Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 20 / Қонун ижодкорлари нималар устида ишлашмоқда

ҚОНУНГА ИТОАТКОРЛИКДА ГАП КЎП

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан киритилган қонун лойиҳаси мамлакатимиз парламентининг Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

 

Магистрал ва шаҳар коммунал тармоқларига ( нефть ва газ қувурларига ва водопроводларга, электр тармоқлари ва иссиқлик трассаларига) қонунга хилоф равишда уланиб олиш билан боғлиқ ҳолатлар (кўплаб) содир бўлаётганлиги мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишига сабаб бўлди. Ана шу коммуникацияларнинг барчаси мамлакатимиз ҳаётий фаолиятининг стратегик жиҳатдан муҳим объектлари бўлиб, рухсат этилмаган тарзда уланиб олиш билан улардан ресурслар ўғирлаш ва талон-торож қилиш қабиҳона ҳаракат бўлиб, аҳоли саломатлигига таҳдид солишидан ташқари давлат иқтисодиётига, атроф муҳитга зарар етказади.

 

Зотан бундай тажовузкорона ҳаракатлар одатда нефть сизиб атрофни булғатиши, газ ҳавога учиб кетиши, магистрал тармоққа шикаст етиши билан биргаликда кечади. Бошқача қилиб айтганда, ўзгалар мол-мулкини қасддан нобуд этиш ва экологияни бузиш ҳоллари содир бўлади. Маҳаллий миқёсдаги техноген фалокатларга, одамлар ҳаётига зомин бўладиган ҳалокатларга омил яратиб беради.

 

Масалани чуқур ўрганиш ва амалиётни таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, бундай жиноятларнинг аксарият қисми нефть ва газ қувурлари, электр тармоқлари ва бошқа коммуникацияларга эмин-эркин, беҳадик уланиб олиб фойдаланавериш оқибатида, қонунга хилоф тарзда қувурни қирқиб уланиб (улаб) олиш ҳолларини аниқлаш устидан назоратнинг ишончли ва замонавий тизими йўқлиги натижасида содир бўлмоқда. Коммуникация тармоқларининг бағоят узунлиги туфайли бундай қоидабузарликларни тезкорлик билан аниқлаш ҳам қийин.

 

Бу йўсиндаги ғайриқонуний қилмишларга нисбатан ҳу­қуқий чоралар етарлича ишланмаганлиги ҳам яққол сезилиб қолмоқда. Бундай жиноятлар амалдаги қонун ҳужжатларимизда Жиноят кодексининг 169-моддаси иккинчи қисми (анча миқдорда ўғирлик) ва 173-моддаси иккинчи қисми (ўзгалар мол-мулкига катта зарар етказган ҳолда қасддан шикаст етказиш) билан малакаланади. Бу ҳозирги кунда юқорида зикр этилган жиноятларнинг оғирлигига мутаносиб эмас. Чет эл мамлакатларининг ўрганиб чиқилган ҳуқуқни қўлланиш амалиёти шундан далолат берадики, бу йўсиндаги жиноятларга миллий қонун ҳужжатларимизда назарда тутилганидан анчагина қаттиқроқ жавобгарлик ва жазо белгиланмоқда.

 

Шу муносабат билан Жиноят кодекси 169-моддасининг учинчи қисмини нефть ва газ қувурларига рухсат берилмаган ҳолда уланиб олганлик учун янада қаттиқроқ жиноий жавобгарлик назарда тутилган 3-банд билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Шунингдек ҳуқуқий ихтилофдан холи бўлиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб, мазкур модда диспозицияси аниқлаштирилиши ва табиий газдан қонунга хилоф тарзда фойдаланишни чеклаш таъминланмоқда.

 

Парламент қуйи палатаси ушбу қонун лойиҳасини кўриб чиқишда Беларусь, Қозоғистон, Россия, Туркманистон ва Украина сингари хориж мамлакатларининг тажрибасини ҳам ўрганиб чиқди. Қонун ижодкорлари томонидан тайёрланган, чет эл ва миллий қонун ҳужжатлари қоидаларининг тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистонда қўлланиш мақбуллиги тўғрисидаги таклифларга асосланган таҳлилий-қиёсий жадваллари ҳам инобатга олинди.

 

Тўлқин ТУРСУНОВ,

Полянте СВЕШНИКОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари.

Прочитано: 2088 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика