Корхонамиз ўзининг тегишли корпоратив карточкасига эга. Биз бу карточкадан фойдаланиб, якка тартибдаги тадбиркорлардан улгуржи бозорда хўжалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган товарлар, масалан, кир ювиш воситалари, челаклар, лампочка ва бошқа хўжалик молларини доимий равишда харид қилиб, балансга кирим қиламиз. Товарларни сотиб олганимизда бизга чек беришади, лекин бу товарлар бўйича юкхатларни олмаймиз. Мазкур ҳолда ҳисоб қандай юритилиши лозим бўлади, келгусида бизни ҳужжатли текширувдан ўтказишганда бош оғриқлар бўлмайдими?
Сардор Зиявутдинов,
бош бухгалтер.
Самарқанд шаҳри.
– Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланилган ҳолда товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китобларни ўтказиш тартиби белгиланган.
Низомнинг 7-бандига асосан корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларга ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади. Корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига ҳисобот тақдим этиши шарт.
Корпоратив банк картаси воситасида бошқа харажатлар учун тўловлар амалга оширилганда ҳисобот ҳужжатлари сифатида терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва «тўланди» муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар хизмат қилади (Низомнинг 9-банди).
Хўжалик эҳтиёжлари учун майда улгуржи тартибда товарлар учун корпоратив банк картаси воситасида тўлов амалга оширилганда, терминаллар квитанциялари асл нусхалари, унга илова қилинган товар счётлари ва қонунга мувофиқ бошқа ҳужжатлар ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади. Шу тариқа, ҳисобот ва харид далолатномасига терминалларнинг якка тартибдаги тадбиркорлардан олинган товар-моддий бойликлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқлайдиган чекларининг асл нусхалари илова қилинади.
Товар-моддий бойликлар якка тартибдаги тадбиркорлардан уларнинг ҳақи корпоратив карта бўйича тўланган ҳолда сотиб олинганда, агар терминал чекида харид қилинган мазкур бойликларнинг номи ва сони кўрсатилмаса, уларни кирим қилиш товар-моддий бойликларни харид қилиш далолатномаси (харид далолатномаси) бўйича расмийлаштирилади.
Далолатнома корхона раҳбари тайинлаган комиссия томонидан тузилади, у раис ва ходимлар жумласидан бўлган бир нечта аъзодан иборат бўлади. Далолатномада товарларнинг номи, уларнинг ўлчов бирликлари, сони, нархи ва унинг харидига сарфланган умумий сумма кўрсатилади. Мазкур сумма комиссиянинг қарорига асосан товар-моддий бойликлар хариди учун масъул бўлган корпоратив карта сақловчисининг ҳисоботидан ҳисобдан чиқарилади. Далолатномага комиссиянинг барча аъзолари имзо чекадилар ва у корхона раҳбари томонидан тасдиқланади.
Корпоратив карта орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс зиммасида бўлади.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.