлигини кўрсатиб турган бўлса ҳам, беморнинг илтижоларини эшитиб тироксин буюргинг келади. Аммо ҳеч қачон бундай қилмаслик керак!
Бу йўсин тайинланган муолажа аввалига беморда яхши натижалар бера бошлашини, бинобарин у ўзини яхши сезганлиги, куч-қувватга тўлганлиги, ҳатто вазни пасайганлиги ҳоллари ҳам учраб туришини шифокорлар яхши билишади. Бироқ бу йўсиндаги муолажа организмда тиреоид гормонлар ортиб кетганлиги оқибатидаги тиреотоксикознинг мураккабликлари билан хотима топади.

Қалқонсимон без касалликларига учраганда кўпчилик энг асосийси йодли дори ичиш деб ўйлайди. Ростдан ҳам шундайми?
– Йўқ, бундай эмас! Одамлар ўртасида қалқонсимон без касаллиги йод ёрдамида бартараф этиладиган хасталик деган нотўғри тасаввур шаклланган. Лекин қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши йод етишмовчилигининг асорати ҳам, йод ҳаддан ташқари ортиб кетганлиги оқибати ҳам бўлиши мумкин. Уларни даволаш йўллари эса бир-биридан фарқ қилади. Шу сабабли ҳам қалқонсимон без фаолиятида қандайдир ўзгариш сезсангиз, эндокринолог билан маслаҳатлашиб, фақат ШИФОКОРИНГИЗ ЁЗИБ БЕРГАН дорини ичинг.



Тиббиёт фанлари номзоди Нилуфар УБАЙДУЛЛАЕВА,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика эндокринология ихтисослаштирилган
илмий-амалий тиббиёт марказининг тиреоид патология бўлими.

Прочитано: 14825 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-10-27 10:16:21, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика