Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 19 / Криминалист хотиралари

ФИРИБГАРЛИК ЎЗАНИДАГИ АБЖИРЛИК

Автомобиль агрегатларининг, хусусан кузов ва двигателининг тартиб рақамини жиноий мақсадда турли усуллар билан ўзгартириш ҳоллари оз эмас. Аммо давлат рўйхатга олиш номер белгилари билан лўттибозлик қилиш унча кўп учрамайдиган қилмишлар сирасига киради. Одатда жиноятчилар қалбаки номер белгиларини тайёрлаб қўя қоладилар. Амалиётимизда эса давлат номер белгиларидаги айрим рақам ёки ҳарф ўзгартирилганлиги билан боғлиқ воқеалар ҳам учраб қолади.

 

Экспертиза ўтказиш учун бизга қалбаки номер белгилари келиб тушганда уларни текшириш одатда унча мураккаблик туғдирмайди. Чунки қалбаки белгилар кўп ҳолларда завод технологиясига риоя этилмаган ҳолда тайёрланади. Баъзан шунчаки кўз ташлаш номер белгиси қалбаки деб хулоса чиқариш имконини беради. Хусусан, белги тунукаси ясси, хос бўртмаларсиз тайёрланган, ҳатто рақам ва ҳарфлари штамп ёрдамида туширилмаган, шунчаки бўяш йўли билан тайёрланган ҳоллар ҳам учрайди. Дарвоқе, қўпол тарзда тайёрланган қалбаки номер билан бир автомобиль анча вақтгача шаҳарда бемалол юраверган, негаки узоқроқдан қусур жилла кўзга ташланмас экан.

Бунчалик тўпори тарзда бўлмаса-да, ҳар қалай текшириш асносида ортиқча қийинчиликсиз аниқлаш мумкин бўлган қалбакиликлар ҳам учрайди. Уларда завод технологиясига риоя қилинмаган, ҳарфлар ва рақамларнинг қиёфаси ва ўлчами стандартларга номувофиқлик, қолаверса ишлаб чиқарган корхонанинг зарур хос белгилари қўйилмаган бўлади. Ҳатто баъзан бўёқ ранги бирмунча бошқачароқ, устига устак стандарт бўйича бўялмаган бўлади.

Диагностикага бўй бериши бағоят мушкул ҳоллар ҳам учраб туради. Эсимда, бир сафар текширилаётган битта енгил автомашинага тегишли иккита давлат номер белгисини экспертизага олиб келишди. Ташқи кўринишдан уларнинг асл нусха эканлигига шубҳа йўқ: тунукача рисоладагидек қилиб кесилган, бўртма белгиларнинг ҳаммаси штамп билан аниқ туширилган, стандартларга ҳам мос. Бўёғи ҳам бундай қараганда стандарт даражасида. Бунақа пайтларда кўздан кечириш ва бирламчи текширишнинг ўзи кифоя эмас. Зотан бу йўсиндаги ёндашув номер белгилари заводда ишлаб чиқарилганлигидан далолат беради.

Кимёвий дорилар (реактивлар) ёрдамида текшириш шуни кўрсатдики, рақам белгиларининг биринчи ярми билан иккинчи ярмидаги бўёқ бир-биридан фарқланади. Бу ҳол текширувдан ўтказилаётган, завод усули билан тайёрланган номер белгилари ўзгартирилган деб тахмин қилиш имконини берди.

Бир амаллаб бўёғи кетказилгач, ҳар иккала номер белгисида биттадан рақам ўзгартирилганлиги маълум бўлди. Тунуканинг ана шу жойлари ниҳоятда эҳтиёткорлик ва пухталик билан тўғриланиб, бошқа рақамлар туширилган, бинобарин шу йўл билан «6» рақами «4» рақамига ўзгартирилган. Қалбакилаштириш маҳорат билан адо этилган, ўзгартирилган рақамлар­нинг кўриниши ва ўлчамлари завод рақамларининг кўриниши ва ўлчамларига батамом мос. Хуллас, трассологик экспертизасиз рақамнинг қайта туширилганлик фактини аниқлаш мушкул. Лекин халқимиз топиб айтганидек, қинғир ишнинг қийиғи барибир чиқар экан.

Прочитано: 2426 раз(а)

Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика